G7 саммити ва Трампнинг божлари: музокараларда аниқ натижалар кўринмади
Еттилик гуруҳи давлатларининг банк-молия соҳаси раҳбарлари анъанавий йиллик саммитга йиғилди. Расмий баёнотларда Трампнинг божлари “хонадаги фил”дек таассурот уйғотди: саммит коммюникесида “савдо” сўзи бир марта қўлланган, “тариф” сўзи эса учрамайди. Анжуман тугаши билан Доналд Трамп Европа Иттифоқига қатор айбловлар қўйиб, ЕИ маҳсулотларига божларни 1 июндан 50 фоизгача ошириш ниятида эканини айтди.

Фото: The Canadian Press / Jeff McIntosh
Катта еттилик гуруҳи давлатлари етакчиларининг июн ойидаги саммитидан олдин, молия вазирлари ва марказий банк раислари Канаданинг Банф шаҳрида учрашди.
Унда гуруҳ аъзолари АҚШ президенти Доналд Трампнинг бож сиёсати бўйича келишмовчиликларни юмшатишга ва форум долзарблигини сақлаб қолишга ҳаракат қилди, дея хабар бермоқда Reuters.
Аммо форумнинг эртасига, Трамп 1 июндан Европа Иттифоқи товарларига 50 фоизлик бож жорий қилишни хоҳлаётганини маълум қилди.
“G6+1” такрорланишига йўл қўйилмади
G7 молия вазирлари Банф шаҳрида ўтган музокараларга ижобий тус беришга ҳаракат қилиб, жамоатчилик қаршисида асосий эътиборни божлар билан боғлиқ бўлмаган масалаларга қаратди. Баёнотларда Украинага ёрдам, Хитойнинг иқтисодий сиёсати, молиявий жиноятлар ва гиёҳвандлик моддалари айланмасига қарши кураш ҳақида сўз боради.
“Бугун жуда самарали кун бўлди”, – деди АҚШ молия вазири Скотт Бессент журналистларга, G7 молия вазирлари ва марказий банк раҳбарлари билан биргаликда тоғ тепасидаги кечки овқатга йўл олаётган пайтда.
Саммит иштирокчилари 2018 йилда Канадада бўлиб ўтган, Трампнинг пўлат ва алюминийга солган божлари туфайли умумий баёнот қабул қилинмаган, шу сабаб “G6+1” деб аталган G7 молия раҳбарлари учрашуви такрорланишидан қочишга интилишди.
Ўшанда Канада, Япония, Германия, Франция, Британия ва Италия Трампнинг бож сиёсатидан “бир овоздан хавотир ва умидсизлик” билдирган эди.
Бу сафар эса Трампнинг бож сиёсати янада кенгроқ миқёсда эканига қарамай, қолган давлатларда Бесcент билан келишувга эришишга интилиш юқорироқ бўлди.
“Кайфиятда сезиларли ижобий ўзгариш бўлди. Биз иттифоқчилар сифатида очиқ ва самимий суҳбат қилдик”, – деди АҚШ ва Франция молия вазирларининг учрашувидан кейин француз томонининг расмий вакили.
Саммит иштирокчиларининг барчаси қўшма баёнотга имзо чекишди. Унда “савдо” сўзи фақат бир марта ишлатилган, “тариф” сўзи эса умуман учрамайди.
Вазирлар учрашувида Трампнинг тарифлари “хонадаги фил” образида бўлганми? Канада молия вазири Франсуа-Филипп Шампан матбуот анжуманида берилган бу саволга жавоб бераркан: “Ҳал этишимиз керак бўлган муҳим масалалар борлиги ойдек равшан. АҚШнинг тарифлар сиёсати атрофида муҳокамалар бўлаётганига шубҳа йўқ. Бу муҳокамалар жуда конструктив ўтмоқда”, деди.
АҚШ Украинага босқинни ноқонуний деб аташга тўсқинлик қилди
Саммитнинг қўшма коммюникеси матни устида мунозаралар борган. Европалик манбаларга кўра, АҚШ расмийлари баёнот лойиҳасидан Россиянинг Украинага бостириб киришини “ноқонуний” деб таърифлайдиган иборани олиб ташлашни истаган. Эълон қилинган коммюникеда Россия босқини “ноқонуний” деб эмас, “шафқатсиз” дея таърифланган.
“Биз ўт очишни тўхтатишга қаратилган жорий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз. Агар оташкесимга эришилмаса, барча қўллаш имкони мавжуд бўлган барча вариантларни кўриб чиқиш давом этамиз, босимни максимал даражага чиқариш учун санкцияларни кўпайтириш варианти ҳам шулар жумласидан. Россиянинг бизнинг юрисдикциямиздаги суверен активлари Россия ўз агрессиясини тўхтатиб, Украинага етказган зарари учун тўлов қилмагунига қадар музлатилган ҳолатда қолишини яна бир бор тасдиқлаймиз”, – дейилади G7 қўшма баёнотида.
Қайд этилишича, Жаҳон банки Украинани қайта тиклаш учун кейинги 10 йилда 524 млрд доллар маблағ керак бўлишини билдирган.
“Биз Россия ҳарбий машинасини молиялаштирган ёки унга таъминотчи бўлган мамлакатлар ва корхоналар, шу жумладан Россия ҳарбий машинасини қўллаб-қувватлаган мамлакатларнинг корхоналари Украинани қайта тиклаш жараёнидан фойда кўрмасликларини таъминлаш учун биргаликда ишлашни давом эттиришга келишиб олдик”, – дея қайд этган 7 давлат молия вазирлари.
Эслатиб ўтамиз, Хитой Ғарб санкцияларини четлаб ўтишда Россияга ёрдам бериб келмоқда ҳамда дрон деталлари каби юқори технологияли ва жанг майдонида ишлатиладиган маҳсулотларни етказиб бермоқда.
АҚШ–Канада музокаралари – “ижобий ва самарали”
Саммит доирасида АҚШ молия вазири Скот Бессент ва Канада молия вазири Франсуа-Филипп Шампан ўртасида муҳим икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Унда икки давлат ўртасидаги савдо зиддиятларини юмшатиш ва янги иқтисодий ҳамкорлик асослари муҳокама қилинди.
Сўнгги ойларда АҚШ ва Канада ўртасидаги савдо муносабатлари кескинлашди. АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти томонидан АҚШ-Мексика-Канада келишуви доирасига кирмайдиган Канада маҳсулотларига 25 фоиз бож жорий қилинди. Бунга жавобан Канада тахминан 43 миллиард долларлик АҚШ импортига қарши бож солиғи қўллади. Бироқ автомобилсозлик ва ишлаб чиқариш соҳаларига вақтинчалик имтиёзлар берилди, бу эса АҚШга боғлиқ бўлмаган янги таъминот занжирларини излаш имконини яратди.
Бессент ва Шампан ўзаро учрашувни “ижобий ва самарали” деб баҳолади. “Биз G7 доирасида самарали муҳокамалар олиб бордик. Эришилган ютуқлар ва G7 ичидаги бирлик бизни мамнун қилди”, – деди Шампан журналистларга.
Канада бош вазири Марк Карни бу борада: “Ҳукуматимиз Канада учун энг яхши келишувни таъминлаш учун барча зарур чораларни кўради”, деб таъкидлади.
Трамп Европага яна божлар билан таҳдид қилди
Банфдаги G7 саммити 20-22 май кунлари бўлиб ўтди. 23 май куни эса Доналд Трамп ўзининг ижтимоий тармоғида пост ёзиб, навбатдаги марта Европага қаратилган танқидий ва таҳдидли чиқиш қилди.
АҚШ президентига кўра, Европа Иттифоқи “савдо масалаларида АҚШдан фойда кўриш мақсадида” тузилган. Иттифоқ билан келишувга эришиш жуда қийин бўляпти, деган у.
“Уларнинг қудратли савдо тўсиқлари, ҚҚС солиқлари, бемаъни корпоратив жарималари, номонетар савдо тўсиқлари, монетар манипуляциялари, Америка компанияларига қарши судлардаги адолатсиз ва асоссиз даъволари ва бошқа кўп нарсалар АҚШ билан йилига 250 млрд доллардан ортиқ савдо дефицитига олиб келди. Бу рақамни мутлақо қабул қилиб бўлмайди.
Улар билан музокараларимиз ҳеч қаерга олиб бормаяпти! Шундай экан, мен Европа Иттифоқига 2025 йил 1 июндан бошлаб текис 50 фоизлик тариф жорий этишни таклиф қиляпман”, – дея ёзди Трамп.
Тавсия этамиз
Ўзбекистон Mobiuz компаниясини халқаро сотувга қўйди
Ўзбекистон | 23:10 / 09.06.2025
Тошкентда илк BRT тизими: у қандай кўринишда бўлади?
Ўзбекистон | 20:17 / 07.06.2025
Бир нечта ташкилотлар Enter Engineering компаниясини судга берди
Ўзбекистон | 17:39 / 07.06.2025
Хатолар улғайтирган жамоа. Ўзбекистоннинг мундиал сари узоқ йўли ҳақида
Спорт | 15:27 / 07.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Трамп Украина ва Россия ўртасидаги музокаралар бўйича янги баёнот берди
Жаҳон | 23:40 / 12.06.2025
-
Глобал қочқинлар сони 2011 йилдан бери биринчи марта камайди – БМТ
Жаҳон | 23:02 / 12.06.2025
-
Флорида губернатори намойишчиларни автомобилда уриб юбориш мумкинлигини айтди
Жаҳон | 23:01 / 12.06.2025
-
Янги Тошкентда «Петербург маҳалласи» бўлади
Ўзбекистон | 22:28 / 12.06.2025
Мавзуга оид

23:40 / 12.06.2025
Трамп Украина ва Россия ўртасидаги музокаралар бўйича янги баёнот берди

23:01 / 12.06.2025
Флорида губернатори намойишчиларни автомобилда уриб юбориш мумкинлигини айтди

21:01 / 12.06.2025
Ғарб Исроил Эронга зарба беришидан хавотирда. Бу ҳақда нималар маълум ва оқибатлар қандай бўлиши мумкин?

12:40 / 12.06.2025