Жаҳон | 21:34 / 20.06.2025
22794
4 дақиқада ўқилади

«Рус аскари қадами етган жойлар бизники» - Путин халқаро форумда нутқ сўзлади

Россия президенти Владимир Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида (ПМЭФ) нутқ сўзлаб, дунёдаги сўнгги воқеалар юзасидан баёнот берди. Жумладан, Украина ҳақидаги, Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро ҳақидаги фикрларини айтди.

Фото: РИА Новости

Унинг нутқидан РБК нашри иқтибослар келтирди.

Украина ҳақида

- Мен рус ва украин халқларини ҳақиқатда ягона халқ деб билишимни кўп марта айтганман. Шу маънода бутун Украина бизники, деди Путин Россия армияси қаергача бориши мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан. - Лекин биз шаклланаётган воқеликлардан келиб чиқамиз. Албатта, қўшни давлатда шундай одамлар бор, улар оз эмас, улар ўз суверенитетини, мустақиллигини таъминлашга интилади. Саломат бўлишсин. Ва биз Украина халқининг мустақиллик ва суверенитет ҳуқуқи борлигига ҳеч қачон шубҳа қилмаганмиз.

- Ҳарбий ҳаракатларнинг маълум бир мантиғи содир бўлмоқда ва қўшинлар турли ҳудудларни эгалламоқда. Бизда эски қоида бор – рус аскарининг қадами етган жой бизники.

- Биз Украинанинг таслим бўлишини талаб қилмаймиз. Биз жойларда юзага келган воқеликни тан олишни талаб қиламиз.

- Бизда Сумини ишғол қилиш вазифаси йўқ, лекин мен буни истисно қилмайман. Шу билан бирга Путин Россия Суми вилоятида яратмоқчи бўлган «хавфсизлик зонаси» узунлиги чегарадан 10-12 км узоқликда бўлишини истисно қилмади.

- Шу билан бирга, Украинанинг мустақил ва суверен бўлишининг асослари 1991 йилги Украина мустақиллиги тўғрисидаги декларацияда кўрсатилган бўлиб, унда Украина блокларга қўшилмаган, ядросиз, нейтрал давлат экани аниқ ёзилган. Бу фундаментал қадриятларга қайтилса яхши бўларди.

Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро ҳақида

Россия президенти Эрон олий раҳбари Али Хоминаийни йўқ қилиш имконияти ҳақидаги барча гаплар риторик даражада қолишини маъқул кўришини айтди.

«Россия ҳар доим ҳар бир мамлакатнинг хавфсизлиги бошқа мамлакат хавфсизлигига раҳна солмаслиги кераклигини таъкидлаб келган», деб қўшимча қилди у.

- Россия Исроил ва Эрон билан алоқада, лекин воситачилик қилишга интилмайди, балки можарони ҳал қилиш ғояларини таклиф қилади, деди Путин. Сиёсий ечим борлиги ҳақида сўралганда, у шундай жавоб берди: «Бундай ҳолларда, бу жараёнга зарар бермаслик учун шошилмаган яхшироқ. Лекин фикримча, бундай ечимлар мавжуд». Путин Россиянинг Исроил ва Эрон ўртасидаги можарони ҳал қилиш бўйича ғоялари амалга ошишини жуда хоҳлашини айтди. Бироқ, бу ғоялар нима эканига аниқлик киритмади.

Армия ва ҳарбий-саноат комплекси ҳақида

- Россия Қуролли Кучларининг жанговар қобилиятини ошириш, ҳарбий инфратузилма объектларини модернизация қилиш, уларни амалиётда, жанговар шароитларда самарадорлигини исботловчи энг янги технологиялар, қурол-яроғ ва техникалар билан жиҳозлаш учун янги технологик базадан фойдаланамиз.

Унинг сўзларига кўра, Россия «компанияларни соф мудофаа-саноат ва фақат фуқаролик сегментида фаолият юритувчи корхоналарга ажратиш»дан воз кечиши керак. «Имконият бўлса, мудофаа-саноат комплексини фуқаролик секторига интеграциялаш ва икки мақсадли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ҳаракат қилишимиз керак», деб қўшимча қилди Путин.

Россия дўстона давлатлар билан ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантиради, жумладан, қўшма лойиҳалар, кадрлар тайёрлаш, корхоналар ва тайёр ишлаб чиқариш қувватларини яратиш мақсадида, деди Путин.

Мавзуга оид