Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Транспорт вазири гапи ҳукумат қарорини тўхтатиб қўя оладими? —таксичилар исталган ҳудудда ишлаш эркинлиги чекланганича қолмоқда
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «чеклов йўқлиги, қарор нотўғри талқин қилингани»ни айтган бўлса-да, таксичилик фаолиятини ҳудуд бўйича чеклашга оид норматив ҳужжат ўз кучида турибди. Kun.uz муҳокамалар марказида турган мавзуни экспертлар билан таҳлил қилди. Улар ҳукумат қарорининг мазкур банди ижобий оқибатлар олиб келмаслиги, ишсизлар сони ошиб, такси нархлари кўтарилиб кетишига сабаб бўлишини таъкидлади. Экспертлар бу норма бекор қилинишидан умидвор.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов таксичиларнинг лицензияга ўзлари хоҳлаган ҳудудни кўрсатиш ҳуқуқи бекор қилинмаганини айтган бўлса-да, ҳукумат қарори билан қабул қилинган тегишли низомнинг 14-бандида бунинг акси таъкидланмоқда.
Яъни такси ҳайдовчиларига бериладиган лицензия варағидаги ҳудуд автотранспорт воситасига берилган давлат рақами белгиларининг ҳудудий кодларидан келиб чиқиб аниқланади.
Шундай экан, вазир нима сабаб журналистлар билан ёпиқ йиғилишда бундай баёнот берди? Юқори мансаб эгасининг бу гапи қарордан устун бўла оладими? Бу нормага эҳтиёж бормиди ўзи? Энди воқеалар фонида кейинги картина қандай бўлади?
Kun.uz шу кунларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзу атрофида суҳбат уюштирди. Унда иқтисодчи Отабек Бакиров, ҳуқуқшунослар Жавоншер Рустамов ҳамда Комила Абдуллаева иштирок этди. Қуйида суҳбатдан қисқача шарҳ келтирилади.
Маълумот учун, Kun.uz суҳбатга Транспорт вазирлигидан ҳам расмийларни чақиришга уриниб, матбуот хизматига бир неча маротаба сўров жўнатди. Аммо вазирлик сўровларимизни эътиборсиз қолдирди.
“Бу қандайдир симметрияга эга бўлган маълумотлар билан чалғитишга ўхшайди” – Отабек Бакиров
Дастлаб иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров мавзу тармоқларда резонанс бериб юборгач, 3 кун давомида масъулларнинг сукут сақлагани ва шу фонда жамоатчилик билан мулоқотга ёпиқ форматда киришилганига эътибор қаратди.
“Ўзи ёпиқ учрашув нима учун кераклигини ҳам унча тушунмадим, бу қандай формат ўзи, агар ҳаммаси жойида бўладиган бўлса, нима учун ёпиқ учрашув ташкил қилинди ўзи – деган саволлар ҳам туғилади. Ундан аввал 11 июн куни [Транспорт вазирлиги] матбуот котиби нима учун бундай изоҳ берган деган саволлар ҳам туғилади-да.
Яъни орадан ўртача 3 сутка вақт ўтяпти-да, 3 сутка давомида Транспорт вазирлиги бирор бир изоҳ бераётгани йўқ. Бу вақт оралиғида Ўзбекистон Парламентининг парламент фракциясига эга бўлган иккита партияси эътироз билдиряпти, жамоатчилик эътироз билдиряпти, сукут сақланяпти. Тўғрими?
Агар ҳаммаси жойида бўлса, жамоатчилик нотўғри талқин қилаётган бўлса, нима учун сукут сақланди, деган савол ҳам туғилади. Одамларнинг фикрини, эътирозини, норозилигини уйғотишга нима учун 3 кун давомида йўл қўйиб берилди?
Бу қандайдир симметрияга эга бўлган маълумотлар билан чалғитишга ўхшайди. Чунки бу тўғрисидаги қарор муҳокама қилинаётгани, лойиҳа муҳокама қилинаётгани ҳақида 2024 йил баҳорда маълум эди”, – деди Бакиров.
Унинг қўшимча қилишича, айни норма назарда тутилган қарор лойиҳаси ўтган йили апрел ойида ўзаро ёпиқ кабинетларда келишилаётгани аниқ бўлган.
Иқтисодчи вазир иштирокида ўтган ёпиқ учрашувда айтилган гаплар умуман маъно-мазмунига кўра ғалати ва тушунарсиз бўлганини айтди ва ҳукумат ўз қарорини оғзаки гап билан бошқача талқин қилиш мумкинлиги даражасига етганига таассуфланди.
“Қарор бўйича жамоатчилик томонидан талаб ёки қўллаб-қувватлаш йўқ” – Жавоншер Рустамов
Ҳуқуқшунос Жавоншер Рустамов эса муҳокамали норма кўрсатилган қарор нима сабаб одамлар муҳокамасидан ўтмагани ҳақида гапирди.
Унинг фикрича, сиёсий тизимда кирган маълумот қарор бўлиб чиқиши керак. Аммо бу ҳолатда жамоатчилик ҳужжатни тасдиқламаган, Рустамов бу ҳолатни “фақат чиққан маълумотни таҳлил қиляпмиз” деб атади.
“200-сонли қарор бўйича жамоатчилик томонидан талаб ёки қўллаб-қувватлаш йўқ. Биз ҳозир чиқувчи маълумотни муҳокама қиляпмиз. Бунинг натижасида бунга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмаймиз, яъни биз расмий равишда талаб ёки қўллаб-қувватлаш маъносида ҳукуматга ҳеч нарса бермаяпмиз. Бу – бир томони. Энди иккинчи томони – қонуний нуқтаи назаридан.
2018 йилда [қабул қилинган] “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун бор, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни regulation.gov.uzʼга қўйиш тартиби бор, бу бўйича президент топшириғи берилган”, – дейди у.
Шунингдек, Рустамов 2018 йилда президент томонидан имзоланган 3666-сонли қарорда белгиланган тартибни ҳам эслатди. Унинг 4-бандига кўра, муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, қоида тариқасида лойиҳани ишлаб чиқувчи ташкилотлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига, яъни regulation.gov.uzʼга муҳокамага жойлаштирилиши лозим.
“200-сонли қарор, ижтимоий-иқтисодий муносабатларга таъсир кўрсатмайдими? Бунинг орқасида ижтимоий масала – ишсизлик, ички миграция, иқтисодий масала – даромад манбайи, солиқ масалалари ётибди. Яъни айтмоқчиманки, мана шу норма билан ҳам барибир [муҳокамага] қўйилиши керак эди. Инкор қилишга асос йўқ.
Нима учун қўйилмади деган саволга улар томонидан бериладиган жавобларда мана шуларни инобатга олиб жавоб беришлари керак. Бизнинг [Отабек Бакиров] айтганларидек, чалғитувчи ёки симметрия бўйича бир-бирига тескари бўлган жавоблар билан вақтни олишдан маъно йўқ. Масалани ечиш керак. Ижтимоий муносабатларда муаммо пайдо бўляпти, таксичиларда масала ўша: ўз ҳудудидан ташқарида ишлай олмайди, Тошкентда ишлаб турганларда ҳозир “мен кетсам нима қиламан, ё Россияга кетайми” деган ваҳима бошланган”, – деди ҳуқуқшуос.
Қолаверса, мутахассис транспорт вазири матбуот котиби ўз ҳудудидан бошқасида ишлай олмаслик нормаси 2011 йилдаги 139-сонли ҳукумат қарорида бўлиб келгани ҳақидаги важи хато эканини билдирди.
Яъни ҳужжат билан қабул қилинган низомнинг 9.1 бандида ҳайдовчи йўловчиларни лицензия карточкасида белгиланган ҳудудда амалга оширади. Аммо карточкадаги ҳудуд унинг автомобил давлат рақамига боғлаб қўйилмаган.
“Наҳотки “бу Конституцияга зид” дейдиган бирорта юрист қолмаган бўлса” – Комила Абдуллаева
Яна бир ҳуқуқшунос, ҳам адвокат Комила Абдуллаева инсон ҳуқуқларига зид бўлган бундай норма қандай қилиб қабул қилиб қўйилганига, вазирликдаги мутахассислар қўлидан қай тартибда ўтганига ажабланди.
“Ҳамма нарса қонунлар пирамидаси, Конституция бўйича қабул қилиниши керак-да. Биринчи Конституция туради. Лекин охирги пайтларда биз кўряпмиз, Конституцияга зид бўлган қандайдир нормалар вазирликлар ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан бемалол қабул қилиняпти.
Наҳотки “бу Конституцияга зид” дейдиган бирорта юрист қолмаган бўлса деб ўйлайсиз-да? Нима учун бундай қарорлар ўтиб кетяпти?” деди Абдуллаева.
Суҳбатдошнинг айтишича, айни норма сабаб тармоқларда маҳаллийчилик кайфияти қўзғалиб кетган. У давлатнинг энг муҳим функцияларидан бири – инсонлар ўртасидаги дискриминациянинг олди олиш эканини, юқоридаги каби қарорлар эса бунга тескари эффект бермаслиги кераклигини таъкидлади.
Шу билан бирга, Абдуллаева ушбу ҳолатда вазирнинг оғзаки айтган гапи эмас, албатта, қарор устунликка эга эканини, бу эса Конституциявий суд орқали бекор қилиниши лозимлигини эслатди.
Суҳбатнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
„Участкавой“ президент билан учрашувда капитанга айланди
Ўзбекистон | 15:27 / 11.07.2025
Трамп: НАТО Украина учун АҚШдан қурол сотиб олади
Жаҳон | 11:21 / 11.07.2025
Элдор Шомуродов Туркия клубига ўтди
Спорт | 11:12 / 11.07.2025
Таэквондочи Улуғбек Рашидов икки йилга дисквалификация қилинди
Спорт | 11:00 / 11.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Юнусободда ишлаб чиқариш цехида ёнғин рўй берди
Жамият | 09:35
-
Маҳаллий авиақатновларни субсидиялашнинг янги тартиби тасдиқланади
Ўзбекистон | 09:22
-
Исроилнинг Ғазога ҳужумида 39 фаластинлик, жумладан, болалар ҳалок бўлди
Жаҳон | 08:58
-
Махсус иқтисодий зоналарни инфратузилма билан таъминлашда бозор механизми жорий этилади
Ўзбекистон | 08:47
Мавзуга оид

18:19 / 10.07.2025
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли қурилишига Ўзбекистон компаниялари ҳам жалб қилиниши мумкин

17:36 / 02.07.2025
Ўзини ўзи банд қилган таксичилар учун солиқни агрегаторлар тўлайди

10:52 / 16.06.2025
200 метр нарига кўчирилса, тирбандлик йўқолади — президент Қумқўрғондаги «шлагбаум» муаммоси Нарзуллаевга қараб қолгани ҳақида

19:48 / 13.06.2025