Ню Йорк мэри ва ўзбек тадбиркорининг олди-бердиси: бу ҳақда нималар маълум?
ФТБ АҚШ ва Ўзбекистон фуқаролигига эга тадбиркор Толиб Мансуров ва Ню Йорк мэри Эрик Адамс ўртасидаги турли ёзишмалар ва шубҳали муносабатларни аниқлади. Тадбиркор мэрнинг сайлов кампанияси учун ноқонуний “сохта хайриялар” ташкил этган. Тергов ҳужжатларида Мансуров Ню Йорк шаҳридаги ўзбек диаспорасининг нуфузли аъзоси, Ўзбекистон ҳукумати билан чуқур алоқаларга эга шахс сифатида тавсифланган.
2024 йил сентябр ойида Ню Йорк мэри Эрик Адамсга нисбатан коррупция иши бўйича айблов эълон қилинди. Даставвал у сайлов кампанияси учун Туркиядан ноқонуний хайрия маблағларини олганликда гумонланаётган эди. Кўп ўтмай тергов Адамснинг нафақат Туркия, балки Исроил, Қатар, Хитой, Жанубий Корея ва Ўзбекистон билан алоқаларини ҳам қамраб олгани маълум бўлди.

The City нашрига кўра, Ню Йоркда ўз бизнесига эга асли ўзбекистонлик тадбиркор Толиб Мансуров бу ишда фигурантлардан бирига айланган.
“Эрик Адамснинг мамлакатдаги энг катта шаҳар мэри сифатидаги статусидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистондаги ҳокимият ҳақида шаклланган салбий қарашларни юмшатишда, Бруклин туманидан бўлган бир бизнесмен Ўзбекистон ҳукуматининг прокси вакили вазифасини бажарганликда гумонланмоқда”, дея ёзади нашр тергов материалларига асосланган ҳолда.
Қайд этилишича, Толиб Мансуров сайловолди кампаниясида Эрик Адамсни қўллаш учун ноқонуний хайриялар ташкил қилганликда гумон қилиняпти.
Прокурорларга кўра, сайланган мэр бу ёрдам эвазига ўзбек етакчиларини йиғган ҳолда шаҳар мэриясида тадбир ўтказган, Боулинг Грин номли паркда Ўзбекистон байроғини тантанали кўтариш маросимини ташкил қилган, шунингдек, Мансуров ва қурилиш бошқармаси ўртасидаги низода Мансуровга кўмак берган.
Тадбиркорнинг иддао қилинаётган миссияси (“шаҳар мэрига хорижий мамлакат номидан таъсир ўтказиш”) – терговчилар бир неча йилдан бери ўрганиб келаётган Адамснинг хайрия жамғариш амалиётларидаги бошқа яширин ҳаракатларга ўхшаб кетади, дея қайд этади манба.
Прокурорлар гумонича, Мансуровнинг бу миссиясидан мақсад – Ню Йорк мэрининг обрўсидан фойдаланиб, Ўзбекистоннинг репутациясини яхшилаш бўлган.
Терговчилар Эрик Адамс ва Туркия манфаатларини ифода этувчи турк диаспораси вакиллари ўртасидаги алоқаларга ҳам худди шундай гумон билан қараяпти.
Тергов ҳужжатларига кўра, прокурорлар Толиб Мансуровни “Ўзбекистон ҳукуматига алоқадор ва Ўзбекистон ҳамда Марказий Осиё билан боғлиқ масалаларда Адамсга таъсир ўтказиш учун ишлайди” деб ҳисоблаган. Уларнинг даъво қилишича, тадбиркор Ню Йорк мэрлигига номзод учун хайриялар йиғаётган пайтда, Ўзбекистоннинг БМТдаги ваколатхонаси билан доимий алоқада бўлган.
Бундан ташқари, прокуратура ҳужжатларида Мансуров мураккаб пул ювиш схемаси орқали Кипрда жойлашган корхонадан маблағ олгани, шу маблағ ҳисобидан Бруклинда кўчмас мулк сотиб олгани даъво қилинган. Қайд этилишича, у ҳам АҚШ, ҳам Ўзбекистон фуқаролигига эга.
Тадбиркор The City нашрининг саволларига жавоб беришни рад этган, “кечирасиз, ҳозир бандман” дея гўшакни қўйиб қўйган.
Манбанинг ёзишича, Толиб Мансуровга нисбатан жиноий айблов қўйилмаган, у ҳуқуқ органлари билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган. Терговчилар билан суҳбатларда у пул ювишга оид айбловларни рад этган, лекин Эрик Адамс учун учта ҳолатда ўн минглаб доллар хайрия йиғганини, хусусан сиёсатчига ҳомийлик (донат) қилганларга бу харажатларини қоплаб берганини тан олган. Бундай компенсация Адамсга сайлов кампанияси учун ноқонуний равишда кўпроқ маблағ жалб қилиш имконини берган.
Шаҳар ҳокими қайта сайланиш кампанияси учун хайрия маблағларини сўраган ёзишмалардан бирида Мансуровга шундай деган: “Сиз ҳар доим менинг энг кучли одамим бўлгансиз”.

Айбловда келтирилишича, Мансуров 2023 йил давомида ва 2024 йил бошларида, Адамс учун хайрия маблағлари йиғаётган пайтда, БМТдаги Ўзбекистон делегацияси аъзоларидан бирига тегишли телефон рақами билан 292 марта мулоқот қилган. (Делегация The City нашрининг сўровига жавоб бермаган).
Тинтув учун тайёрланган ҳужжатларда Мансуровнинг мэрия қўллаб-қувватловини олишга қаратилган фаол лобби юритгани қайд этилади. Айниқса, у мэрнинг Жамоатчилик ишлари бўйича комиссари Фред Креизман билан кўп бора мулоқот қилган. Терговчилар 2023 йил давомида Мансуров Креизманга 55 марта қўнғироқ қилганини ҳужжатлаштирган.
Прокурорларнинг қайд қилишича, Мансуров илк бор 2020 йил декабрида Адамс фойдасига хайрия маблағи йиғишни бошлаган. Ўшанда Адамснинг 2021 йилги сайлов кампаниясида кўнгилли бўлиб қатнашаётган Муҳаммад Баҳи Мансуровдан 10 минг доллар молиявий ёрдам сўрайди. Мансуров чек ёзиб бермоқчи бўлганида, Баҳи компаниялар хайрия қила олмаслигини, шунингдек, мэр лавозими учун сайлов кампаниясида шахсий хайриялар учун 2 минг долларлик чеклов борлигини тушунтиради. Шундан кейин Мансуров ўзига тегишли United Elite Group компаниясидаги тўрт ходим ва ўзининг номидан 2 минг доллардан хайрия қилади.
2023 йил июн ойида Адамс бевосита Мансуровнинг ўзига SMS ёзиб, 2025 йилги қайта сайлов кампанияси учун маблағ сўраган. Мансуров бу сафар 10 киши номидан 1000 доллардан хайрия қилишни ташкил этган.
2024 йил май ойида Адамс Signal иловаси орқали Мансуровга: “Менга катта ёрдам керак”, – деб ёзган. Мэрнинг айтишича, давлат ҳомийлигига (Ню Йорк сайлов кампанияси бюроси маҳаллий хайриялар учун ҳар 1 доллар эвазига 8 доллар субсидия беради) ариза топшириш учун 250 доллардан 1000 дона кичик донат йиғиши керак бўлган. Ҳужжатларда Мансуров бу илтимосни бажарганми-йўқми, номаълум, лекин унинг компанияси молиявий директори Ойбек Шокиров ўша ойнинг ўзида 250 доллар хайрия қилган.
Шунингдек, Мансуров Адамс билан яқин алоқаларидан ўз бизнес манфаатлари йўлида фойдалангани ҳам иддао қилинади. Тадбиркор Краун-Ҳайтсда қураётган олти қаватли иншоотида Ню Йорк Қурилиш департаменти билан муаммоларга дуч келганида, Адамсга алоқага чиққан. Шундан кейин унинг қурилиш лойиҳасига қўйилган бир қатор чекловлар олиб ташланган.
2024 йил июнида ФТБ ва Ню Йорк ички тергов бўлими Мансуров ва яна тўрт кишини сохта ҳомийлик иши доирасида сўроқ қилган.
Шунингдек, тергов ҳужжатларида Ню Йорк мэри Туркия расмийларининг илтимосларини бажаргани, Хитой диаспораси етакчилари ҳам унинг сайлов компанияси учун юз минглаб доллар йиғишгани келтириб ўтилган.
Маълумот учун, 64 ёшли демократ Эрик Адамс – лавозимида ўтирган пайтда федерал айблов эълон қилинган Ню Йорк тарихидаги биринчи мэрдир.
2025 йил 2 апрел куни федерал судя АҚШ Адлия вазирлигининг илтимосномаси асосида унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини ёпди.
Бу ҳолат кўплаб эътирозларга сабаб бўлди, хусусан, бир нечта прокурор бунга норозилик билдириб истеъфо берди.
ОАВда Трамп администрацияси сиёсий характерга эга деб ҳисоблаган жиноят ишларини тўхтатиш масаласида Адлия вазирлигига топшириқ бергани айтилади.
Мавзуга оид

23:16 / 05.06.2025
АҚШ қурол ишлаб чиқарувчилари Мексикага 10 млрд доллар товон тўламайдиган бўлди

21:42 / 05.06.2025
Трамп ва Си Жинпинг телефон орқали гаплашди

20:32 / 05.06.2025
Пентагон катта кемаларни йўқ қиладиган авиабомбани синовдан ўтказди

19:26 / 05.06.2025