Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари 24 май куни ўтказилади
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда ушбу тадбир ўтказилиши тақиқлангани, чекловлар ўрнатилгани ҳақида тарқалаётган хабарлар нотўғри эканини маълум қилди.

Фото: Kun.uz
Ўзбекистон мактабларига «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари 24 май, шанба куни ўтказилади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.
Вазирликка кўра, ижтимоий тармоқларда ушбу тадбир ўтказилиши тақиқлангани, чекловлар ўрнатилгани ҳақида турли нотўғри хабарлар тарқалмоқда.
Жорий ўқув йилининг охирги куни 25 май, якшанба – дам олиш кунига тўғри келгани сабабли «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари 24 май, шанба куни ўтказилиши белгиланган.
«„Сўнгги қўнғироқ“ ҳар бир инсон ҳаётида унутилмас таассуротларга бой бўлади. Айниқса, катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган 11-синф битирувчилари учун бу куннинг аҳамияти ва қадри ўзгача. Бир томондан, кўп йиллик қадрдон синфдошлар, меҳрибон устозлар, жонажон мактаб билан умрбод хайрлашиш осон эмас. Иккинчи томондан, мустақил ҳаётга қадам қўйиш завқи, янги марралар чорлови, талабалик сурури. Бу энди чинакам байрам», – дейилади хабарда.
Мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини кўтаринки кайфиятда, тантаналар билан ўтказиш анъанаси бу йил ҳам давом этиши таъкидланган.
«Фақат мактабларимиз жамоаларини, битирувчиларимизни, ҳурматли ота-оналаримизни тадбирлар жараёнида хавфсизлик қоидаларига риоя этишларини сўраймиз», – дея таъкидланади вазирлик хабарида.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Азамат Камолов барча таълим ташкилотларига «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар ҳамда намунавий сценарийлар етказилганини маълум қилганди.
Мазкур тавсияларга мувофиқ, турли дабдабозликларга йўл қўймаслик, ўқувчилар ёки уларнинг ота-оналаридан пул маблағларини йиғишга қатъий чек қўйиш, битирув оқшомларини турли ресторанлар ва тўйхоналарда нишонламаслик, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ўқувчилар автомобилларда гуруҳ-гуруҳ бўлиб ҳаракатланиши ёки чўмилиш ҳавзаларига боришининг олдини олиш белгиланган.
Бундан аввалроқ, Ўзбекистон мактабларида 25 май куни бўлиб ўтадиган «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида валс тушишни тақиқланиши ҳақида хабар тарқалганди. Вазирлик матбуот хизмати «Дарё»га берган изоҳида «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида валс тушиш тақиқланиши борасида ҳеч қандай ҳужжат йўқлиги, бироқ фарзандлари дарсдан сўнг қолиб рақс тушишни ўрганиши, тадбир учун қиммат кийимлар тиктириш, бунинг учун пул йиғиш ҳолатлари ота-оналарнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганини билдириб ўтганди.
Мавзуга оид

17:00
Келажакка тикилган сармоя: Олтиариқда янги мактаб биноси фойдаланишга топширилди

15:31 / 03.06.2025
Таълим даражаси юқори бўлмаган мактабга ишга кириш учун нима қилиш керак?

10:51 / 02.06.2025
Ўзбекистон ва Малайзия мактаб ўқитувчилари малакасини оширади

23:54 / 26.05.2025