Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Эронга зарба – Хиросима ва Нагасакига атом бомбаси ташлангани билан бир хил аҳамиятга эга” – куннинг энг муҳим мавзусида суҳбат
АҚШнинг бомбардимончи самолёти Эроннинг 3 та ядровий объектига зарба берди. Трамп ва унинг жамоаси операцияни “Situation Room”дан кузатиб турди. Эрон эса АҚШнинг зарбасидан ғазабда ва Фордога зиён етганини тасдиқлади. Америка ОАВлари бу Вашингтоннинг Исроил бошлаган урушга қўшилиши, дея ёзди. Конгресс аъзолари президентнинг “бемаслаҳат зарбаси”дан норози. Бу зарбалардан ўта кучли радиация кутилган, бироқ айни пайтда вазият нормал ва датчиклар хавф йўқлигини кўрсатмоқда. Акс ҳолда нурланиш шамол орқали ўртача 2-3 кун ичида Ўзбекистонга ҳам кириб келарди.
Kun.uz ядровий фалокат эҳтимоли инкор этилмайдиган ушбу геосиёсий ҳодисани сиёсатшунос Фарҳод Толипов ва иқлимшунос Эркинбек Абдулаҳатов билан жонли эфирда муҳокама қилди.

Америка Қўшма Штатлари ўз тарихида биринчи бор Эронга зарба берди. Ассалому алайкум, сиз Kun.uzʼда жонли эфирни томоша қиляпсиз ва биз бугун ушбу суҳбатимизни фавқулодда ташкил қилдик. Муҳокамамиз мавзуси – 21 июн куни Эронга берилган зарба ва бугунги суҳбатдошларимиз сиёсатшунос Фарҳод Толипов ҳамда иқлимшунос Эркинбек Абдулаҳатов.
Ҳурматли экспертлар, бу суҳбатимизни шошилинч тарзда ташкил қилдик ва авваламбор келганингиз учун миннатдорлик билдираман.
Фарҳод ака, Қўшма Штатлар ўз тарихида биринчи марта Эронга зарба беряпти. Бундан олдин биз жуда кўп экспертлар билан гаплашдик, муҳокама қилдик. Қўшма Штатлар тийилади, Яқин Шарқдаги урушга бевосита қўшилишдан ва нима қилса ҳам Исроилнинг қўли билан қилади, деб прогноз бериб келаётган эдик. Исроилни максимал даражада қўллаб-қувватлайди, ҳарбий ёрдам беради, лекин ўзи бевосита қўшилмайди, дейилганди.
Умуман олганда, конфликт бошлангандан бери бир неча бор Қўшма Штатларнинг позицияси, аниқроғи Трампнинг қарашлари ўзгариб турди. Масалан, аввал “Эрон билан музокарага борамиз” дейилди, шу орада Исроил ҳужумга ўтди. Кейин “агар Эрон АҚШ фуқаролари, ҳарбий объектлари ва манфаатларига ҳужум қилса, қўшиламиз” дейилди. G7 саммитида эса “Исроил яхши кетаётган экан, аралашмаймиз, у ўзи тинчитади урушни” дейилди. Кейин эса “икки ҳафтада қарор қабул қиламан” дейди ва мана, урушнинг 10-кунида шу воқеа содир бўляпти.
Бугун учта масалани муҳокама қиламиз. Биринчиси: АҚШнинг бу қилган иши қанчалик тўғри, сизнингча?
Биласизми, ҳозир ўзингиз Трамп томонидан билдирилган позицияларни кетма-кет санаб ўтдингиз. У баёнотлар жуда зиддиятли, ўзгарувчан ва қатъийликдан йироқ бўлиб, “АҚШдан нима кутса бўлади?” деган саволни келтириб чиқарди.
“Уради”, “урмайди”, “музокарага борамиз”, “бормаймиз” каби қарашларини олиб қарасак, Эрон масаласини четга қўйган ҳолда ҳам, ҳатто Трамп президентликка сайланганидан бери кузатсак, мана, ярим йил ўтибди. Шу даврда у қилаётган сиёсат ўзгарувчан, ноаниқ бўлиб келмоқда. Уни таҳлил қилган дунё экспертларининг деярли барчаси шуни таъкидламоқда.
Мен ўтган ярим йил ичида, билмадим, АҚШдан ташқаридаги бирорта хорижий давлат – Европами, Осиёми, қаер бўлса ҳам Трампни мақтаганини кўрмадим. Агар бўлган бўлса, кимдир ёдга солсин. Европаликлар ҳам, осиёликлар ҳам, африкаликлар ҳам, ҳатто Американинг ўзи ҳам бу ҳаракатлардан хурсанд бўлгани йўқ. Бу – тарихий бурилиш.
Шу боис, Эронга қилинган зарбани таҳлил қилишда айнан шу умумий контекстни, яъни Трамп бошқаруви давридан бери кузатилаётган ташқи сиёсат тенденциясини ҳисобга олиш керак. Бу алоҳида, уникал ҳаракат эмас, балки шу янги сиёсий йўналишнинг бир бўғинидир.
Аслида мана шу тенденция нима? Агар қисқароқ, бир-иккита сўз билан ифодалайдиган бир гап топа олсак, бу аслида тинчликпарвар сиёсат эмас эди. Мана шунақа умумий концептуал сўз билан айтсак, бу тинчликпарвар сиёсат бўлмади. Яъни қаердаги, қайси ёниб турган уруш ёки можаро ўчоқлари бўлмасин, мана шу ўчоқларни сўндириш, тўхтатиш ўрнига фақатгина худди ёқилғини янада сепиб тургандек, янада баттарроқ қўзғатишга ҳисса қўшса қўшдики, аммо тинчликка эмас. Булар ҳам, мана, бугунги бўлган ҳаракати ҳам ана ўша мантиққа сиғяпти.
Яъни шу — Украина масаласида нима қилганини эслайлик, Ғазо масаласида нима қилганини эслайлик, бошқа мавзуларда можаро бўлмаса ҳам НАТОга, БМТга қилган муносабати; бир нечта БМТнинг махсус идораларидан чиқиб кетгани, Европа Иттифоқига нисбатан, ҳатто “ақл ўргатиш” даражасида айрим европаликларга танбеҳ бергани, ҳурматсизлик қилганини олайлик, нима бўлмасин, мана шу умумий тенденция — тинчликпарвар эмас, агрессив сиёсат эди. Шунинг учун ҳам мана шу Эронни бомбардимон қилганига ҳайрон қолмаслигимиз керакдир. Шунга олиб келаётган эди, ўзининг мана шу тенденциялари билан. Бирорта ҳам тинчликка ҳисса қўшганига гувоҳ бўлмадик.
Энди ҳалиги саволингизга қисқача жавоб берсам — “бу қонунийми ёки йўқми?” деганда, мен айтган бўлардим: мутлақо қонуний эмас. Бир томондан халқаро ҳуқуққа зид бўлди бу хатти-ҳаракатлар. Иккинчи томондан — ўзининг миллий ҳуқуқига ҳам. Чунки бу ҳарбий ҳаракат бўлди. Бу оддийгина бир сўз билан ёки баёнотлар билан чекланмасдан, албатта, ҳарбий ҳужум бўлди.
Бундай ҳаракатларга Америка Қўшма Штатлари ягона президентининг қарори билан амалга ошмайди. Бундай қарорни қабул қилиш учун парламент бўлмиш АҚШ Конгресси рухсат бериши шарт, АҚШ Конституциясига кўра. Бундай рухсатномани, дейлик, Конгресс бермаган эди. Куни кеча мен ўзим ҳам кузатдим — Трамп шу нияти бор эканини баён қилгандан кейин АҚШ Конгрессининг ўзида ҳам, судлар томонидан ҳам “Қанчалик у бирёқлама, ўзининг фақатгина иродаси билан, Конгресснинг рухсатисиз бундай қарорни қабул қила олади?” деган саволлар кўтарилди.
Демак, хулоса шундайки, Трамп АҚШ Конституциясини ҳам бузган ҳолда — Конгресс рухсатини олмасдан бу қарорни қабул қилди. Шунингдек, халқаро ҳуқуқни ҳам бузди.
Халқаро ҳуқуқ деганда, суверен давлат — Эрон қанчалик бу давлатнинг ички ёки ташқи сиёсати кимгадир ёқадими ё йўқми, бу ҳолда қарор Трампнинг шахсий иродасига боғлиқ бўлди. Бошқа биронта давлат раҳбари мана шундай бомбардимон қилишини ҳозирча кўрмадик. Ҳатто бу ҳаракатни ҳозирча биронта давлат қўллаб-қувватлади деган хабар ҳам келгани йўқ. Кутамиз, балки бўлар. Аммо бу — суверен давлатга қилинган ҳужум. Бошқа давлатнинг чегарасини қўпол равишда бузган ҳолда ҳужум қилган. Бунга нима дейиш мумкин? Агрессия. Агрессиядан бошқа нарса эмас.
Демак, халқаро ҳуқуқ бузилди. “Бу ҳаракат қонунийми?” деган саволни Трампнинг ўзига берсак, “ҳа, биз Эронда ядровий дастурларни аниқладик”, деган эди. Лекин шу бир неча кун олдин Марказий разведка бошқармаси (CIA) бу ҳақдаги маълумотни тасдиқламади. Агар ўзининг мана шу ўта қудратли идораси — Марказий разведка бошқармаси тасдиқламаган бўлса, нимага ишониб бундай қарор қабул қилинди?
МАГАТЭ ҳам буни тасдиқламади. Ҳа, ядровий дастур бордир, лекин бу ҳали хавфли даражага — қизил чизиқдан ўтиб кетадиган ҳолатга етмаган эди. Чунки Эроннинг ўзи: “Бу тинч мақсадлардаги ядровий дастур”, деяпти. Энг қизиғи, икки ой олдин Трамп: “Биз 60 кун берамиз” деганида Эрон раҳбарияти ҳам музокарага ўтиришга тайёрлигини билдирган эди. Демак, тинч йўл билан ҳал қилиш имкониятлари буткул йўқолмаганди. Чалғитди Америка. Бемалол ўтириб муҳокама қилиш мумкин эди. Қизил чизиқлар ҳали бузилмаган эди. Қандай, қайси маълумотга таяниб шундай қарор қабул қилинди?
Охирги гапим: бир нарсани эслатмоқчиман. Ўз вақтида шунга ўхшаш бир воқеа Ироққа нисбатан содир бўлган эди. Гўё Ироқ оммавий қирғин қуролларини ясаяпти, хусусан, ядровий дастурлари бор дея, шундан келиб чиқиб Ироққа ҳам ҳарбий ҳаракатлар амалга оширилган. Аммо у ҳаракатларни қонуний деб айтиш мумкин. Чунки БМТ томонидан рухсат берилган эди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти мана шу акцияни, АҚШ томонидан амалга оширилган бўлса-да, легитимлаштириб берган эди. Яъни у ҳаракатни халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан қонуний деб айтса бўларди. Гарчи кейин маълум бўлдики, Ироқда бундай қурол умуман йўқ эди. АҚШ раҳбарияти ўзи тан олди нотўғри қарор қабул қилинганини.
Бу ҳолатда эса БМТнинг ҳеч қандай рухсати йўқ. АҚШ, аниқроғи Трамп, ўзининг бирёқлама қарорини амалга оширди.
Шунинг учун ҳам саволингизга охирги жавоб: бу ноқонуний ҳаракат бўлди. Ҳатто АҚШ Конгресси — халқ вакиллари ўтирган орган ҳам бу ҳаракатни тасдиқламаган эди.
Энди, Фарҳод ака, учта ядровий объектлари бор бўлган шаҳарлар — булар Натанз, Исфаҳон ва Фордо уриляпти. B-2 бомбардимончи самолётлари, мана, расмини қўйганмиз, ҳар бири 13,6 тоннадан иборат бўлган бомбаларини ташлаган. Бугун эрталабдан бошлаб мен турли Ғарб ва асосан Америка каналлари ҳамда оммавий ахборот воситаларини томоша қилар эканман, ўша ерда операция қандай ҳолатда юз бергани, унинг кадрлари намойиш этиляпти. Бемалол Қўшма Штатлардан бомбардимончи самолёт чиқиб кетган ва ўша ҳудудларга бориб, биргина Фордо шаҳрига олтита бомба ташлаган.
Нега Фордо қийин бўлди? Чунки мана шу галги бошланган урушда Исроил ҳеч амалга ошира олмаётган эди. Чунки у тоғнинг ёнбағрида жойлашган ўша ядровий объект эди ва у ерни уролмаётган эди Исроил. Ва орада бу борада ҳам фикр алмашилди Америка билан. Трампдан бу хусусда бир-икки марта эшитгандик: “Фордони биз ўзимиз урамиз” деган. Ва ундан кейин операция тугаши биланоқ давлат котиби, вице-президент ва мудофаа вазири, яъни Пентагоннинг секретари билан биргаликда чиқиб, халққа мурожаат қилишди. Трампга кўра, энди тинчликни танлаш керак, акс ҳолда кейинги ҳужумларимиз бундан ҳам баттарроқ бўлади, деган ўзига хос баёнотини берди.
Қонунчилар унинг бемаслаҳат қилган бу зарбасидан жуда ҳам норози. “Биз нима қилиб ўтирибмиз бу ерда халқ вакили бўлиб? Бундай халқаро даражадаги ҳаракатларга Конгресс рухсат бериши керак!” Қатор оммавий ахборот воситалари бу масалада фикр билдирди, ёзди: “Бу импичмент бошланишига сабаб бўлиши мумкин” деган масалада. Энди бу ерда савол туғилади: Эрон нима қилади?
Эрон расмийлари айтяпти: “Тўғри, Фордо урилди. Шу пайтгача Фордога ҳали бирор марта зарба беришга эришишмаган эди, лекин қисман биз буни кутган эдик ва Фордо зарба еди. Лекин у ердаги реакторларми, ёки уранни бойитиш объектими — уранни биз аллақачон олдиндан прогноз қилиб, бир неча соат олдин олиб чиқиб кетган эдик” деган фикрни айтяпти улар.
Трамп эса: “Тўлиқ яксон қилдик, ҳеч нарса қолмади. Fordo is gone” деб ўз фикрларини ижтимоий тармоқларда жойлаштирди. Эроннинг жавоби қандай бўлади деган савол муҳим.
Авваламбор, биз ҳозир Трампнинг гаплари нечоғлик ҳақиқатга яқин эканини тўғри тушуниб олишимиз керак. Трамп бориб, кўрдимикин? Қўли билан ушлаб кўрдимикин? Уранни татиб кўрдими ё йўқми — ҳеч ким билмайди. На унинг экспертлари у ерда, на ўзи. Фақат “side effect” деймиз-да, яъни бевосита эмас, қандайдир бошқа белгилари орқали масалан, ҳарбий мутахассислар, иқлимшунослар ёки экологлар тасдиқлаб кўрсатиб бериши мумкин. Яъни демоқчиманки, ҳозирча америкаликлардан ҳеч ким у ерга қадам босиб текширгани йўқ — нима бўлди, нима бўлмади. Шундай экан, Трампнинг таъкидлови шубҳали.
Иккинчидан, мен кўпроқ уранни ва умуман бўлажак зарбалар эҳтимолдан холи эмаслигини эронликлар тўғри англаб, олдиндан уранни олиб чиқиб кетганига ишонаман. Чунки улар ҳам анойи эмас. Бўлаётган кескинликни жуда яхши кузатишяпти, Исроил билан кескинлик кучаяётганини ҳам идрок этган ҳолда. Агар мана шу неча юз метрлик чуқур лабораторияни, технологик жиҳатдан ўта мураккаб инфратузилмани яратган мутахассислар, олимлар ва раҳбарият ҳаммасини уддалаган экан, демак, стратегик тафаккури ҳам шунга яраша кучли деб ўйлайман.
Яъни бундай сценарий, бундай зарба бўлиши мумкин деб инобатга олган. Сценарий таҳлили деймиз-ку, яъни бўлиши мумкин бўлган турли эҳтимолларни ҳисобга олган. Фақат “чуқурга жойлаштирамиз, бомба ета олмайди” деб ўйламаган. Демак, турли чора-тадбирларни олдиндан кўрган бўлиши мумкин. Ва мен бундай тахминларга ишонаман.
Айтганингиздек, Американинг ўзида “бизлар бу ерда нима қилиб ўтирибмиз?” деб Конгресс аъзолари эътироз билдиряпти. Шу муносабат билан яна бир фикр: биласизми, Республикачилар партиясини тарихан демократлардан ажратиб турувчи бир муҳим омил — изоляционистик сиёсат ҳисобланади. Буни ҳатто Трамп бошида тасдиқлаган эди. Изоляционистлар дунё ишларига унчалик аралашмайди, “America First” — яъни “Аввало Америка” шиори билан чиқишади. Демократлар эса кўпроқ глобалистик сиёсат юритади: дунё ишларига фаол аралашади, демократик қадриятларни ёйишга ҳаракат қилади.
Аммо борган сари, Трамп изоляционист эмас, ўта хавфли глобалистик сиёсат юритмоқда деб айтишимиз мумкин. У дунё ишларидан четлашмади, аксинча, жуда фаол ва хавфли даражада аралашди. Ҳатто буни очиқ-ойдин намойиш қилди: “Бизда дунёдаги энг кучли армия, энг кучли самолётлар бор”, деб мақтанди.
Энг муҳими, савол туғилади: оқибатларини ҳисобга олдими? Тор маънода — фақат Эронга қараб, “у ерда ядровий дастур бор, хавфли даражага етган” деган аждаҳони кўргандек ҳаракат қилдими? Ёки унинг атрофидаги маслаҳатчилари бунинг оқибатларини ҳисоблаб бердими?
Келинг, тахмин қилайлик, ростдан ҳам у ерда ядровий объект бор ва уни йўқ қилиш керак эди. Уларни портлатгандан кейин, фақат Эрондаги заряди йўқ қилинди деб тинчийдими вазият? Ахир бу радиация-ку! Бу бутун минтақага тарқалади-ку!
Биласизми, гарчи у оддий бомба билан ядровий объектни урган бўлса ҳам, менга бу зарба 1945 йилдаги Хиросима ва Нагасакига ташланган атом бомбасини эслатади. У ерда атом бомбаси ташланди, бу ерда оддий бомба, лекин нишони атом объекти. Менимча, буларнинг фарқи йўқ. Агар Эронда ростдан ҳам ядровий объект бўлган бўлса ва у портлаган бўлса, бу ҳам худди атом бомбаси портлаган ҳолатга келади.
У ерда неча ўн йилликка тарқалган касалликлар, радиация ҳозиргача салбий таъсирини кўрсатяпти. Бу ерда ҳам Худо кўрсатмасин, агар ростдан ҳам радиация тарқалган бўлса, атом бомбаси ташланганидан фарқсиз бўлиб қолади.
Энди The Washington Post ўзининг расмларини тарқатди, бугун мен кўрдим. Эрон раҳбарияти бу бўлиши мумкин бўлган зарбани олдиндан билиб, озгина соат қолганда, икки кун олдиндан бошлаб 16 та юк машинасида уранни ва у ердан асосан ўзига керак бўлган муҳим қисмларни олиб чиқиб кетган бўлиши мумкин. Ва Эроннинг ўзи ҳам айтяпти: “Биз зарбани олдиндан билар эдик, тахмин қилгандик ва олиб чиқиб кетганмиз” деган фикрни билдиряпти.
Лекин Эркинбек ака, иқлимшуноссиз, сизни бекорга чақирмаганмиз. Эрон бу — қўшнимизнинг қўшниси. Туркманистондан ўтгандан кейин у ёғи Эрон ва Эрондаги бўладиган ҳар қандай, нафақат сиёсий, иқтисодий, балки экологик, у ердан бўладиган ўша атмосфера билан боғлиқ ўзгаришлар Ўзбекистонга бир зумда етиб келади Туркманистон орқали. Мана, биз ўзимиз фуқароларимизни Туркманистон орқали эвакуация қилдик, чунки жуда яқин.
Эронда бугун 90 миллионга яқин одам яшайди. Фақат Марказий Осиё эмас, Эроннинг ўзи ҳам эътибор қаратишга лойиқ ҳолатда. Энди улар айтяпти: “Биз ядровий объектларни нишонга олиб зарба бердик”. Тўғри, бу уранни бойитиш объектлари ҳали тўлиқ ядровий объект ҳисобланмайди, шунга интилаётган. Ва агар булар айнан шуларни ураётган бўлса, энди Америка каналлари тинимсиз эрталабдан бери “радиация йўқ, радиация йўқ” деяпти. Шамол бўлмаса, дарахт учи қимирламайди, бир гап бордирки, булар тинимсиз шу гапни айтишяпти.
Эроннинг ўзи ҳам баёнот берди: “Бу ҳеч қандай радиация тарқалишига олиб келмайди” деган. Лекин барибир биз реалликдан узоққа чекинмасдан буни муҳокама қилиб ўтишимиз керак. Инсониятга қандай зарарлари бор?
Албатта, раҳмат. Юқорида Фарҳод ака зўр гапни айтди: Хиросима, Нагасаки ва ҳозирги кейс — Америка Қўшма Штатлари. У энди жуда ўхшаш. Бир томондан ўхшайди, бир томондан ўхшамайдиган жойлари ҳам бор. Нега? Чунки замон ўзгаряпти.
Мана, шу Америка Қўшма Штатларининг ўзининг Machar деган сунъий йўлдоши жуда ҳам юқори аниқликда, ҳатто 10 см, 20 см катталикдаги объектни жуда аниқ кўра олади. Уларда ҳам икки кун олдин, 19 июн кунги тасвирлар бор. Воқеа эса 21 июн, Америка вақти билан. Икки кун олдин Пентагон кўрган ҳолат — яъни улар ана шу ҳудудда жимир-жимир, ғимир-ғимир ишлар бўлаётганини, тўғридан тўғри шу объектда жуда катта юк машиналари бошқа жойга чиқиб кетаётганини кўргандан кейин — билишимиз мумкинки, уран билан бойитилмаган объектга зарба берилган. Бу қўрқитишга ўхшаш ҳолат.
Яна қизиқ томони: Эронда ана шу қурувчи самолётларга қарши бирорта ҳам ҳужум бўлмаётгани сиёсатшуносларни ҳам қизиқтиряпти. Чунки улар талафотларсиз, хавфсиз кириб боряпти. Учта шаҳарга ҳар бир қурувчи самолёт бомбардимон бомбаларни ташлаб, яна ҳеч қандай муаммосиз ташқарига чиқиб кетяпти. Мана шу ҳолатнинг ўзи, ҳақиқатан ҳам қизиқ.
Ҳар хил фейк хабарлар ҳам тарқалди. Умуман олганда, портлашда уран моддаси 235 уран дейилади — бойитилади. Бу уран 235 турли хил термо-ядро реакцияга киритиш, атом электр станциялари учун реакторларда ишлатиш учун керакли модда. Ва юқорида айтиб ўтганингиздек, Эрон тинч мақсадларда фойдаланади, дейилади.
Лекин Эронда уран билан ишлашда жуда юқори илмий мактаб бор, олимлар бор. Бекорга у олимлар орқасида ҳозирги ҳолатлар юз бермаяпти. Исроил ва Эрон ўртасидаги қарама-қаршиликлар ҳам бор. Уларда уран 235 моддаси 80–100 метр чуқурликда, жуда қийин географик шароитда сақланяпти.
Фордодаги портлаш тасвирларини ҳам кўряпмиз. Тасвирда нур чиқади. Агар реакция юз берса, кўк рангдаги нур юзага келади. Бу нур радиация тарқалаётганини англатади. Лекин ҳозирги ҳолатда бундай нур билан боғлиқ вазият тасвирларда кўринмаяпти. Демак, реакцияга кирмаган.
Иккинчидан, МАГАТЭнинг ўзи ҳам ҳеч қандай радиация тарқалмади, деган расмий маълумотларни беряпти. Ва датчиклар — датчиклар деганим, мана шу Эрон об-ҳаво бюроси, гидромет буни ўзи кузатади ёки Туркманистон об-ҳаво бюросида ҳам ҳозирги кунлардаги сўнгги маълумотлар бўйича гапирадиган бўлсак, ҳавода радиация бироз бўлса-да ортиши, радиация миқдорлари кузатилмади.
Лекин биламиз, барибир ёз ойларида биз кўп эшитамиз: Эрон ҳудудлари орқали бизга Туркманистондан иссиқ ҳаво оқимлари кириб келади, дейилади. Ва бугун эрталабдаги воқеа, агар чиндан ҳам жуда катта радиация тарқалиш эҳтимолини юзага келтирганида, бу ҳолат Ўзбекистонга кириб келиши мумкин эди — яъни Қорақалпоғистон, Хоразмга икки-уч сутка ичида.
Чунки ҳозирги Фордода шаклланадиган иссиқ ҳаво оқими, паст босимли ҳаво оқими бизга икки-уч кундан кейин етиб келади. Тошкентда, масалан, шу сешанба ва чоршанба кунлари ҳарорат 40 даражадан юқори кўтарилади, чунки иссиқ ҳаво оқимлари айнан ўша нуқтадан кириб келади бизга. Иккита ҳаво оқими бизга шу ҳудуддан кириб келишини ҳисобга олиб гапирадиган бўлсак, хавфли вазият эди.
Лекин хайриятки, ҳозирги МАГАТЭнинг расмий маълумотлари, сунъий йўлдош орқали радиацияни ўлчайдиган турли дастурий маҳсулотлар ва бўлаётган воқеалар хронологияси, шунингдек, об-ҳаво бюроларидаги дозиметрик ўлчовлар ўзлари “чийиллаб юборади”.
Масалан, Чернобилда ҳам собиқ совет давлати минг марта беркитганига қарамай, Швед метеорология хизмати ана шу датчиклар ёниб кетганини, улардан намуна олиб, тўғридан тўғри реактор ичидаги моддалар портлашдан юзага келаётган радиоактив нур эканини исботлаган. Яъни ўша пайтда ҳам "ғимир-симирлар" бўлган. СССР яширган Чернобил воқеасини Ғарб мамлакатлари, хусусан, Швеция об-ҳаво бюроси воқеадан ярим сутка ўтгандан кейин: "бу Чернобилда битта реактор портлаб кетди" деб расмий муносабат билдирган.
Ҳозирги ҳолатдаги воқеа ҳам шундай. Пентагон ўзининг рақамли, ситуацион марказида кўряпти. Нима учун ўша юкларни олиб кетишди — сен кўриб турибсан-да, яна қай тарзда ўша атом бойитилган объектга бомба ташлайсан? Менимча, бу В-2 деган қуролни қандайдир эксперимент ёки синовдан ўтказиш бўлган, деб ўйлайман.
Яна айтаман, агар радиация тарқалганида, Эрон ҳукуматининг ўзи ҳам эвакуация ишларини бошлаб юборган бўлар эди. Чунки биринчи навбатда радиация 5 км радиусда тарқалади, кейин 100 кмгача етади. Бу эса тўғридан тўғри Теҳронга тўғри келади. Маршрут ва шамол йўналиши ҳам ҳозир айнан ўша томонга қараб кетяпти. Яъни аввал Фордода бўлаётган воқеа Теҳронга, Теҳрондан Туркманистонга, кейин эса бизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ўтиши керак эди.
Лекин ҳозирги ҳолатда ҳеч қандай эвакуация ишлари амалга оширилмаяпти. Демак, бу учта шаҳарда амалга оширилган миссия — яъни уран бойитилган конларга зарба бериш ўзини оқламади.
Энди билмадим, бу қандайдир В-2 ни экспериментдан ўтказиш ҳолати бўлиши мумкин. Ва яна бу саволни кўпайтириш керак, кўпроқ бериш керак.
Талафотларсиз чиқиб кетиши ҳам қизиқ. Эронда бу даражадаги учувчи воситаларни кузатиш даражаси жуда юқори. Ҳатто кичик дрон кириб келса, сиз уни кўрасиз, тўғридан тўғри ракета зарбаларини беришга мажбур бўласиз. Лекин бу ерда кўплаб қурувчи самолётлар талафотларсиз, муаммосиз чиқиб кетган.
Бу дегани — В-2 бомбардимончи самолётларини уриб тушириш осон эмас. Шундай маълумотни ҳам ўқидим.
Энди, Эркин ака, қисқа ва лўнда қилиб айтганда — кучли нурланиш хавфи ҳозир йўқ. Ва агарда шунақанги ҳолат яна такрорланса ва тўғридан тўғри кучли нурланиш юзага келса ҳам Ўзбекистонга таъсир этмайди. Чунки ҳаво оқимлари ҳозир Туркманистон ва Ўзбекистон орқали кириб келиш позициясига эга эмас. Улар бошқа жойга — жанубга, бошқа араб мамлакатларига ёки, масалан, Озарбойжонга кетиши мумкин.
Лекин ҳозирги бир ҳафталикда бизда вазият барқарор. Бугунгисида ўша маршрутдан иссиқ ҳаво оқимлари кириб келаётгани туфайли биз ҳам айнан шу маълумотни қўйдик. Ва ўйлайманки, бу жуда ҳам катта термо-ядро портлашини юзага келтирмайди. Яъни хоҳ иккинчи операция бўлсин, у қанчалик маштабли бўлмасин — 2000 км радиусда, ҳатто Тошкентгача етиб келадиган нурланиш ёки шамол йўналиши бўлган тақдирда ҳам, ҳозирги жараёнларга қараганда, Эроннинг ўзи ҳам келаётган хавфларни кўряпти ва эвакуация ишларини бошқа ҳудудларга кўчиряпти.
Яна такрорлайман: ҳозирги вазият, билмадим, Пентагон икки кун олдинги сунъий йўлдош маълумотларидан кўриб турибди ўша ҳудудда нима бўлаётганини. Олиб кетилаётган юклар, машиналар. Айтяпман-ку, 20 см аниқликда кўриш мумкин ҳозир сунъий йўлдош маълумотларидан. Ва ҳозир ҳаво тоза, қуёшли. Яъни Эронда ҳам, бизда ҳам булут йўқ.
Ҳатто расмларни мен кўрдим. Ҳатто санашингиз ҳам мумкин — нечта юк машинаси келиб, қаерга кириб, ер қаърига кириб кетяпти. Ҳаммаси кўриниб турибди. Ва қанча юк қаердан кириб чиқди — айтаман, 10 см аниқликда кўриш мумкин ҳозирги сунъий йўлдош маълумотларидан.
Интервюни тўлиқ YouTube’да томоша қилишингиз мумкин.
Шохруҳ Мажидзода суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
„Участкавой“ президент билан учрашувда капитанга айланди
Ўзбекистон | 15:27 / 11.07.2025
Трамп: НАТО Украина учун АҚШдан қурол сотиб олади
Жаҳон | 11:21 / 11.07.2025
Элдор Шомуродов Туркия клубига ўтди
Спорт | 11:12 / 11.07.2025
Таэквондочи Улуғбек Рашидов икки йилга дисквалификация қилинди
Спорт | 11:00 / 11.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар
Ўзбекистон | 09:00 / 11.07.2025
-
Май ҳам ўтди, қонундан эса дарак йўқ: давлат хизматчилари даромади қачондан декларацияланади?
Ўзбекистон | 19:23
-
Аш-Шаръа Бокуга келди: Озарбойжон Сурия газ таъминотига ёрдам бермоқчи
Жаҳон | 19:18
-
Импортда яна муаммо: Техник тартибга солиш агентлиги музлаткич ва совиткичларни Ўзбекистонга киргизмаяпти
Иқтисодиёт | 18:37
Мавзуга оид

21:05 / 11.07.2025
“Кавказда Россия энди лидер эмас, оддий иштирокчига айланмоқда” — сиёсатшунос

11:22 / 11.07.2025
🔴 LIVE: Алиев–Пашинян ва Трамп–Нетаняҳу учрашувлари. Нималар гаплашилди?

23:17 / 09.07.2025
Россия фронтда муҳим ютуқларга эришди, Путин Трампга узил-кесил йўқ деди — “Геосиёсат”

16:21 / 07.07.2025