Жамият | 19:00 / 26.06.2025
3943
6 дақиқада ўқилади

Сифатли чизиқ – хавфсиз ҳаёт. Ўзбекистон йўлларида “йўқолиб кетадиган” чизиқлар ҳақида

Ўзбекистонда йўлларда энг қисқа умр кўрадиган нарса нима деб ўйлайсиз? Асфалт эмас. Йўл чизиқлари. Тўғри, улар вақт ўтиши билан эскиради. Аммо айрим ҳолатларда йўл чизиқлари 1-2 ҳафта ичида йўқ бўлиб кетиши кўп кузатилади. Аммо бу ерда гап одам ҳаёти хавфсизлигига бориб тақалади.

Йўл чизиқлари ва белгилари — шаҳар инфратузилмасининг бир қисми эмас, балки инсон ҳаётига бевосита таъсир қилувчи хавфсизлик кафолати ҳисобланади. Аммо амалда уларга нисбатан бўлган муносабат кўп ҳолларда шунчаки “расмий топшириқни бажариш” даражасида қолмоқда.

Сифатли йўл чизиқлари:

·        тунда ва ёмғирли об-ҳавода кўринарли бўлиши керак;

·        тез тўкилиб кетмайдиган, узоқ муддат сақланадиган материаллардан тайёрланиши шарт;

·        ҳарорат ўзгаришига чидамли, ҳаракат тезлигига мос таркибда бўлиши талаб этилади.

Сифатли йўл белгилари эса:

·        нур қайтарувчанлиги юқори бўлиши,

·        ҳаво таъсирида шакли ва рангини йўқотмаслиги

·        ва энг муҳими жаҳон стандартларига жавоб бериши лозим.

Бироқ кузатувлар шундан далолат берадики, айрим ҳудудларда белгилар бир неча ойда занглаб, чизиқлар эса бир неча ҳафтада изсиз йўқолиб кетмоқда. Бу — фақат молиявий зарар эмас, балки одам ҳаётига хавф туғдирадиган жавобгарликдир.

Аслида бошқа мамлакатларда йўл чизиқлари 6 ойдан 2 йилгача хизмат қилади. Бизда эса баъзи ҳолларда 1 ой ҳам чидамайди. Нега? Жавоб оддий: сифати паст ва арзон материаллар. Хўш, ўзи бу чизиқларнинг сифати қандай бўлиши керак?

Kun.uz бу саволга жавоб топиш мақсадида Тошкент вилоятида жойлашган AVTOROAD BELGI MARKERING бўёқ ишлаб чиқарувчи корхонада бўлди. “Avtobelgi Road Marking” МЧЖ қўшма корхонаси бош муҳандиси Алишер Узоқов ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати ҳақида маълумот берди.

“Йўл чизиқлари экологик тоза маҳсулотлардан, яъни жуда қатъий ёмон таъсир кўрсатадиган маҳсулотлардан ишлаб чиқарилмайди. Улар кейинчалик чириш, адгезияга учраш ва ҳавода парчаланиб йўқ бўлиб кетиши хусусиятларига эга бўлиши керак. Ва уларни экологияга зарари йўқ деб ҳисобласа бўлади.

Бу бўёқларни ишлаб чиқиш жараёни 3 босқич: маҳсулотларни тайёрлаш, тайёр маҳсулотларни маълум ҳажмдаги идишга солиб, керакли температурада қадоқлашдан иборат. Маҳсулотларимиз интенсивлик даражасига қараб 6 ойдан 1 йилгача муддатда хизмат кўрсатиб беради. Бу бизнинг маҳаллий ва жаҳон стандартларига мос келади.

Ишлаб чиқариш жараёнида ҳар бир партия маҳсулотни ўзимизнинг аккредитациядан ўтган лабораторияда тегишли нормаларда текшириб ўтамиз. Савдо бўйича ISO сертификат ҳамда сифат бўйича АйТек сертификати мавжуд. Бу сертификат дунёнинг 3 та мамлакатида аккредитациядан ўтган лабораториялар томонидан берилади. Яъни Испания, Германия ва АҚШда.

Биз бўёқларимизни маҳаллийлаштиришга ҳаракат қилганмиз. Чунки йилдан йилга тирбандликлар кўп, йўлларни тўлақонли ёпиш имконияти жуда кам. Шунинг учун максимал даражада тезроқ қуришини таъминлаш мақсадида компонентларимизни шунга мослаб, иссиқ пайтларда 10-15 дақиқа, совуқ вақтларда 20 дақиқада қурийди”.

Чизилган йўл чизиқлари шунчаки белги эмас, инсон ҳаёти учун хавф туғдирувчи омил бўлиши ҳеч гап эмас. Унинг сифати эса бу хавфнинг даражасини белгилайди. Kun.uz мухбири пойтахт кўчаларида чизилган йўл чизиқларининг сифатини текшириш мақсадида мутахассислар билан биргаликда рейдда иштирок этди. “Avtobelgi Road Marking” МЧЖ қўшма корхонаси бош лаборанти Ғиёс Тошназаров белгининг нур қайтариш коэффициенти ҳақида маълумот берди:

“Ҳозир нур қайтариш коэффициенти 420, нурнинг қайтиш коэффициенти (оқлик даражаси) 265 ни кўрсатиб турибди. Миллий стандарт бўйича 562 бўлса, нур қайтариш эса 300 бўлиши керак. Бизда эса бу кўрсаткич 420 ни ташкил қиляпти. Демак, бу йўл чизиқлари стандартларга жавоб беради”, - дейди у.

“Avtobelgi Road Marking” корхонаси фақатгина бўёқ маҳсулотлари эмас, йўл белгилари ҳам ишлаб чиқаради. Рейд давомида ушбу йўл белгиларининг ҳам сифат даражаси текширувдан ўтказилди.

Йўл чизиқлари ва белгиларида фойдаланиладиган хомашё — маҳсулотнинг хизмат муддати ва самарадорлигини белгилайдиган энг муҳим омиллардан биридир. Сифати паст, арзон бўёқ ва материаллар қўлланилган тақдирда, белгилар тез тўкилиб кетади, нур қайтармаслик хусусиятини йўқотади ва натижада йўлдаги ҳаракат хавфсизлиги йўқолади.

Шу сабабли, бу соҳада узоқ муддат сақланадиган, иқлимга ва юкламаларга чидамли, жаҳон стандартларига мос хомашёлардан фойдаланиш на фақат сифат мезони, балки жамоат хавфсизлиги талаби сифатида қаралиши шарт.

Ҳар бир чизиқ — бу ҳайдовчига йўлни кўрсатадиган йўриқ, ҳар бир белги эса инсон ҳаётини ҳимоя қилувчи огоҳлантирувчи восита. Улар вақтинчалик эмас, узоқни кўзлаб, пухта хисоб-китоб билан тайёрланиши керак. Бунинг замирида эса фақат бир талаб бор — сифатдан тамоман чекинмаслик.

Маълумот учун: AVTOROAD BELGI MARKERING Австриянинг Суворовский ҳолдинги ва Ўзавтойўлбелги давлат унитар корхонаси билан ҳамкорликда ташкил қилинган қўшма корхона саналади. Суворовский ҳолдинги дунё миқёсида бу маҳсулотлар бўйича ТОП-5 ликка киради. Қўшма корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотлар жаҳон стандартларига тўлақонли жавоб беради.

Мавзуга оид