Жаҳон | 18:33 / 18.06.2025
5535
2 дақиқада ўқилади

Хитой Марказий Осиё мамлакатларига 209 миллион доллар маблағни беғараз ажратади

Маблағ ривожланиш бўйича муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун сарфланади.

Фото: akorda.kz

2025 йилда Хитой Марказий Осиё давлатларига 1,5 миллиард юан (209 миллион доллар) беғараз ёрдам беради. Бу ҳақда Хитой раиси Си Жинпинг «Хитой-Марказий Осиё» иккинчи саммитида маълум қилди.

«Бу йил биз Марказий Осиё мамлакатларига аҳоли фаровонлигини ошириш ва ўз ривожланишига кўмаклашиш бўйича муҳим лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 1,5 миллиард юан миқдорида бепул грант ажратишга тайёрмиз», деди Си Жинпинг.

Унинг сўзларига кўра, Хитой-Марказий Осиё формати доирасида Хитой қашшоқликдан халос бўлиш маркази, таълим соҳасида алмашинув ва ҳамкорлик маркази, чўлланишга қарши кураш маркази, шунингдек, савдо учун қулай шарт-шароитлар яратиш платформасини ташкил этишга қарор қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Хитойнинг Сиан шаҳрида бўлиб ўтган биринчи саммит чоғида Си Жинпинг Марказий Осиё мамлакатларига 26 миллиард юан (тахминан 3,72 миллиард доллар) миқдорида беғараз ёрдам ажратилишини эълон қилган эди.

Иккинчи саммит 2025 йил 17 июн куни Остона шаҳрида бўлиб ўтди. Унда Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этди.

Мавзуга оид