Жамият | 16:22 / 31.05.2025
2097
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 17 болани олиб кетаётган Damas аниқланди

Қоидабузар ҳайдовчига чора кўрилди.

Фото: Видеодан кадр

Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманида Damas русумли автомобиль ЙПХ ходими томонидан тўхтатилиб, текширилганда ичида вояга етмаган 17 нафар бола хавфсизлик қоидаларига зид равишда ташилаётгани аниқланди.

«Болаларни уйга олиб бориб қўйинг, илтимос дейишгани учун олиб кетгандим. Қилган ишимдан пушаймонман. Ҳурматли юртдошлар, эҳтиёт бўлинглар. Йўл ҳаракати қоидаларига риоя этинг», деди ҳайдовчи ҳолатга изоҳ бераркан.

Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, 12 ёшга тўлмаган болаларни махсус ушлаб турувчи қурилма ўрнатилмаган транспорт воситасининг олд ўриндиғида ташиш тақиқланади. Шунингдек, ташилаётган йўловчилар сони транспорт воситасининг техник тавсифномасида кўзда тутилган миқдордан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ҳолат бўйича ҳайдовчига нисбатан ҳуқуқий чора кўрилгани таъкидланмоқда.

Ўзбекистонда болаларни Damas автомобилида ноқонуний ташиш ҳолати мунтазам равишда аниқланади. Аввалроқ, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида Damas машинасида 32 нафар бола олиб кетилаётгани аниқланган эди.

Мавзуга оид

Эълонлар