Иқтисодиёт | 22:41 / 24.05.2025
6523
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг ликвид захиралари жорий йилда энг юқори чўққисига чиқиб, кейин камайиб боради — S&P

S&P халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтингини “BB-“ даражасида тасдиқлади ва олтин нархларининг тарихий рекордлари ортидан, илк бор кутилмани “барқарор”дан “ижобий”га оширди. Агентликка кўра, ҳукуматнинг ликвид активлари ҳажми 2017-2024 йиллар оралиғида ЯИМнинг 33 фоизидан 9,3 фоизигача қисқариб кетган. Коррупция даражаси юқорилигича қолмоқда.

Фото: Kun.uz

S&P халқаро кредит рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини “BB-“ даражасида тасдиқлади ва илк бор кутилмани “барқарор”дан “ижобий”га оширди.

Агентлик 23 май куни эълон қилган ҳисоботида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратган:

  • Энергетика хавфсизлиги, субсидиялар фонидаги юқори фискал харажатлар ва газ импортининг ошишига жавобан ҳукумат 2023 йилнинг октябридан электр ва газ тарифларини оширишни бошлади. 2027 йилгача энергия нархлари тўлиқ харажатларни қоплаш даражасига етказилиши режалаштирилган. Субсидияларнинг қисқариши, қулай олтин нархлари ва номинал ЯИМнинг ўсиши бюджет тақчиллигини 2025–2028 йилларда ўртача 3 фоизгача камайтиришга ёрдам беради (2023 йилда 4,9 фоиз, 2024 йилда 3,3 фоиз бўлган).
  • Ҳукумат ривожланиш режаларини молиялаштириш учун катта ҳажмдаги қарз жалб қиляпти. Бу эса умумий давлат ва ташқи қарз даражасининг ошишига олиб келди, бироқ ўсиш суръати секинлашиши кутиляпти. Жорий ҳисоб тақчиллиги 2024 йилда ЯИМнинг 5 фоизини ташкил этди, 2025–2028 йилларда эса бу кўрсаткич ўртача 5,7 фоизгача кенгаяди, бу олтин нархларининг пасайиши ва давлат инвестиция лойиҳаларига хизмат қилувчи импортнинг ошиши билан боғлиқ.
  • 2025–2028 йилларда иқтисодий ўсиш ўртача 5,6 фоиз бўлиши прогноз қилиняпти.
  • Қарорлар қабул қилиш марказлашганича қолади. Коррупцияни қабул қилиш яхшиланаётганига қарамай, ҳали ҳам юқорилигича қоляпти.

“Электр ва газ тарифларининг босқичма-босқич оширилиши орқали энергия таъминоти диверсификация қилиняпти. ACWA Power (Саудия Арабистони) 2030 йилгача электр энергияси ишлаб чиқаришга 7,5 млрд доллар (ЯИМнинг 7 фоизи) сармоя киритади. Ҳозирда Ўзбекистонда истеъмол қилинаётган энергиянинг 20 фоизи яшил манбалардан олинади, 2030 йилгача бу кўрсаткич 40 фоизга етказилиши кутиляпти. Шунингдек, экспорт салоҳиятини ошириш учун мис, олтин, кумуш ва уран ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган”, дейилади ҳисоботда.

S&P кутилмаларига кўра, 2025 йилда жон бошига ЯИМ 3300 долларни ташкил этади. Бу юқори иқтисодий ўсиш суръатларига қарамай, жаҳон стандартларига кўра ҳали ҳам паст кўрсаткич ҳисобланади. Мазкур ҳолат Ўзбекистоннинг суверен рейтингларини чеклаб туради.

Қайд этилишича, Ўзбекистон аҳолисининг тўртдан бир қисми қишлоқ хўжалигида банд бўлиб, ушбу сектор иқтисодиётнинг тахминан 18 фоизини ташкил этади. Шу билан бирга, мамлакат ижобий демографик кўрсаткичга эга – аҳолининг деярли 90 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшда ёки ундан кичик. Аммо иш ўринлари яратилиши талабга мос равишда ўсмаслиги кутиляпти. Ўзбекистонлик доимий ва мавсумий муҳожирларнинг аксарияти Россияда ишлайди. Шу боис, Россия иқтисодиётининг заифлашуви ушбу муаммони янада кучайтириши мумкин.

2025 йилда олтин нархлари рекорд даражада қимматлашди, бу эса тегишли солиқ тушумлари орқали давлат даромадларини оширади. Ўзбекистон бюджет даромадларининг тахминан учдан бир қисми олтин ва мис каби хомашё билан боғлиқ тушумлар ҳисобига шаклланади. Ҳукумат энергия ва газ тарифларини ошириш 2025 йилда ЯИМнинг 0,5 фоизини тежаш имконини беради, деб ҳисоблаяпти. Бошқа фискал ислоҳотларга ижтимоий харажатлар ва айрим солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши киритилган.

S&P кутилмаларига кўра, давлат қарзи ва давлат томонидан кафолатланган қарз 2024 йилдаги ЯИМнинг 33 фоизидан 2027 йилда ЯИМнинг тахминан 40 фоизигача ошиши мумкин.

“ЯИМнинг 4,6 фоизини ташкил этадиган кафолатланмаган давлат корхоналари қарзлари ҳукумат балансидаги мажбуриятга айланиши хатари мавжуд. Сўнгги йилларда давлат корхоналари томонидан хорижий валютада катта миқдорда қарз олинди. Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари тез суръатда ошиб бормоқда ва ҳозирда шартномаларнинг умумий қиймати ЯИМнинг 27 фоизини ташкил этади. Бизнинг фикримизча, айрим лойиҳалар кутилганидан кўра муваффақиятсизроқ амалга ошса ёки бошқарув ё назоратда муаммолар пайдо бўлса, ушбу қарзларни сўндиришда қийинчиликларга дуч келиниши мумкин”, дейилади ҳисоботда.

Ҳукуматнинг 2017 йилда ЯИМнинг 33 фоизини ташкил этувчи ликвид активлари 2024 йилда ЯИМнинг 9,3 фоизигача қисқарган. Мазкур активлар асосан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ТТЖ) активларини ўз ичига олади. 2006 йилда ташкил этилган бу жамғарма 2019 йилгача ҳукуматнинг капитал қўйилмалари ҳамда олтин, мис ва газ сотишдан тушган даромадларнинг прогноздан юқори қисми ҳисобидан молиялаштирилган. S&P ҳукуматнинг ликвид активлари ҳисобига фақат ТТЖнинг ташқи активларини қўшган. Бу – давлат сектори корхоналари ва банклар капитал қўйилмалардан иборат активларнинг ички қисми етарли даражада ноликвидлиги ва зарурият туғилганда қарзга хизмат кўрсатиш учун фойдаланилиши эҳтимолдан йироқлиги билан изоҳланган.

“Бизнинг тахминимизча, Ўзбекистон Марказий банкининг фойдаланиши мумкин бўлган захиралари жорий йилдаги энг юқори чўққисидан 2028 йилгача пасайиб боради, бу қисман олтин нархларининг кутилаётган тушиши билан боғлиқ. Марказий банкнинг монетар олтин захиралари умумий валюта захираларининг тахминан 77 фоизини ташкил қилади, бу олтин нархлари пасайиши ҳолатида концентрация хавфини келтириб чиқаради. Шунга қарамай, фойдаланиш мумкин бўлган захиралар 2025-2028 йилларда жорий ҳисоб тўловларини тахминан етти ой давомида қоплаш имконини беради. Биз Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (ТТЖ) ташқи активларини Марказий банк захираларидан чиқариб ташлаймиз, чунки бу активлар биринчи навбатда фискал мақсадларда сақланади, монетар ёки тўлов баланси эҳтиёжларини қўллаб-қувватлаш учун эмас. Бунга сўнгги тўрт йилда мазкур активларнинг давлат бюджети учун ишлатилгани далил бўлади”, дейилади ҳисоботда.

Халқаро экспертлар энергия тарифлари ошганини ҳисобга олган ҳолда, инфляция 2025 йилдаги ўртача 10,1 фоиз бўлишини прогноз қилган. 2028 йилга бориб инфляция даражаси 8,6 фоизга тушиши мумкин.

Банк тизимида ҳам умумий активларнинг 67 фоизи давлат банкларига тегишли бўлиб, ҳукуматнинг имтиёзли кредитлаш дастурлари билан биргаликда самарадорликка таъсир қилади. 2023 йилда Ипотекабанк хусусийлаштирилгач, расмийлар Асакабанк ва Саноатқурилишбанкни хусусийлаштиришни режалаштиряпти. S&P буни вақт талаб қиладиган жараён деб ҳисоблайди. Чунки давлат банклари инвесторлар учун жозибадор бўлиши учун рентабеллик ва самарадорлигини ошириши керак.

Долларлашув пасайган бўлса-да, 2024 йилнинг охирига келиб умумий кредитларнинг 41 фоизи, депозитларнинг 26 фоизи ҳамон доллар ҳисобига тўғри келган.

S&P таҳлилчиларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 2025 йилда 128 млрд доллар, 2026 йилда 142 млрд доллар, 2027 йилда 156 млрд доллар, 2028 йилда эса 173 млрд долларни ташкил этиши мумкин.

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти