Туризм | 09:22 / 14.07.2025
1146
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллий авиақатновларни субсидиялашнинг янги тартиби тасдиқланади

"Маҳаллий авиақатновларни субсидиялашнинг янги тартибини тасдиқлаш тўғрисида"ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Ҳужжатда аҳолига маҳаллий йўналишларда мақбул нархдаги авиақатновларни тақдим этиш, ижтимоий ва туристик аҳамиятга эга маҳаллий авиайўналишларда авиачипта нархининг бир қисмини қоплаб бериш механизмини такомиллаштириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга йўналишлар харажатларининг бир қисмини Ўзбекистон республика бюджетидан қайтариш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, авиакомпанияларга ички туризм, шу жумладан, ижтимоий аҳамиятга эга маҳаллий йўналишларда авиачипта нархининг 25 фоизи миқдорида субсидия ажратилиши 2026 йил 1 январга қадар амал қилади.

Резидент авиакомпаниялар томонидан маҳаллий авиайўналишларда авиачипта нархининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан субсидиялаш тартиби тўғрисидаги низом, маҳаллий авиайўналишларда парвозларни амалга оширувчи резидент авиакомпанияларга халқаро «слот»лар бериш тартиби тасдиқланади.

Транспорт вазирлиги Uzbekistan Airports билан биргаликда резидент сифатида рўйхатдан ўтган, ички авиақатновларда парвозларни амалга ошириш бўйича мажбурият олган хорижий авиакомпаниялар учун тўққизинчи «ҳаво эркинлигини» тақдим этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Маҳаллий авиайўналишлар бўйича авиачипта учун ажратиладиган субсидия миқдори Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссияси томонидан белгиланади.

Мавзуга оид