Германияда уч нафар россиялик жосусга айблов эълон қилинди
Прокуратура маълумотларига кўра, уч нафар айбланувчи Россия махсус хизматлари топшириғи билан Германияда маълумот йиғган. Хусусан, уларга Украина Қуролли кучлари томонида жанг қилган украиналикни кузатиб бориш вазифаси юклатилган.
Германия федерал прокуратураси Франкфурт-Майнда уч нафар россиялик жосусга қарши айблов эълон қилди. Агентликнинг 28 май, чоршанба куни хабар беришича, уч киши Германияда бўлган собиқ украиналик ҳарбийларни кузатиб бориш учун Россия махсус хизматларига ёлланган. Эҳтимол, мақсад бу одамларни йўқ қилиш бўлган бўлиши мумкин. Эндиликда Франкфурт олий минтақавий судининг давлат хавфсизлиги бўйича Сенати айбланувчиларга нисбатан суд жараёнини бошлаш-бошламасликни ҳал қилиши керак.
Прокуратура материалларига кўра, айбланувчилар Украина, Арманистон ва Россия фуқароларидир. Улар хорижий разведка хизматида ишлаганликда, айниқса оғирлаштирувчи ҳолатлар билан айбланмоқда.
Прокуратура маълумотларига кўра, 2024 йил май ойи бошида Арманистон фуқароси Россия махсус хизматидан Германияда Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг Украина қуролли кучлари сафида жанг қилган шахсни кузатиш бўйича топшириқ олган. Топшириқни бажариш учун айбланувчи икки гумон қилинган шерикни ёллаган.
Федерал суднинг ўтган йилнинг сентябр ойида эълон қилинган қарорига кўра, кузатув объекти Украина ҳарбий разведкасининг собиқ зобити бўлган. Россия оммавий ахборот воситаларида у ҳарбий жиноятларда, жумладан асирга олинган рус аскарларини қатл этишда иштирок этганликда айбланган.