Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“1 соатда битадиган муаммони 1,5 йилдан бери чўзишмоқда” – Зангиотада тайёр янги мактаб иш бошламаяпти
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 5 та маҳалла учун 1 йил олдин қурилган янги мактаб ҳамон фойдаланишга топширилмаган. Бу ер фонди тоифасини ўзгартириш ва бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ шакллантирилмагани билан боғлиқ. Ҳудуд аҳолиси ҳокимликнинг янги мактаб ҳужжатларини тайёрлашдаги сусткашлигидан норози. Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кўра, туман ҳокимлиги бир неча маротаба ҳужжатларни чала ҳолда олиб келган.

Зангиота туманида янги қурилган мактаб бюрократик сабаблар билан ишга тушмай турибди. Kun.uz мухбири аҳолидан тушган мурожаатга асосан ҳолатни ҳудудга бориб ўрганди.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг 2023 йилдаги тегишли қарори билан Зангиота туманининг Фаробий маҳалласида мактаб қуриш учун 1,5 га ер ажратилган. Ҳозирга қадар 1 га майдонда мактаб қурилиб, девор билан ажратиб қўйилган. Фуқароларнинг айтишича, Зангиота тумани ҳокими ер майдонининг қолган қисмига спорт комплекси қурилишини айтган. Аҳоли эса у ерда қўшимча мактаб биноси ёки бошқа ижтимоий объект бўлиши кераклигини билдирмоқда.
Ажратилган майдон азалдан мактаб қуриш учун мўлжаллаб келинган. Шунга қарамай, 2022 йил бу ерда коттежлар қурила бошланган. Айрим уйларнинг томи ҳам ёпилган. Аҳолининг қаршилиги билан мактаб ҳудуди сақлаб қолинган ва коттежлар бузиб ташланган. Ҳозир янги мактаб қад ростлаган. Бироқ унинг ҳужжатлари билан боғлиқ ишларни жой-жойига қўйишда ҳокимлик ўз вазифасини бажармаяпти, демоқда аҳоли вакиллари.
“Ҳақиқатан, мактаб қурилди. Нимадир камчиликлар бўлиб, сентябрда очилмади. Октябр, ноябр дейишди, унда ҳам бўлмади. Мана, шу вақтга етиб келдик. Лекин бу кетишда бу йил ҳам очилишига гумонимиз бор-да. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Охирги марта Сенатга бордик. Сенаторлар келишди, ҳоким ҳам. Яна қуйи палата қўмитаси раиси Баҳром ака келди. Улар билан гаплашиб, ҳаммаси келишилди. Зангиота тумани ҳокими Эркин Рустамов барчанинг олдида “ҳаммасини қиламан, менинг бўйнимда бу мактаб”, деди. Лекин натижа йўқ. Шу вақтгача ҳали кадастр ҳужжати бўлмаган.
Бу ерда 4-5 та маҳаллада 20 минг нафардан ошиқ аҳоли яшайди. 4 минг нафардан ортиқ ўқувчи, 2 500 нафар боғча ёшидаги бола бор”, дейди Қиргузар маҳалласи вакили Шуҳрат Қосимов.
Фаробий маҳалласи раиси Бахтиёр Ёқубовнинг сўзларига кўра, қурилиш бошланмасидан олдин ўша суғориладиган ернинг ҳужжатини тайёрлаб чиқаришган. “Маорифнинг гапи бўйича, кадастри тайёр. Қонун бўйича суғориладиган ер бўлса, эгалик ҳуқуқи берилмайди”, дейди у.
Раиснинг айтишича, мактабга келиб рўйхатдан ўтаётганлар кўп. Ушбу таълим муассаса 530 нафар болани қабул қила олади. Ҳозирда бир кунда камида 30-50 нафар бола мактабга ёзиляпти.
“Мактабни очиш керак, нолинчи синфларни олиш керак. Ҳоким нега бу бунақа чўзади? Ҳоким қимирламайди, ҳоким ерни сотиш пайида”, деди Қиргузар маҳалласи вакили Исроил Жўраев.
Фаробий маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Бахтиёр Алихўжаев мактаб нега очилмаётгани юзасидан фикр билдирди.
“Бу ижтимоий соҳадан бирон-бир фойда бўлмайди. Яъни бирон-бир шахсга фойда бўлмайди, лекин аҳолига фойда бўлади. Мана шу нарса бўлгани учун ҳудудда мактаб очилишига ҳам, кейин яна бир бошқа ижтимоий объектлар яратилишига ҳам қаршиликлар бўляпти-да. Бу қаршилик ким томонидан бўлаётгани номаълум. Ҳозирча буни яхшилаб изланишлар олиб бориш керак, шунда аниқланади”, дейди ҳоким ёрдамчиси.
Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Маъмура Носировага кўра, 5 та маҳалланинг болалари бошқа ҳудуддаги мактабларга қатнашда ЙТҲга учраб, ҳалок бўлган ҳолатлари ҳам бор.
“Қурилган объектлар йилига икки марта регистрациядан ўтиши керак экан. Лекин мактаб битганига 1,5 йил бўлди. Бугун эрталаб документни Қишлоқ хўжалиги вазирлигига олиб бориб берган. У одам неча марта, бир йил олдин олиб борганда “замечания”лар берган. У “замечания”ларни мен ҳам инженер сифатида тушунаман, ҳеч унақа оғир жойи йўқ. Нари борса, қунт қилиб ишласангиз, бир соатда битадиган муаммолар. Шуни 1,5 йилдан бери чўзган. Шунда ҳам у одам март ойида ҳокимиятдагиларга ҳужжатни тўлиқ қилиб олиб келинглар, шу жойга нима қурилса, деб хат берган. Ўзи жой 2,82. Бунинг 2,4 га ер, қолгани дарахтлар, улар кирмайди ер зонасига. Энди қаранг, 1,5 га ер мактабга берилган, кичкина мактаб қурилди. Ҳокимнинг қарори ўзгармайди. Мана шу ерга қўшимча корпус қурилиши керак. Бизнинг 5 та маҳаллада ўқувчи кўп. Мана бу машина йўлидан ўтиб, 8-мактабга қатнаб нечта болаларимиз ҳалок бўлди. Мана бу ердан Ўрикзорга қатнаб, яхмалакларда сувга тушиб кетишди. Ғаввослар ҳафталаб болаларни излашди”, дейди Носирова.
Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Зангиота туман ҳокимлиги матбуот котиби билан боғланди. У ер фонди тоифасини ўзгартириш бўйича “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институтига таклиф берилганини айтди.
Қонунчиликка кўра қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ернинг тоифасини ўзгартириш учун туман ҳокимлиги ер участкаси ҳужжатларининг йиғмажилдини шакллантириши керак. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги масъул мутахассиси Жобир Эгамбердиевга кўра, Зангиота ҳокимлиги йиғмажилдни тўлиқ йиғмаган. 24-мактаб бир йил олдин қуриб битказилганига қарамай, ҳокимият зарур ҳужжатларни вазирликка чала тақдим этган. Оқибатда йиғмажилд қайтариб юборилган. Бир гуруҳ фуқаролар туман ҳокимлигига борганида, ходимлардан бири ҳужжатлар ишчи органда ушлаб турилганини иддао қилган. Шундан кейин одамлар вазирликка боришган.
“Бундан 6 ой олдин бизга нега ҳужжатларни ушлаб турибсизлар деб бир нечта фуқаролар келди. Мен шу заҳоти туман мутасаддисига қўнғироқ қилдим, баланд овозга қўйиб гаплашдим. Ҳужжатлари камчиликлари сабаб ҳукумат комиссиясидан қайтганини айтдим. Булар ер участкасидан сўнгги 5 йил ичида фойдаланиш ҳолати, ер участкасида мавжуд ер усти ва ости қазилма бойликлари ва конлари тўғрисида хулоса, ер участкасини бошқа тоифага ўтказиш ҳисобига яратиладиган иш ўринлари ва бошқа самарадорлик кўрсаткичлари бўйича техник-иқтисодий асосномалар, тоифаси ўзгартирилиши таклиф этилаётган ер участкасининг тасдиқланган мастер режаси эди. Хатоларини тўғрилашди, аммо ҳалиям мастер режаси йўқ”, дейди вазирлик вакили.
Жобир Эгамбердиевнинг қўшимча қилишича, Тошкент вилояти ҳокими берган таклифда мактаб учун 2,82 гектар ер майдони ажратилиши кўрсатилган. У имзолаган қарорда эса 1,5 гектар майдонда мактаб қурилиши белгиланган. Амалда муассаса 1 гектар майдонда қурилган.
Шаҳзод Ўроқбоев,
Kun.uz
Тавсия этамиз
Соч тўкилиши, кўз ости қорайиши, лаб ёрилиши: тана тили бизни нималардан огоҳлантиради?
Жамият | 17:08 / 10.07.2025
Роман Старовойт – урушнинг курсидаги қурбони
Жаҳон | 22:00 / 08.07.2025
Қозоғистонда куйдирги тарқалди, икки қишлоқ карантинга олинди
Жаҳон | 17:57 / 08.07.2025
11 июлдан IELTS имтиҳонини қоғозда топшириш бекор қилинади
Ўзбекистон | 15:45 / 08.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Бухорода сифати кафолатланмаган дорилар савдосига чек қўйилди
Ўзбекистон | 12:33
-
Мерц: Германия Украина учун АҚШдан Patriot тизимларини сотиб олишга тайёр
Жаҳон | 12:30
-
Ўзбекистонда тез ёрдамга бирорта ҳам ёлғон чақириқ бўлмаган ҳудуд айтилди
Ўзбекистон | 12:07
-
Академик лицейларга кириш учун 49 мингдан ортиқ ариза топширилди
Ўзбекистон | 11:55
Мавзуга оид

16:44 / 09.07.2025
Тошкент вилоятидан қатновчи автобуслар йўналиши пойтахт ичкарисигача узайтирилади

19:00 / 07.07.2025
Вақтинчалик рўйхатда турган фуқароларнинг фарзандларини мактабга қабул қилишда чекловлар мавжуд эмас – ММТВ

08:09 / 07.07.2025
Ихтисослаштирилган мактабларнинг кириш имтиҳонлари 3 сменада бўлиб ўтади

12:13 / 03.07.2025