Пойтахт бош режаси интерактив харитада: унда нималар акс этган?
Қурилиш вазирлиги сайтида Тошкент бош режасининг онлайн интерактив харитаси ишлай бошлади. Хўш, харитада шаҳарнинг турли рангларга ажратилгани нимани англатади? Бу орқали энди бузилишга тушган ёки тушадиган уйларни ҳам текширса бўладими? Шаҳарда йўллар кенгайтириладими? Пойтахт қурилиш бошқармаси бошлиғи Kun.uz билан суҳбатда шу каби саволларга жавоб берди.

Тошкент шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал бошқармаси бошлиғи в.в.б. Азиз Худойназаровнинг айтишича, харита бутун шаҳарда бузилиши кўзда тутилган биноларни текшириш имкониятини бермайди. Фақатгина келгусида айрим кўчаларни кенгайтириш лойиҳалари доирасига тушиши мумкин бўлган объектларни белгилайди.
Харитада йўллар қизил рангда белгиланган. Лекин ҳозирда йўл мавжуд бўлмаган жойлардан ҳам қизил линия ўтгани, бир қатор кўчаларда эса қизил линиянинг қалинлиги ҳозирги кўчанинг мавжуд энидан кенгроқлиги, қизил линия йўл ёқасидаги бино-иншоотларнинг айрим қисмларини ҳам қамраб олганини кўриш мумкин.
Азиз Худойназарга кўра, бу – келгуси 45 йилда зарурат туғилганда кўчаларни кенгайтиришга қарор қилиниши мумкинлигини англатади. Бу – тирбандликларни камайтириш мақсади билан боғлиқ. Шу билан бирга, бошқарма бошлиғига кўра, гап фақат автомобиллар учун қатнов қисмини кенгайтириш ҳақида кетмаяпти: бутун бир кўчанинг эҳтимолий кенгайиши – пиёдалар ва велосипед йўлаклари, йўллар ёқасида яшил зоналар, йўлбўйи автомобил тўхташ жойлари ташкил этишни ҳам назарда тутади.
Ҳозир иккинчи ва учинчи даражали кўчаларнинг торлиги бундай инфратузилмани яратишга имкон бермайди. Қолаверса, айрим жойларда бинолар ва автомобил қатнов қисми ўртасида масофа жуда яқин бўлиб қолгани сабаб, бундай кўчаларда коммуникация тармоқларини ўтказиш ҳам қийин.
“Қизил чизиқлар коммуникация тармоқлари учун коридорларни ҳам ташкил қилиб беради ва келгусида аҳолимизнинг енгил, яхши ҳаракатланиши учун пиёдалар йўлаги, велосипедлар йўлаги ва автотураргоҳлар ташкил этиш имкониятини беради”, – деди пойтахт қурилиш бошқармаси раҳбари.
Унинг урғулашича, кўчаларнинг юқорида таърифланганидек эҳтимолий кенгайиши ҳақида гап кетаётганда, марказий кўчалар эмас, айнан шу иккинчи ва учинчи даражали кўчалар назарда тутиляпти.
“Аҳолининг 45 йилга кўпайиши, умумий талаблар ошишидан келиб чиқиб, биз лойиҳавий кўчаларни киритганмиз. Агар ривожланиш шу бош режа асосида кетадиган бўлса, келгусида барибир бизда янги лойиҳаларни очишга эҳтиёж пайдо бўлади. Ўшанда ҳам тасдиқланган мастер режалар ишлаб чиқилади ва у, албатта, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқлансагина амалга оширилади”, – деди бошқарма бошлиғи в.в.б.
Шу тариқа, йўлларни кенгайтиришга қарор қилинган тақдирда ҳам, бу бўйича алоҳида ҳужжатлар қабул қилинади, аҳолини хабардор қилиш ва компенсация каби масалалар ана шу ҳужжатларда кўзда тутилиб, қонунчилик доирасида амалга оширилади.
Харитадаги ранглар нимани англатади?
Азиз Худойназарнинг сўзларига кўра, харитада:
- оч яшил – консервация зоналари: боғча, мактаб, шифохона, спорт объектлари;
- тўқ яшил – консервация зоналари: яшил ҳудудлар, каналлар ва темирйўллар атрофидаги муҳофаза зоналари;
- оч пушти – реконструкция зоналари: турар жойлар;
- сиёҳранг – реновация зоналари: савдо ва кўнгилочар масканлар, тижорат объектлари (нотурар бинолар);
- сабзиранг – реконструкция ва реновация зоналари: турар жойлар;
- оч жигарранг – реконструкция зоналари
- тўқ пушти – реновация зоналари: Сергели, Янгиҳаёт ва Янги Тошкентдаги янги ташкил этилаётган, ривожланиш ҳудудлари.
Харитада ҳар бир зонанинг устига босиб, зонанинг стратегия ишлари тури, функция тури, қаватлилик ва бошқа маълумотларни кўриш мумкин.
Бош режани тасдиқлаш тўғрисидаги ҳукумат қарорига асосан, консервация зоналари – шаҳарнинг экологик ва санитария ҳолатини шунингдек, маданий-маърифий ва ижтимоий шароитларни яхшилашга қаратилган бўлиб, яшил ҳудудлар, сув ва йўлбўйи ҳимоя ҳудудлари ҳамда маданий мерос майдонларини ўз ичига олади, улар муҳофаза қилинади ва ушбу ҳудудларда қўшимча турар ва нотурар бино ҳамда иншоотлар қурилиши тақиқланади;
Реконструкция зоналари:
- шаклланган ҳудудларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан зарурати бўлганда, жамоатчилик фикри асосида реконструкция ишлари амалга оширилишига рухсат этилади. Бунда шаклланган ҳудудларга қурилиши сўнгги 5 йилда тугалланган ва аҳоли учун истиқомат қилиш муҳити тўлиқ яратилган ҳудудлар ҳамда бугунги кунда такомиллаштиришга эҳтиёжи йўқ ҳудудлар киради;
- такомиллаштириш талаб этиладиган ҳудудларда аҳоли зичлиги сақлаб қолинади. Ҳудуднинг дизайн кодлари ишлаб чиқилиб, ташқи кўриниши замонавийлаштирилади, жамоат жойлари ва очиқ майдонлар ободонлаштирилади ҳамда қўшимча ижтимоий ва инфратузилма объектлари қурилишига рухсат этилади;
- зичлаштириш талаб этиладиган ҳудудларда шаҳар муҳитининг сифати таъминланган ижтимоий-иқтисодий ҳолатни янада яхшилаш учун талаб ва инфратузилмаларни инобатга олган ҳолда, ҳудудларни зичлаштириш ёки қисман зичлаштириш йўли билан кўп қаватли бино ва иншоотлар қуришга рухсат этилади.
Реновация зоналари:
- қайта шакллантириладиган ҳудудда (бўш ерлар, саноат ҳудудлари, кам қаватли уйлар) фойдаланиш учун яроқсиз, шаҳар экологик муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи, зилзилабардошлилик талабларига жавоб бермайдиган бино ва иншоотлар бартараф этилиб, бўшатилган ҳудуд комплекс мастер-режалар ва батафсил режалаштириш лойиҳалари асосида янги функциялар билан қайта қуришга рухсат этилади;
- кенгайтириладиган ҳудудда янги ер майдонлари тасдиқланган бош режага асосан бино ва иншоотлар қурилиши учун ўзлаштирилади. Бунда мазкур ҳудуд ва илгари шаклланган ҳудудлар орасидаги тафовут босқичма-босқич қисқартириб борилади ҳамда улар ўзаро уйғунлаштирилади.
Тошкент шаҳрида умумий ҳисобда 836 км узунликда йўллар мавжуд бўлиб, Бош режа доирасида қўшимча 647 км янги йўллар қуриш ва мавжуд 140 км йўлларни кенгайтириш кўзда тутилган.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тавсия этамиз
Исроил–Эрон урушининг Марказий Осиё учун геосиёсий мезонлари қандай?
Жаҳон | 22:13 / 18.06.2025
Клублар ўртасидаги ЖЧда кўпчиликка нотаниш бўлган 11 истеъдод. Кимлар турнир кашфиёти бўлиши мумкин?
Спорт | 20:34 / 18.06.2025
Яна юзлаб одам алданган: Alfa va Baraka avtolizing судидан репортаж
Жамият | 11:25 / 18.06.2025
Исроил эронликлар тузумга қарши исён кўтаришига умид қилмоқда. Бунинг эҳтимоли борми?
Жаҳон | 20:00 / 17.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ўзбекистон фуқаролари Исроил ва Эронга сафар қилишдан тийилишга чақирилди
Ўзбекистон | 14:35
-
Ҳафта бошида ҳарорат +44 даражагача кўтарилади
Ўзбекистон | 14:28
-
Мисрдан Тошкентга гепатитга қарши дорининг навбатдаги партияси олиб келинди
Ўзбекистон | 14:11
-
Яман ҳусийлари Қизил денгиздаги АҚШ кемаларига ҳужумлар уюштириш ниятида
Жаҳон | 14:08
Мавзуга оид

08:03
Катта АЭС битими, Фарғонадаги “маска-шоу” ва қулаётган доллар — ҳафта дайжести

17:43 / 21.06.2025
Тошкентда бош режага зид учта йирик лойиҳа тақдим этилди

21:02 / 19.06.2025
11 ёшли қизни мунтазам зўрлаб келган педофил узоқ муддатга қамалди

18:13 / 19.06.2025