Ўзбекистон | 09:00 / 18.05.2025
12878
13 дақиқада ўқилади

“Ижтимоий тармоқлар қонуни” ва грин-картадаги лидерлик — ҳафта дайжести

Радар ва камералардан зада бўлган ҳайдовчилар учун айрим енгилликлар эълон қилинди. Президент мактаб ўқитувчиларининг ойлиги ва аттестацияси ҳақида гапирди. Ижтимоий тармоқлар устидан назорат кучайтирилади. Ўзбекистонликлар визасиз бориши мумкин бўлган бой давлатлар сони яна биттага кўпаймоқда. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим воқеалари – Kun.uz дайжестида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳайдовчиларга енгилликлар

Ўзбекистон ҳукумати ҳайдовчиларнинг кўнглини овлашга қарор қилди. Жума куни эълон қилинган қарор билан, радарлар, йўл чизиқлари ва йўл белгилари масаласида ҳайдовчилар эътирозига сабаб бўлиб келаётган бир қатор масалаларда енгилликлар жорий қилинмоқда.

Асосий янгиликлардан бири: 1 июндан бошлаб камералар йўллардаги сидирға чизиқларни босганлик учун жарима ёзмайди. Бир неча йилдан бери йўл чизиқлари чизилмаган йўлларнинг фақатгина камера бор қисмигагина чизиқ чизиб қўйилиши кўп танқидларга учраб келаётганди. Қарор билан, ана шу норозиликлар камаядиган бўлди. Шу билан бирга, тўхташ чизиғини босганлик учун аввалгидек тартибда жарима қўллаш давом этади. Хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимларининг сидирға чизиқни босган ҳайдовчиларга жарима қўллаш ҳуқуқи ҳам сақлаб қолинмоқда.

1 июндан бошлаб, тирбандликнинг олдини олиш учун шаҳарларда йўлтаъмирлаш ва йўл чизиқларини чизиш ишларини соат 7:00 дан 21:00 гача амалга ошириш тақиқланади. 1 сентябрдан эътиборан, стационар ва мобил радарлар ишлаётган ҳар қандай жойда “Радар” белгисини ўрнатиш мажбурий бўлади. Шунингдек, 16 майдан бошлаб, жамоат транспорти учун ажратилган “А” ҳарфли йўлакда соат 23:00 дан 06:00 гача барча транспорт воситалари ҳаракатланишига рухсат берилди.

Тўхташ ва тўхтаб туришни тақиқловчи йўл белгиларининг кераксиз деб топилганлари олиб ташланади, қолганларининг тагига эса белгининг амал қилиш вақти ёзиб қўйилади. Ёзилган вақтдан ташқари соатларда белги бор жойда ҳам тўхташ ёки тўхтаб туриш мумкин бўлади. Бундан ташқари, айрим темирйўл кесишмаларидаги “Стоп” белгилари ўрнига бошқарилувчи светофорлар ўрнатилиб, ҳайдовчиларнинг беҳуда тўхтаб ўтишига барҳам берилади.

Қарорда Ўзбекистон йўлларидаги барча радар ва камераларни йил охиригача тўлиқ хатловдан ўтказиб, белгиланган талабларга зид тарзда ўрнатилган ёки техник талабларга жавоб бермайдиганларини олиб ташлаш кўзда тутилган. Биринчи марта енгил қоидабузарлик содир этганларни жаримага тортмасдан, огоҳлантириш бериш тартиби жорий этилади – бу борада алоҳида қонун қабул қилиниши кутилмоқда. Айни пайтда, парламентдаги партиялар радарлар қайд этган тезликдан 5 эмас, 10 км/соат чегириб ташлаш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқяпти.

Ижтимоий тармоқлар ва блогерларга талаблар

Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар ҳақида қонун қабул қилиниши кутилмоқда. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Лойиҳада ижтимоий тармоқларни бошқарувчи компаниялар, блогерлар, инфлюенсерлар ва тармоқларда очилган гуруҳларнинг модераторларига нисбатан қатор талаблар назарда тутилган.

Хусусан, Ўзбекистон ҳудудидаги фойдаланувчилари сони кунига 100 мингдан ошадиган ижтимоий тармоқлар Ўзбекистондаги расмий вакилини тайинлаши керак бўлади. Бу вакил ноқонуний деб топилган контентни ўчириш каби масалаларда ваколатли орган, яъни ОАКА билан ҳамкорликда ишлаши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан эса тезкор алоқада бўлиши талаб этилади.

Давлат органининг талабларини мунтазам бажармаган ижтимоий тармоқларга кириш тезлиги суд қарори асосида пасайтириб қўйилиши мумкин. Ноқонуний контент ижтимоий тармоқлар ва расмий рўйхатдан ўтган ОАВдан бошқа сайтларда тарқатилган ҳолатларда, бу сайтларни блоклаш учун суд қарори талаб этилмайди.

Қонун лойиҳасида “ёлғон ахборот” тушунчасига берилган таъриф алоҳида эътиборга лойиқ. “Ҳақиқатга мос келмайдиган, шахслар, ашёлар, воқеалар, ҳодисалар ва жараёнлар ҳақида фактларни бузиб кўрсатадиган, нотўғри таассурот уйғотадиган” ахборот ёлғон ахборотдир, дейилади лойиҳада. Ваколатли орган интернетда тарқалган бирор ёлғон ахборотни “жамоат тартибига таҳдид солади” деб ҳисобласа, уни ноқонуний контент деб эътироф этади ва шунга асосан чоралар кўради.

Лойиҳа 10 минг кишидан ортиқ обуначига эга блогерларни “инфлюенсер” деб белгилаш кўзда тутилган. Инфлюенсерлар тарқатаётган ахборотининг тўғрилигини текшириши, ноқонуний контент тарқатилмаслиги учун ёзилаётган изоҳларни кузатиб бориши, терговчи ёки прокурордан рухсат олмай туриб суриштирув ёки тергов материалларини эълон қилмаслиги, судга таъсир ўтказмаслиги керак. Мурожаат қилиш учун контакт маълумотларини очиқ тарзда жойлаштириб қўймаган каналларга реклама бериш тақиқланиши мумкин.

Қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 27 майгача давом этади. Муҳокамалар порталида айни пайтгача бир қатор танқидий изоҳларни кўриш мумкин. Маълумот учун, Freedom House халқаро ташкилотининг интернет эркинлиги рейтингида Ўзбекистон сўнгги ўнталикда қолмоқда.

Грин-карта бўйича етакчилик ва Хитойга визасиз режим

Ўтган икки ҳафта ичида 5 мингдан ортиқ ўзбекнинг уйида байрам бўлган. АҚШдан келган хабарларга қараганда, бу йил 5564 нафар ўзбекистонликка грин-карта чиққан. Бу – ҳар йилги рақамлар билан деярли бир хил. Фарқи шундаки, бу йил Ўзбекистон энг кўп грин-карта ютган давлатлар орасида 1-ўринни эгаллади. Шу билан бирга, аввалги йиллардаги каби, Жазоир, Россия, Миср ва Судан аҳолиси орасидан ҳам 5,5 мингдан ортиғига лотереяда ютуқ чиққан. Қайд этиш керак, ютуқ чиқди дегани виза нақд дегани эмас: дунё бўйлаб 130 мингта даъвогар танлаб олинган, якунда улардан фақат 55 минг нафари виза ололади.

Дунёнинг биринчи рақамли иқтисодиётига бориш кимга насиб қилмаган бўлса, улар учун дунёнинг иккинчи рақамли иқтисодиёти ўз эшикларини очяпти. 1 июндан эътиборан Ўзбекистон ватандошлари Хитойга визасиз бориши мумкин. Визасиз режим Хитойда 30 кунгача бўлиш имконини беради. Шу билан бирга, YouTube'да Хитой ҳақидаги ўзбекча видеоконтентлар кўпайишини кутиш унчалик ҳам ўзини оқламаслиги мумкин: дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири бўлмиш Хитойга визасиз борганлар медиа фаолияти билан шуғулланиши мумкин эмас. Профессионал контент тайёрлаш, шунингдек, ўқиш ёки ишлаш учун алоҳида виза талаб этилади. Бундан ташқари, визасиз режим Хитойнинг Ҳонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудларига нисбатан амал қилмайди.

Реадмиссия ва депортация қилинганларга чекловлар

АҚШга борган, лекин грин-картаси йўқ, шу сабаб Доналд Трамп томонидан қувилаётган ўзбеклар учун ҳам янгилик бор. Ўзбекистон расмийлари Америкада ноқонуний юрган фуқароларини қайтариш бўйича АҚШ билан яқиндан ҳамкорлик қилаётгани, чартер рейслар ташкил этилаётгани, бунинг учун Вашингтон Тошкентга миннатдорлик билдирганидан хабарингиз бўлса керак. Сешанба куни имзоланган, 1 сентябрдан кучга кирадиган ҳукумат қарорига биноан, шу каби халқаро шартномалар асосида реадмиссия қилинган фуқаролар 2 йил давомида хорижга чиқиш паспортини олиш учун ариза беролмайди.

Қарор билан, чет элда ишлаб юрган вақтида қонунбузарлиги учун депортация қилинган шахсларга нисбатан ҳам таъсир чоралари белгиланди. Унга кўра, Миграция жамғармаси ҳисобидан қайтариб олиб келинган фуқаролардан қайтариш харажатлари ундириб олинади. Агар депортация қилинган шахс аввалроқ субсидия ёки компенсация олган бўлса, олган суммаларини ҳам қайтариб тўлаши керак бўлади. Улар бир йил давомида ривожланган давлатларга ташкиллаштирилган тарзда ишга юбориш жараёнларида қатнаша олмайди.

Мактаб таълими бўйича селектор

Ўзбекистон мактабларида 60 минг нафар ўқитувчи 8–12 млн сўм маош оляпти. Бу ҳақда пайшанба кунги селекторда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди. Давлат раҳбарининг изоҳлашича, бу натижага ўндан ортиқ турдаги устамалар жорий қилингани ҳисобига эришилган. Статистика агентлигига кўра, 2024/25 ўқув йили бошида мактабларда дарс бераётган ўқитувчилар сони 565 минг нафар бўлган. Демак, 8 млн сўмдан 12 млн сўмгача ёки бугунги курсда 617 доллардан 925 долларгача маош олаётган устозлар мактабларда ишлаётган жами педагогларнинг қарийб 11 фоизини ташкил этади.

Йиғилишда ўқитувчиларга тоифа бериш тизими шаффоф шаклга ўтказилгани сабаб “ҳақиқий аҳвол кўриниб қолгани” айтилди. Масалан, ўтган йили 341 минг ўқитувчи янги тизим асосида тоифага топширган бўлса, шундан 102 минг нафари ёки 30 фоизи имтиҳондан ўта олмаган. Қайд этиш лозим, аввалроқ тестларнинг валидлиги кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган, танқидчилар аттестацияда ўқитувчининг билими эмас, хотираси текширилаётганини айтганди.

Селекторда матбуотда танқид қилинган айрим мавзулар ҳам кўтарилди. Хусусан, ўтган ойларда Kun.uz бир неча бор Наманганда мактаб ўқитувчиларига автомобил ижарага бериш авж олгани, натижада автоҳалокатлар ва ўсмирларнинг ўлимлари рўй бераётгани ҳақида ёзганди. Шавкат Мирзиёев бу масалада ички ишлар бошлиқлари ва прокурорларни сусткашлиги учун танқид қилиб, болаларга машина бошқаришни берганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топшириғини берди.

Давлат раҳбари 7-11 синф ўқувчилари кунига 8 соатгача вақтини телефонда, ижтимоий тармоқларда ўтказаётганини айтиб, мактаб директорлари, устозлар ва ота-оналарни бефарқ қарамасликка чақирди. Мактаб таълимидаги муаммолар билан ишлаш бўйича “фавқулодда 90 кунлик” эълон қилинди. Таълим соҳаси раҳбарларини таълим билан боғлиқ бўлмаган мажлисларга чақириш тақиқланди. Ёшларни дунёда топ-ўнталикка кирувчи олийгоҳларга тайёрлаш мақсадида “Ҳарвардчилар мактаби” – Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб очилиши белгиланди. Бу йил 8-синф битирувчиларидан 60 нафари бу мактаб учун саралаб олиниб, Ҳарвард, Йель, Колумбия университети каби топ-10 олийгоҳларга мақсадли тайёрланади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Тошкентдаги мактабда болаларга “Катюша” ашуласини ёдлатган ўқитувчига огоҳлантириш берилди. Ҳолат Дўмбирободдаги 188-мактабда рўй берган: ўқитувчи математика дарсини ўтмасдан, 9 майни нишонлашга уринган. Воқеага депутат Алишер Қодиров муносабат билдириб, ҳамкасблари билан “Россотрудничество”нинг Ўзбекистондаги фаолиятини таҳлил қилиш ҳақида ТИВга сўров юбормоқчи эканини айтди. Шунингдек, ҳафта бошида 9 май куни шаҳардаги Биродарлик қабристонида рўй берган ҳолат видеоси тарқалди. Видеони олган шахс Ўзбекистон байроғини кўтариб қўшиқ айтаётган ёшларни провокатор деб атаб, уларни АҚШга сотилганликда айблаган.

Йилнинг биринчи чорагида енгил автомобиллар импорти 3 баробарга қулаган. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январ–март ойларида 7 мингтага яқин автомобил олиб кирилган. Ўтган йилнинг мос даврида эса бу кўрсаткич 22 мингта эди. Ҳафта давомида, шунингдек, “Ўзавтосаноат” Damas ва Labo ишлаб чиқаришни тўхтатиш масаласи кўриб чиқилмаётганини маълум қилди. Президент ҳузуридаги йиғилишда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун қолган 9 та мамлакат билан ҳам келишувга эришиб, Ишчи гуруҳнинг ҳисобот лойиҳасини якунлаш топшириғи берилди.

Жиноят судининг раиси жиноят устида қўлга олинди. Kun.uz манбасига кўра, жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти Хонобод шаҳар суди раиси 30 минг доллар олаётган вақтда ушланган. Судялар олий кенгашига кўра, судя Юнусжон Эгамбердиевга нисбатан фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан иш очилган бўлиб, кенгаш уни жавобгарликка тортиш бўйича бош прокурорнинг сўровига розилик берган. Иш бўйича бошқа тафсилотлар маълум эмас. Очиқ манбаларга кўра, Эгамбердиев суд раиси лавозимига бир неча ой олдин, ўтган йилнинг декабрида тайинланган.

Қўқонда аммиак билан боғлиқ фавқулодда ҳолат юз берди. Расмий хабарга кўра, кимёвий моддалар, хусусан ўғитлар ишлаб чиқарувчи Indorama заводида суюқ аммиакни вагондан контейнерга ўтказиш вақтида шлангда ёрилиб, тахминан 10 фоиз аммиак завод ҳудудига тўкилган. Завод ишчилари эвакуация қилинган, ўнга яқин одам тез ёрдамга мурожаат қилган. Ҳолат 1-2 соатда бартараф этилгани айтилмоқда.

Диний уламо Мубашшир Аҳмад Туркиядан депортация қилиниб, қамоққа олинди. Ўзбекистон ҳуқуқ органлари уни ўзига тегишли ахборот платформалари орқали диний мазмундаги ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тарқатишда айбламоқда. Маълумот учун, 51 ёшли Мубашшир Аҳмад ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида фаол. У Ўзбекистонда бир неча йил фаолият юритган Azon.uz ва Azon TV каби маърифий лойиҳалар ҳамда бир нечта диний китоблар муаллифи ҳисобланади.

Комрон Чегабоев тайёрлади.
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Тасвирчи – Шоҳрузбек Абдурайимов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова

Мавзуга оид