Жамият | 23:34 / 22.05.2025
9299
2 дақиқада ўқилади

Ангренда 4 нафар мактаб ўқувчиси битирув кечасига пул топиш мақсадида ўғрилик содир этди

Улар Дамас русумли автомашинадан пул маблағлари ўғирлаган. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ

Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида ўғирлик содир этган мактаб ўқувчилари қўлга олинди, деб хабар беради вилоят ИИББ ахборот хизмати.

Қайд этилишича, 17 апрел кунига ўтар кечаси Ангрен шаҳри Нурчи маҳалласида номаълум шахс Дамас русумли автомашинадан пул маблағлари ўғирлангани ҳақида ҳудудий Ички ишлар бўлимига хабар келиб тушган. Ҳолат ўрганилиб, тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тезкор чоралар натижасида ушбу жиноятни 15–17 ёшдаги тўрт нафар мактаб ўқувчиси содир этгани аниқланиб, улар процессуал тартибда ушланган.

Дастлабки тергов давомида гумонланувчилар ушбу ўғирланган пулларни мактаб битирув кечаси учун керак бўлган харажатларни қоплаш мақсадида олганини билдирган.

«Бу каби ҳолатлар барчамизни бирдек ўйлантириши керак. Чунки битирув кечалари ва шу каби тадбирлардаги ортиқча харажатлар, «бошқалардан қолмаслик» ҳисси, моддий босим — айрим ўқувчиларни жиноятга бошламоқда», — дейилади ИИББ хабарида.

Мавзуга оид

Эълонлар