Жаҳон | 17:55 / 23.05.2025
2558
2 дақиқада ўқилади

Россияда мигрантларнинг айрим фарзандлари рус тили имтиҳонидан озод қилинди

Чет элликларнинг мактабда таълим олаётган фарзандларига имтиҳон шарт эмаслиги айтилди.

Фото: riamo.ru

Рус тилидан билимини мажбурий синовдан ўтказиш тўғрисидаги қонун кучга киргунга қадар рус мактабларига ўқишга кирган мигрантларнинг фарзандлари имтиҳонда қатнашмайди, бу мақсадга мувофиқ эмас, деди РИА Новости агентлигига «Рособрнадзор» раҳбари Анзор Музаев.

Аввалроқ, Давлат Думасининг «Новые люди» фракцияси депутатлари ҳар йили рус мактабларида таълим олаётган мигрантлар фарзандларининг рус тили билимини синовдан ўтказишни таклиф қилган эди.

«Бизга бундай буйруқ келмади ва мен бу ишни бажаришдан ҳозирча ҳеч қандай маъно кўрмаяпман», деди бошқарма бошлиғи.

Бироқ, Музаевга кўра, ўқитувчилар чет эл фуқароларининг фарзандлари рус тилини ўрганишда муаммоларга дуч келмаслиги учун ҳаракат қилиши керак.

«Мактабларимизда аллақачон ўқиётган мигрант болаларнинг рус тили билан боғлиқ муаммолари унчалик юқори эмас», деб хулоса қилди «Рособрнадзор» раҳбари.

Россияда рус мактабларига кириш ва ўқишни давом эттиришни режалаштираётган вояга етмаган чет эл фуқаролари учун рус тилини билиш даражасини аниқлаш тести 2025 йил 1 апрелдан бошлаб жорий қилинган эди.

Мавзуга оид

Эълонлар