Иқтисодиёт | 20:58 / 15.07.2025
11892
1 дақиқада ўқилади

Биржада Аи-80 бензини нархи тарихий максимумга етди

Нарх бир йилда 15 фоизга, охирги икки йилда эса 1,5 баробарга кўтарилди.

Очиқ манбалардан олинган сурат

14 июл, душанба куни Товар-хомашё биржасидаги савдоларда Аи-80 маркали бензин нархи тоннасига ўртача 10 млн 274 минг сўмгача кўтарилди. Бу – рекорд кўрсаткич саналади.

Ўртача нарх аввалги савдо кунига қараганда 282 минг сўмга қиммат бўлди. Сотилган ҳажм 1650 тоннани ташкил этди.

Бундан аввалги рекорд 10 июл кунги савдоларда ўрнатилган: ўшанда ҳам 1650 тонна Аи-80 бензини сотилиб, ўртача нарх 10 млн 195 минг сўмга тенг бўлганди.

11 июлда эса биржада ноодатий равишда кўп: 11 730 тонна Аи-80 бензини сотилди ва ўртача нарх 203 минг сўмга арзонлашиб, 9 млн 992 минг сўмгача тушганди.

14 июл кунги ўртача нарх (10 млн 274 минг сўм) – бир йил олдингидан 15 фоизга, икки йил олдингидан 47 фоизга юқори.

Бу рақамлар Аи-80 бензини нархи Ўзбекистондаги расмий инфляциядан бир неча баробар юқори ўсаётганини кўрсатади.

Мавзуга оид