«Чўксанг каттароқ денгизда чўк». Гулернинг онаси, Мадриддаги саргузаштлари ва зилзиладан омон қолган мухлиси ҳақидаги ҳикояси

Фото: Gokhan Balci/Anadolu via Getty Image
Абдуқодир Ҳусанов мисолида бизга футбол маркази бўлмаган мамлакатлардан топ-клубларга бориш ҳикояси жуда яқин. Шу томондан, туркиялик футболчи Арда Гулернинг «Реал»даги саргузаштлари, унинг бу йўлни қандай босиб ўтгани ва келажаги ҳақидаги тасаввурларини ўқиш ҳамма учун қизиқ бўлса керак. 20 ёшли футболчи яқинда The Players Tribune порталига интервю берди ва мазкур платформа услубида ўз ҳикояси билан бўлишди. Эътиборингизга Арданинг ҳикоясини ҳавола қиламиз.
«Сизларга ўз ҳикоямни айтиб бериш вақти келди. Тўлиғича.
Футбол мамлакати сифатида келажагимиз ҳақида кўп ўйлайман ва табиийки, айтиб берадиганим кўп ёшларга илҳом беришига ишонаман, ҳар қандай орзуга етишиш мумкинлигини кўрсатишни истайман. Атиги бир неча йил олдин мен ҳам сизлардан бирингиз эдим...
Кулгили, ўн икки ёшимда дардим playstation олиш эди. Буни қанчалик орзу қилганимни тасаввур ҳам қила олмайсиз. Дадамга ҳар куни ёлворар, бутун фикрим FIFA17 ўйини билан боғлиқ бўлган.

Аслида болалигимда компютер ўйинларига унча қизиқмас, доим кўчада тўп тепишни афзал билганман. Кунлардан бир куни ўртоқларимдан бири янги playstation олди ва у ерда FIFA17 ҳам бор эди. Оҳҳо, ҳаётимнинг энг гўзал кунларидан бири – Алекс Ҳантер билан карьера модида ўйнаш эса даҳшат!
Алекс Ҳантерни эслайсизми? Балким танимассиз ҳам. FIFA17’да шунақа бир бўлим бор эди – Алекс исмли ҳеч ким танимайдиган болакай ўлароқ бошлайсан ва мақсадинг катта клублар билан шартнома имзолашга қадар етиб бориш бўлади. Агар муваффақият қозонсанг, Криштиану Роналду каби футболчилар билан елкама-елка стадион туннелидан чиқиб келасан.
Хуллас, турк ота-оналарини биласиз, дадам узоқ вақт «шошмай тур, баъзи муаммолар бор, ҳал қилиб олай» дерди. Нима демоқчилигини тушунмасдим ҳам. Аммо бир куни мактабдан уйга келсам, ошхонадаги стол устида бир пакет турибди.
– Ростанми? – деб сўрадим.
– Албатта, – деди дадам.
– Тинчликми? Лотереядан ютдингми?
– Йўқ, арзони учраб қолди. Бозордан олдим.
Кейин қарасам, FIFA’да ўша мен яхши кўрган бўлим йўқ. Алекс Ҳантерни тополмадим. Ғалати исмлар, Криштиану Роналдуни ўйнатмоқчи бўлсам «MD White» деган қанақадир клубни танлашим керак экан. Ҳафталарча мана шунақа шаклда ўйнашда давом этдим. Бир куни ўртоқларим келиб, бу оргинал playstation эмаслигини айтишди:
– Тентак, «Фенербаҳче» қани, футболчилар қани? Дадангни алдашибди.
Ҳаммаси кулавериб қотиб қолган, мен ҳам уларга қўшилиб кулмоқчи бўлар, аммо уятдан ернинг тагига кириб кетгандим.
Лекин очиғи, нима бўпти, ҳақиқий стадион, ҳақиқий футболчиларга эҳтиёжим йўқ, шу ҳам бўлаверади. Тошлардан ясалган бўлса ҳам бахтлиман. Биласизми, турк зеҳни шунақа. Нима демоқчи бўлаётганимни англаяпсизми? Мен бир бой хонадонда дунёга келмадим. Бир футболчининг ўғли ҳам эмасман. Анқарадаги бир кўп қаватли уйда вояга етдим. Онам уй бекаси, отам эса инқирозга учраган бир дўконни юргизади. Нега банкрот бўлди? Аслида Туркияда сўралган юз саволнинг тўқсон тўққизтасининг жавоби битта – футбол!
Келинг, бироз дадам ҳақида гаплашамиз. Футболни қанчалик яхши кўрарди? Айтиб берай. Мен ҳали энди юришни бошлаганимда шарларни чап оёғимнинг рўпарасига қўяр экан. Сабаби, мен чапақай футболчи бўлишимни истаган. У шунчаки «Фенербаҳче» мухлиси эмас, бу жамоа билан яшарди десак ҳам бўлади. Бир марта дербида гол урилганида хурсандчиликдан шунақа сакрайдики, шифтдаги қандил синиб тушганди. Бошқа бир куни, 2010 йилда чемпионлик ўйини бой берилганда эса бир яшикни тепиб оёғини синдириб олган. Шунақа бир мултфилм қаҳрамонига ўхшаш инсон. Мен бутун вужудим билан «Фенербаҳче»чи бўлганим сабаби ҳам у.
Мактабда Маҳмуд исмли жисмоний тарбия ўқитувчимиз бўларди. Тўққиз ёшдалигимда отамга «Генчлербирлиги» академиясига аъзо бўлишим кераклигини айтди. Уйимиздан бир соатлик йўл, узоқ, шунинг учун отам аввалига рози бўлмади. Аммо Маҳмуд хўжам менда истеъдод борлигини пайқаган шекилли, охири дадамни кўндирди. Отам ҳар куни мени машғулотларга олиб борар, ҳаммаси бўлиб соатлаб вақт кетарди. Дўконни эса шеригига ташлаб кетишга мажбур бўларди. Сабаби нима, билмайман, бир куни отам мени четга тортиб, дўконни ёпишга мажбур бўлишаётганини айтди. Бу бизнинг даромад келтирадиган ягона манба эди. Кейинчалик отам янги дўкон ҳам очди, аммо шуни эслайманки, маълум вақт ўтиб «Фенербаҳче» мени чақирганида фикримиз фақат футболдан иборат бўлмаган – пулимиз йўқлиги ҳам катта масала. Шунда ҳам шукр қиламан, егани нони йўқ, ётгани жойи йўқ болалар ҳам бор, ҳар ҳолда қорним ҳеч қачон оч қолмаган.
Бир қарорга келишимиз учун уч ой вақт ўтиб кетди. Ахир бундай қарорлар инсоннинг бутун ҳаётига таъсир қилади, тўғрими? Мен эндигина ўн уч ёшдаман, дадам уйдан узоқда бўлишимни истамайди. «Фенербаҳче»да ўйнаш буюк орзум, аммо ўзига яраша таваккалчилик борлигини ҳаммамиз тушуниб турардик. Ўзи профессионал футболчи бўла оламанми, йўқми, бунга ҳам амин эмасмиз аслида.
«Чўкадиган бўлсанг, каттароқ денгизда чўк», – деди охири дадам. Демак, Истанбул!
– «Олти ой ичида ҳаммаси ўз йўлига тушиб олса, биз ҳам ҳаммасини сотиб олдинга борамиз».
Ўша куни туғилган куним эди. Унутилмас оқшом. Онамнинг йиғлагани. Аммо ҳаммасидан ҳам мендан саккиз ёш катта опамнинг айтганлари ҳеч ёдимдан чиқмайди. Йўл олдидан машинага чиқаётганимда у кўзларимга тикилиб:
– Арда, музхонани тўлдиришинг керак, – деди.
Айнан шунақа деди. «Арда, буни қилишинг керак». Одам ўн уч ёшида бу борада нималарни ҳис қилиши мумкинлигини тўлиқ англамайди. Завқ учун футбол ўйнайсан, шу билан бирга, бутун бир оиланинг келажаги сен билан боғлиқ бўлиб қолган бўлади. Истанбулга кетар эканман, туғилган кунимга отамнинг совғасини қўлга олдим. Оддий дафтар, муқовасида эса мана бу ёзув бор эди – «АРДА 10».
Аммо биласизми, ҳақиқий ҳаёт FIFA’га ўхшамайди. Бир неча ой ўтиб Анқарага қайтишни ўйладим. Орзуларимдан воз кечишимга оз қолганди.
Бир нарсани тушунишингизни истардим. Анқара ва Истанбул бир-биридан жуда фарқ қилади. Анқара пойтахт бўлиши мумкин, аммо бутун пул ва имкониятлар Истанбулда. Масалан, бир кунга мактабимиз эркин кийинишга изн берди. Эртасига кўрсангиз, ҳамманинг эгнида энг зўр маркали кийимлар. Мен эса мактаб формасида келгандим.
– Арда, тинчликми, нима қиляпсан?
– Иее, эсдан чиқарибман-у.
Аслида ҳаммаси ёдимда, шунчаки бошқа кийимим бўлмаган.

Жамоада ҳам ўзимни жуда ёлғиз ҳис қила бошладим. Сабаби, ўзимдан бир ёш катта болалар билан ўйнардим. Мен билан бирга шуғулланган тенгқурларим ҳам бор, лекин фақат мени майдонга туширишарди. Улар ҳам нега доим анқаралик бола ўйнайверади, деб мен билан гаплашмай қўйишди.
Бир куни мураббий «Арда, сен энди сардорсан» деди, маҳаллий болаларнинг жаҳли чиқди. Бошқа куни «Арда, ўнинчи рақам сенга» дейишди, болалар жинни бўлиб қолишди. Туркияда 10-рақамнинг обрўси баланд, биласиз. Ёшлар жамоаларда ҳам шу. Бу рақам шунчаки яратувчи футболчи эмас, қутқарувчи ҳақиқий. Алекс. Йўқ, ўйиндаги эмас, ҳақиқий Алекс, ютубдан бир кўринг, пушаймон бўлмайсиз.
Ғурурландим, лекин қўрқдим ҳам. Оиламни ҳам соғингандим. Бўлди, энди давом эта олмайман. Дадамга айтишга эса қўрқардим. Уялардим, тўғриси.
– Дадамга смс ёзвор, Арда ўзини яхши ҳис қилмаяпти, де, – хонадошимдан илтимос қилдим.
– Нега? Ростанми?
– Ҳа. Ёрдамга муҳтож деб ёз.
Фойдаси бўлди. Бу хабардан кейин мен билан яшаш учун Истанбулга кўчиб келишди. Уй сотилди, дўкон ёпилди, дўстларини тарк этдилар. Бутун ҳаётларини кичик ўғилларига тикдилар. Мабодо муваффақият қозона олмасам, тамом бўламиз.
Адашмасам, 2021 йилнинг августи эди ва Витор Перейра мени илк бор асосий жамоанинг «ҲИК» билан ўйини учун қайдномага киритди. Жароҳатланганлар кўп эди, биринчи бўлим тугагач, Филип Новак ҳам майдонга туша олмайдиган бўлгач, Перейра захира ўриндиғига қаради: уч киши қолгандик, биринчиси дарвозабон, иккинчиси ҳам дарвозабон, учинчиси футболчига ўхшаб кетадиган ўн беш ёшли йигитча, яъни мен.
«Арда, тайёрлан».

Ҳаяжон шу қадар эдики, ахир бу ўйин эмас, бутун вужудим титрай бошлади. Бирданига иккинчи орзумни эсладим – «Фенербаҳче» сафида жаримадан гол уриш.
Қарангки, жарима майдони ташқарисидан жарима тўпи тепадиган бўлдик. Аммо бундай зарбаларнинг эгаси аргентиналик Соса эканини ҳам биламан. Албатта, тентак эмасманку, Соса билан жарима тўпини талашгани, тўғрими? Йўқ, балки ростанам тентак бўлсам керакки, унинг ёнига бордим. Менимча, у бироз ҳайрон қолди. Соса туркча билмайди, мен испанча. Шунинг учун инглизчалаб, «тепсам майлими?» дедим. Соса индамади.
«Сен тепасанми, менми?» – дедим яна.
Соса жим.
«Менми, сенми?»
Бирдан бутун трибуна жонланиб кетди. Стадион камераси юзимни яқин экранда кўрсатаётганди. Мен тепмоқчи бўлаётганимни стадиондагилар билди ва ўн беш ёшли боланинг бу жасорати уларга ёқиб қолганди. Лекин Сосачи? Албатта, бош ролда у, тўпниям у тепди. Лекин мухлисларнинг ўша ондаги қувватлашини ҳеч унутмайман.
Ўйиндан кейин стадион ташқарисида отам ва онамни кўрдим. Онам йиғлаяпти экан – «Арда, уддаладинг».
Отам гапирмади. Асабийроқ эди. Пешонаси қизариб кетганди.
– Дада, ёқмадими ўйин?
– Сосани қара! Нега сенга тепгани бермади?
– Лекин, дада...
– Сен тепганингда гол бўларди, аминман.
Биласиз, инсонлар турк мухлисларини ҳаддан ташқари футбол жинниси дейишади. Лекин бу калима ҳам етарли эмас. Оддий мисол айтаман.
Бир куни «Фенербаҳче» мухлиси бўлган ўртоғим «Галатасарой» билан дербига борган. Сурункали касаллиги бор, ҳар бир неча соатда дори ичиб туриши шарт. Ҳакам бизга пеналти бермагач, атрофида ҳамма майдон томон нимадир ота бошлаган. Сув идиш бўладими, шоколадми, фарқи йўқ, ким нима топса хуллас. Ўртоғим қараса ҳеч нарса йўқ, чўнтагидан ҳалиги бир қути дорини чиқаради. Бироз қутига тикилиб туради-да, ҳа, дорисиз яшай олмайди, аммо «Галатасарой»га бўлган нафрати каттароқ – қутини майдонга қарата отган, тасаввур қиляпсизми? Ўша кеча соатлаб шаҳарда дорихона излаганини ҳам гапириб берган, менимча фақат турк инсони буни тушуниши мумкин холос.
Онамнинг жуда кўнгли бўш, мен ҳақимда ҳаммасини ўқийди, айниқса, «Галатасарой» мухлисларининг ёмон гаплари таъсир қилади. «Нега сени яхши кўришмайди?» деб тушунмайди. Ўз уйимизда ўйнаган баҳслардан сўнг одамлар унинг олдига келиб, миннатдорчилик билдирганида боши осмонга етади. Шуни унутманглар, болалар, дунёда футболдан муҳимроқ икки нарса бор – Аллоҳ ва оила. Айниқса, она.
2021 йил августидаги бир телефон қўнғироғи эсимдан чиқмайди.
«Арда... Ойинг. Юрагида муаммо бор. Тезда операция қилиниши керак».
Бунақа пайтларда футбол хаёлингдан бутунлай ўчиб кетади. Дунё тескари бўлади.
Операцияга тайёргарлик пайтида менинг «Қосимпошо»га икки гол урганимни томоша қилди. Қариндошларимдан бири касалхонада севинчдан йиғлаётган онамнинг видеосини жўнатганди. Кийим алмаштириш хонасида видеони томоша қилар эканман, шу қадар қўрқдимки... Ҳар бир он сўнгги дақиқа бўлиши мумкинлигини англаб йиғлаётганди онам. Мен ҳам йиғладим, ростан ҳам ўлиб қолиши мумкинлигини ўйладим.
Эртасига клубга кейинги ўйинда туша олмаслигимни айтдим. Ҳаётимда илк марта тўпга тегишни истамаётгандим. «Фенербаҳче» ҳолатни тўғри тушунди, клуб бошлиғи Али Коч энг яхши шифокорларни топиб берди, операция муваффақиятли кечди ва онамнинг аҳволи яхшиланди.
Орадан икки ой ўтиб, Киевнинг «Динамо»си дарвозасига гол урдим ва футболкани юқорига кўтардим ва остидаги ёзувни дунёга намойиш қилдим: «онажон, сени жуда яхши кўраман».
2022 йилда Ўзил «Фенербаҳче»дан кетгач, 10-рақамни янги келадиганлардан кимдир олса керак, деб ўйлагандим. Бу учинчи орзум, лекин шу пайтгача бу ҳақида ўйламаганман. Ахир Ўзил менинг кумирим, доим менга нисбатан жуда яхши муносабатда бўлган. Илк кунлардан ҳол-аҳвол сўрарди, дўст бўлишимизга ҳам илк қадамларни у ташлаган. Бунинг устига эндигина ўн етти ёшдаман, бу рақамни сўраб олиш қиролдан тож сўрашдек гап. Аммо мураббийлар менга «Арда, агар жасоратинг етса, сен бу рақамни олишинг мумкин, ўйлаб кўр» дейишди. Ўйлаб кўришим учун роппа-роса бир сония керак бўлди – «Оламан!»

«Динамо»га қарши ўйинимдан икки ҳафта ўтиб, ижтимоий тармоқларда бир хабар ўқиб қолдим: «Арда Гулер Туркия миллий жамоасига чақирилди».
Менга айтишмаганди ҳам. Биринчи ўйинимиз Диёрбакирда Шотландияга қарши эди. Захира ўриндиғида ўтирарканман, мухлислар тинмай мени чақиришаётганини эшитардим. Мен учун жуда муҳим, нима десам экан, «Фенербаҳче»даги ўйинларимда нафақат жамоа мухлислари, балки рақиб жамоа мухлислари, баъзида рақиб клуб раҳбарлари ҳам майдонга тушишимни сўрашганини эшитганман. Ҳаммаси учун миннатдорман.
Сўнг ҳаммаси тез содир бўла бошлади. Мартда Туркия миллий жамоасига чақирилган бўлсам, кейинги ойлардан турли трансфер таклифлари чиқа бошлади. Аммо мени ростан ҳам ҳаяжонга солувчи бир таклиф бўлмагунча, ҳеч қайсинисини ўйлаб кўришни ҳам хоҳламадим.
Июн ойида отам янги таклиф бўйича гаплашмоқчи эканини айтди.
– Дада, аввал ҳам айтдим-ку, ўша таклиф бўлмаса, эшитишни ҳам истамайман.
– Арда...
– Нима дейсиз?
– Реал Мадрид!
«Реал» Мадрид. Тўртинчи орзум. Бунчалик тез бўлишига ишониш мушкул. Ўша ёз Мадридга боришга бироз эртами ёки йўқми, дадам билан узоқ гаплашдик. Аслида ҳаммаси чалкаш, Европадан бошқа таклифлар ҳам бор, нима қилишимни билмасдим. Аммо кейин Карло Анчелотти билан видеоли сўзлашув бўлди. Экранда рақами чиқиб, видео пайдо бўлгунча ўтган онлар...
– Салом, Арда, қалайсан?
У ҳам таътилда экан. Ҳаяжонда ҳаммасини эслаб қололмадим албатта, Карло Hawai русумли кўйлак кийиб олгани, пешонасида қора кўзойнак, нимадир ичиб ўтиргани эсимда.
«Арда, бу ерда буюк келажагинг бўлади. Балки илк мавсумда эмас, аммо сенда фурсат етарли бўлади. Модрич ва Крооснинг ёши ўтяпти, балки сени марказда ўйнатишимиз мумкин».
Исмим Модрич ва Кроос билан бирга тилга олиниши фантастика. Гапира олмадим. Кейин Карло мендан Мадридга келишга сўз беришимни сўради ва бир неча марта такрорлади.
– Табиийки, афандим, – дея олдим.
– Яна гаплашамиз. Ҳозир рафиқамнинг олдига боришим керак.
Ҳа-ҳа-ҳа, Карло Анчеллотти ўйинни қўшимча бўлимларга ўтказди. Телефонни ўчириб дадамга юзландим ва қарор қабул қилдик – «чўксанг каттароқ денгизда чўк».
«Реал»... Ўйинда Алекс Ҳантер бўлишга пулимиз етмаганди, энди ҳақиқатда Алексга айланишга мажбур бўлдим.
Илк кунлардан Анчелотти мен учун ота каби бўлди. Аммо қизиқ томони, у доим мен билан ҳазиллашар, дунёнинг энг буюк клубига қўшилган мен учун қайси бири жиддий, қайси сўзлари ҳазил эканини англолмай қийналардим.
Бир куни Анчелотти менга:
– Раул «Кастиля»нинг техник директори. Агар уни кўриб қолсанг, салом бер. Раулни танийсан-а? – деди.
Албатта, Раулни танийман. Афсона. Эртасига машғулотлардан кейин бир одам ёнимизга келди.
– Арда, бу Раул, – деди Анчелотти.
Лекин тушунсангиз керак, афсоналарни илк бор жонли кўрганингизда ҳақиқатга ўхшамайди. Тўғриси, Раул «Реал»да ўйнаб юрганида мен жуда ёш эдим, унинг голларини кўпроқ ютубда кўрганман. Анчелотти кулди ва мен дарҳол у яна мазах қиляпти, деб ўйладим.
- Опқочманг, афандим, узрку, лекин бу Раул бўлиши мумкинмас.
Анчелотти кулиб «офарин» деса керак деб кутиб турсам, жиддийлашди ва «Қанақасига Раул эмас?» деди. Кейин Раул менга қараб:
– Мен Раул Гонсалес, танишганимдан хурсандман, – деди.
Мен ҳеч ён берай демасдим. Кейин бироз ўтиб Анчелотти Тони Кроосни чақирди.
– Тони, бу Раулми?
– Албатта, бу нима гап?
Мен ҳалиям ишонмаётгандим. Катта ҳазил бўляпти бу ерда. Кейин Модрични чақиришди.
– Лука, бу Раулми?
– Табиийки, Раул.
Қўрқа бошладим. Телефонларини олиб Раулнинг расмларини кўрсата бошладилар. Ниҳоят енгилдим ва «ростанам Раул экансиз, танишганимдан хурсандман» дедим. Ҳамма Туркиядан келган йигитчанинг устидан кулаётганди. Ҳатто Анчелотти ҳам. Уйга бориб нима бўлганини гапириб берсам, ҳамма менга қараб, «Арда, сен аҳмоқсан» дейишди. Начора, Мадриддаги илк ҳафтам шундай ўтди. Ёмон эмас, Арда.
Келганимда, Алаба ва Рюдигер бироз туркча тушунишарди. Берлин ва Венада турк муҳожирлари ичида улғайишган экан. Алаба «Галатасарой» мухлиси, Куртуа эса Арда Турон билан ўйнагани учун баъзи сўзларни билар экан. Табиийки, ёмон сўзларни.
Энг қизиғи, Туркияда биз ёши катталарни ҳурмат қилиб «аби» деймиз ва бу сўзнинг маъноси «ака» демакдир. Маданиятимизга сингиб кетган. Шунинг учун Модрични шунчаки «Лука» дейишим мумкин эмас, ахир у отам тенги инсон бўлса. Шунинг учун унга бир куни «Салом, Лука аби» дедим. Эҳҳе, Алаба, Рюдигер, ҳамма буни ўзларича тушунишди ва менга ҳам «хайрли тонг, аби» дейишни бошлашди. Мана сенга тайёр лақаб, энди алмаштиришнинг иложи йўқ, жуда кеч. Расман жамоада «Арда аби» бўлдим.

Лекин биласизми, бир жамоага тўлиқ оид эканинг кўпроқ майдонда билинади, гол урганда, муҳим узатмани амалга оширганингда. Масалан, бир ўйинда жарима зарбаси белгиланганда мен захирада ўтиргандим. Модрич мен томон ўгирилиб, «Арда, сенбоп нуқта экан» деди. Бошқа бир куни биринчи бўлимдан кейин ютқазаётгандик, у менга «тайёр туравер, сен туширилсанг керак» деди. Бундай кичик воқеалар ҳам таъсир қилади. Клуб афсонаси, бутун даврларнинг энг яхши яримҳимоячиларидан бири мен ўйинни ўзгартиришим мумкинлигига ишоняпти ахир.
Турклар асосий таркибда тушишимни жуда исташади. Мен ҳам истайман, шу билан бирга сабрли бўлишим кераклигини ҳам биламан. Анчелоттики менга дунёнинг энг яхши яримҳимоячиларидан бири бўлишим мумкинлигини айтаётган бўлса, демак клубнинг ҳам мен билан боғлиқ режалари бордир.
Аммо захирада ўтириш ҳам осон эмас. Чемпионлар Лигасини ютганимизда кубокни кўтаришга чин юракдан ошиқмадим, чунки майдонга кўп тушмагандим. Шунинг учун Анчелотти байрамда менга микрафонни тутқазганда уялдим. Автобус тепасига чиқиш ниятим ҳам йўқ эди аслида, роса чарчаганман. Икки ўртоғим смс ёзганди – «Арда, қаердасан?»

Мен пастроқда Кроос ва Модрич билан гаплашиб тургандим. Модрич мендан Моуринио ростан ҳам «Фенербаҳче»га ўтяптими, йўқми, қизиқаётганди. Дўстларим эса, «жинни бўлиб қолдингми, сен Чемпионлар Лигасини ютдинг, чиқ тепага» деб қўйишмади. Мен шунақаман. Чемпион бўлиш етарли эмас, бунга ҳақли эканимни ҳам исботлашим керак.
Шу туфайли Европа чемпионати бошқача ҳиссиётлар тақдим этди. Гуржистон дарвозасига гол урганимдан сўнг телефоним портлаб кетди – лайклар, обуначилар, хабарлар, табриклар, смайликлар. Португалия билан ўйин олдидан эса ҳаяжон янада ортди. Ўйиндан кейин Роналду билан гаплашсам керак, деган фикр бор эди. Уни жуда ҳурмат қиламан. Ўша куни Marca газетаси сарлавҳани боплади: «Арда Криштиануга кўрсатиб қўяди!» Э-воҳ!
Ҳақиқат шуки, Криштиану билан бир майдонда ўйнаш мен учун фахр. The Last Dance ҳужжатли филмини кўрдингизми? Криштиану худди Майкл Жордан каби. Танқид ва ҳақоратлар унга мотивация беради. Португалия 3:0 ҳисобида ютди ва Криштиану ўйиндан кейин ҳеч ким билан гаплашмади.
Бир неча кун ўтиб унинг нималарни ҳис қилганини ўз танамда англадим. Кейинги рақибимиз Австрия эди ва бир видеода австриялик мухлислар мени ҳақорат қилишаётганини кўрдим. Шокдаман, нега мен ҳақимда бунақа нарсалар айтишади?
Аммо кейинроқ, Жорже Жезус мени ҳафталаб «Фенербаҳче» таркибига қўшмаган пайтларни хотирладим. Жарима тўпларини машқ қилиш учун жамоа иккига бўлинар, мен иккисида ҳам йўқ бўлардим. Бир ўзим бурчак тўпларини машқ қилиб вақт ўтказардим. Роса ёмғир ёққан кун, уйга қайтиб йиғлаганим эсимда. Ўша куни ўзимга сўз бердим – ҳеч қачон ожиз бўлмайман.
Одамлар мени креатив ўйинчи сифатида билишади, аммо шу билан бирга бир курашчи ҳамман.
Мени захирага оласизми? Кўпроқ шуғулланаман.
Мен ҳақимда ёмон гаплар айтасизми? Сизни эзиб ўтиб кетаман.
Ўша австрияликларнинг видеосини кўрганимда Майкл Жорданга айланган ҳам мен эдим. Иккинчи голимизга ассистни амалга оширгач, австриялик мухлислар томонга қарадим – «миннатдорман!»
Рюдигер жаҳл билан ўйнаганимни сезибди, Рюдигерки буни сезган экан, тўғри йўлда эканман. «Фенербаҳче»нинг ёшлар таркибида ўйнаб юрганимда ҳам шерикларимга тинмай йўл кўрсатиб турардим. Ўзимни тутиб туролмайман. Жим ўйнасам, ўйиним чиқмайди. Етакчи бўлишни истайман. Барча жарима ва бурчак тўпларини мен тепишим керак. Соса бейдан сўранг, ишонмасангиз.
Аслини олганда, «Реал»да ўйнаш қийин эмас. Аниқ биласанки, агар югурсанг, Модрич сени кўради. Ёмон узатма қилсанг ҳам Винисиус уни голга айлантириши мумкинлигини биласан. Энг қийини испанча ўрганиш, ҳаволаниб кетмаслик. Шунинг учун оиламнинг ҳар ой олдимга келиши ва онамнинг нуқул «хонангни йиғиштир» деб койиши фойдали. Менга ўзимни эслатиб туради.
«Футболчи бўлмаганингда аҳволинг чатоқ эди», – деб қўяди онам.
Нима бўлгандаям, музхона тўла.
Анқарадан кетганимдан бу ергача етиб келишимда ёрдам берган инсонларнинг исмларини туғилган кунимда отам совға қилган дафтарга ёзишда давом этаман. Йигирмадан ўтди рақам. Онам, отам, опам, ўрқтоқларим, мураббийлар, бошлиқлар, жисмоний тарбия ўқитувчим Маҳмуд, онамнинг ҳаётини сақлаб қолган шифокорлар...
Ким бўлишингдан қатъи назар бир ўзинг муваффақият қозона олмайсан.
Шу йил бошида йигирмага тўлдим. Дафтаримда ҳалиям рўёбга чиқишини кутаётган орзуларим бор. «Реал»да муҳим футболчи бўлишни истайман. Чемпионлар Лигасини майдонга тушиб чинакамига ютишни хоҳлайман. Бу жамоада ҳам ўнинчи рақамни олишни орзу қиламан.
Ҳаммасидан ҳам олдин, турк футболининг янги авлодига йўл кўрсатишни хоҳлайман. Турк футболининг умиди эканимни биламан, аммо ёлғиз бўлишни ҳам истамайман. Ҳамманинг йўлини очишни хоҳлайман.
Уйга борганимда, сизлар билан кўришганимизда қанчалик бахтиёр эканингизни кўриш менга жуда ёқади. Мадридда туриб ҳам меҳрингизни ҳис қиламан.
2023 йил зилзиласига оид этларимни жимирлатиб юборган бир видео бор. «Фенербаҳче»да кўп ўйнамаётган даврларим эди. Кўрган бўлсангиз керак. Икки қутқарувчи ер тагидан янги олиб чиқилган бир бола билан бирга. Болакай ётибди, ҳаммаёғи ўралган, лекин боши ташқарида. Атроф шовқин, сиреналар овози. Бола камида бир неча кун бетон блоклар остида қолган, ўламан деб ўйлаган ва мен учун сўзлари бор. Тасаввур қиляпсизми, шунақа бир онда ҳам мени ўйлаган. Ўша сўзларни ҳеч унута олмайман.
«Арда Гулер аби, сени жуда яхши кўраман. «Фенербаҳче»ни қутқаришда давом этди. Аби, мураббийга айт, сени кўпроқ ўйнатсин».
Шу онда икки қутқарувчидан бири камерага менга қарата шундай дейди: «Биз енгилмадик, сен ҳам енгилма».
Бу сўзларни эшитгач, қандай қилиб тўхташим мумкин, айтинг?
Туркиядаги орзуси бўлган ҳар бир болага юзланаман:
«Битта тўп олинг ва ташқарига югуринг. Ўзингизни дунёнинг эгаси ўлароқ ҳис этишни бошлайсиз».
Ҳурмат билан, Арда».
Тавсия этамиз
Ўзбекистон Mobiuz компаниясини халқаро сотувга қўйди
Ўзбекистон | 23:10 / 09.06.2025
Тошкентда илк BRT тизими: у қандай кўринишда бўлади?
Ўзбекистон | 20:17 / 07.06.2025
Бир нечта ташкилотлар Enter Engineering компаниясини судга берди
Ўзбекистон | 17:39 / 07.06.2025
Хатолар улғайтирган жамоа. Ўзбекистоннинг мундиал сари узоқ йўли ҳақида
Спорт | 15:27 / 07.06.2025
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид

11:37 / 29.05.2025
Алонсо «Реал»да. Энди ким ўзгаради – клуб ёки мураббий?

16:55 / 23.05.2025
«Реал» Карло Анчелотти кетишини эълон қилди

12:45 / 27.04.2025
Можароли класико. «Реал» бу сафар жанг таклиф қилди, аммо озроқ етмади

02:38 / 03.04.2025