Можароли класико. «Реал» бу сафар жанг таклиф қилди, аммо озроқ етмади
Сўнгги дақиқаларда мадридликларнинг уч футболчисига қизил карточка кўрсатилди, Рюдигерни узоқ муддатли дисквалификация кутмоқда.

Фото: Fran Santiago/Getty Images
Испания Кубоги Каталонияга йўл олди
«Барселона» – «Реал» – 3:2
Голлар: Педри, 28, Торрес, 84, Кунде, 116– Мбаппе, 70, Чуамэни, 77
«Барселона»: Шченсни, Кунде, Кубарси, Мартинес, Мартин (Араухо, 85), Педри, де Йонг (Гави, 86), Олмо (Лопес, 64), Ямал, Торрес, Рафиня.
«Реал»: Куртуа, Васкес (Модрич, 55), Асенсио, Рюдигер, Менди (Ф. Гарсия, 11), Валверде, Чуамэни, Себалйос (Гулер, 55), Беллингҳем, Родриго (Мбаппе, 46, ), Винисиус ( Диас, 89).
Огоҳлантиришлар: Мартин, 37, де Йонг, 68, Лопес, 90+4, Рафиня, 90+10 – Чуамэни, 31, Модрич, 90+1, Беллингҳем, 108.
Четлатишлар: Рюдигер 120+3, Васкес 120+3, Беллингҳем 120+4.
Жорий мавсум давомидаги олдинги икки класикода «Реал» иложсиз бўлиб кўрингани, «Барселона» эса деярли мукаммал ўйнагани ҳақида фақат дангасалар гапирмади. Бу ўйинларни тўлиқ кўрмасдан, фақат ҳайлайтларни томоша қилиб ёки ҳисобга қараб ҳам шундай хулосага келиш мумкин эди. Чемпионат доирасида «Сантяго Бернабеу»даги 4:0 ва Саудиядаги Испания Суперкубоги учун ўйиндаги 5:2 — класикода анча вақтдан буён жамоалардан фақат бири яққол устунлик қилгани кузатилмаганди. Аниқроқ айтилса — деярли бир асрдан буён: кўк-анорранглилар 1926 йилда Испания кубоги чоракфиналидаги икки ўйинни ҳам ютганидан буён (3:0, 5:1). «Реал»да ҳам 1935/36 йиллар мавсумида 3:0 ҳисобидаги икки ғалаба бўлган, ўшанда қаймоқранглилар турнирларда тарихий «Мадрид» номи билан иштирок этарди.
Ўтган асрда муросасиз рақиблар бир-биридан қаттиқ ўч олишарди. Масалан, 1974 йилда «Реал» аввалига лигада 1:5 ҳисобида шармандали мағлубиятга учрайди, аммо тўрт ой ўтиб мавсум Испания кубоги финалида «Барса» йирик ҳисобда таслим этилиши билан ёпиб берилади (4:0). Бу сафар мадридликлардан мухлислар ҳисоб бўйича 260-класикода реванш олишини кутишаётганди. Жамоа ўтган ҳафтада «Атлетик» билан ўйиннинг иккинчи бўлимида яна олдинги «Реал»ни эслатиб юборгани ҳам мухлисларга умид бағишлаганди, аммо Ҳанси Флик болалари кучли прессинг қиладиган ўйинда ташаббусга эгалик қилиш осон эмасди.
Шундай экан, Карло Анчелотти яқинда Чемпионлар лигасида «Манчестер Сити»га қарши кечган ўйинни эслаб, прагматизм фойдасига танлов қилди. Мбаппе ҳали тўлиқ тайёр эмаслиги туфайли Винисиус Жуниор ягона ҳужумчи сифатида майдонга тушди. Родригони ҳам тез-тез олдинги чизиқда кўриш мумкин эди, лекин у қанотда орқароқда ўйнаб, Лукас Васкесга ёрдам бериши ҳам талаб этиларди. Беллингҳэмга рақиб ўйинини бузиш вазифаси топширилганди, Тшуамени эса вақти-вақти билан марказий ҳимоячилар билан бир чизиққача қайтди. Майдон марказига туширилган Валверде билан ҳам шундай ҳолатни тез-тез кузатиш мумкин эди.
Бу тахминан ярим соат давомида иш бериб турди. Каталонияликлар тўпга эгалик қилиш бўйича катта устунликка эришганига қарамай (биринчи бўлим якунларига кўра 63 фоиз), Куртуа дарвозаси атрофида хавфли вазиятлар тизимли тус олмади.
Ўйиндаги бу оралиқда Карло Анчелотти учун энг ёқимсиз ҳолат Менди жароҳат олиши бўлди: яқинда тузалиб қайтган французни 10-дақиқадаёқ алмаштиришга тўғри келди.
Кўп ўтмай ҳакам Бенгоэчеа диққат марказига чиқди. Лекин унга мадридликлар эмас, каталонияликлар эътироз билдиришди. 16-дақиқада «Реал» жарима майдони ичида тўп Валверденинг қўлига тегди, аммо бу ҳолатда тўп футболчининг «таянч қўли»га теккан деб ҳисобланди ва пеналти қўйилмади.
Мендининг ўрнига Фран Гарсия туширилгач, Ямал ўзини эркинроқ ҳис қила бошлади. Шу куни янги соч турмагида майдонга чиққан ёш футболчи дастлаб ўз услубида ўнг қанотда ҳужумга ўтиб, жарима майдони ташқарисидан хавфли зарба йўллади. Бир неча дақиқа ўтиб стандарт вазият ижро этилганида Кунде бошда хавфли зарба йўллади, Куртуа тўсин остига кетаётган тўпни базўр қайтариб қолди.
28-дақиқада майдон марказида Кубарси Беллингҳэмнинг пасини олдиндан ўқиди ва тўпни эгаллаб олиб, уни Педрига етказди, у эса қанотда олдинга отилган Ямалга диагонал узатма берди, Анчелоттининг схемаси сочилиб кетди. Биринчидан, Беллингҳэм тўпни йўқотгач, вазиятдан тушиб қолди. Фран Гарсия эса ўз зонасини ёпмади.
Иккинчидан, мадридликларнинг таянч яримҳимоячилари бор эътиборни Ямалга қаратиб, жарима майдонига тўпланиб олишди. Шу билан бирга, жамоанинг қолган футболчилари — биринчи навбатда Беллингҳэм — шунчаки ортга қайтишга улгурмади. Ламин эса тўпни дарвоза томон тепмасдан, ўртада, жарима майдонига кириш ҳудудида бўш турган Педрига етказиб берди — бу сафар Куртуа тўсин остидан ўтган тўпни қайтариш имкониятига эга эмасди.
Ҳанс-Дитер Флик жамоаси эса ҳисоб 1:0 ҳолатида ҳам ўйинни бошқаришда давом этиб, «Реал» ўз дарвозасига зарба беришига деярли йўл қўймади. Бўлим охирида ҳакамлар яна икки бор диққат марказида турди. Бурчак зарбасидан кейин тўп олис устунга бориб текканида, каталонияликлар пеналти тепиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин эди, бу вазиятда Себалйос дарвозабон ҳудудида Кубарсининг майкасидан тортиб йиқитди ва тўпга улгуришига имкон бермади.
Катта эҳтимол билан, Бенгоэчеанинг бригадаси футболчилар бир-бирини ушлаб тургани учун буни пеналтига тортгулик фол деб топишмаган. Кейин эса «Реал» ниҳоят рақибнинг юқори жойлашган ҳимоя чизиғидан ўтиб, Винисиус яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва ҳимоячи томонидан тўхтатилди. Рефери аввалига «нуқта»ни кўрсатди, аммо дарҳол қўлини юқорига кўтарди. VAR хонасидагилар бразилиялик футболчи барибир офсайдга тушиб қолганини хабар қилишганди. Видеотакрор буни исботлади.
Анчелотти танаффусдан кейин Мбаппени майдонга ташлади – «Реал» ҳужумда имкониятларга эга бўлиши учун ниманидир ўзгартириш талаб этиларди. Мадридликлар Беллингҳем ҳужумчилар ортида ҳаракатланишини кўзда тутувчи 4-4-2 схемаси бўйлаб тизилди. Кўп ўтмай захирадан Модрич ва Гулер ҳам тушиши мадридликлар ўйинини янада кучайтирди. «Қаймоқранглилар»да ниҳоят қарши ўйин пайдо бўлди. Иккинчи бўлим бошида Винисиуснинг ўзи бир ҳужум давомида «Реал»нинг дарвоза соҳасига тўғри борган илк зарбаларини йўллади, бу ҳужум Жуд рақибдан тўпни олиб қўйиши ва алдаб ўтиши орқали бошланганди. Аммо Шченсни ўзини йўқотмади ва иккиталик сейв амалга оширди.
Ҳисоб 1:0 ҳолатида Рафиня иккита ажойиб вазиятни кўкка совурди. Ва бу жамоага қимматга тушиши мумкин эди.
Мбаппе ҳам ҳали тўлиқ ўйин ўтказишга тайёр бўлмаса-да, ўзига берилган вақтда жамоага фойда келтира олишини кўрсатди, у ўз дриблинги билан «Барселона» мудофаасида таҳлика уйғотди. Ҳужумлардан бирида Френки де Йонг зарба беришга чоғланган Килианни қўлидан ушлаб тортиб қолди — уни бошқачасига тўхтатиб бўлмаётганди. Қолаверса, бу фолдан кейин белгиланган жарима зарбасини французнинг ўзи голга айлантирди. У фаолиятида шу вақтгача жарима зарбасидан тўғридан тўғри зарба йўллаб гол уролмаган ва бу мемларга сабаб бўлиб келаётганди.
Бу дақиқаларда «Барселона» механизми бузилиб қолгандек кўринаётганди. Ва бирдан олдинги, ўтган йилги «Реал» пайдо бўлгандек эди. Мадридликлар ҳисоб 1:1 ҳолатида ҳужумга ўтишда давом этишди. Биринчи голдан етти дақиқа ўтиб Анчелотти жамоаси ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Мадридликлар яна стандарт вазиятдан гол уришди – Гулер оширган тўпга Тчуамени ҳаммадан баланд сакради ва ҳаводаги курашда Кундедан устун келиб, дарвозани ишғол этди.
Аммо бу якун эмасди. Мадридликлар ортидан «Барса» ҳам ўзига келди. Ямалнинг жонбозлиги жамоадошларига илҳом берди. Аввалига Ламин ўзининг севимли позициясидан хавфли зарба йўллади, Куртуа «Реал»ни қутқариб қолди. 84-дақиқада эса Ямал тўпни Торреснинг йўлига ажойиб тарзда ташлаб берди. Бу вазиятда белгиялик посбон жароҳат билан ўйнаётган Рюдигерга ёрдам беришга уриниб, дарвозани ташлаб чиққанди ва рақиб бўш дарвозани ишғол этди.
Сўнгги дақиқаларда Винисиус ўзини алмаштиришни сўрагани ҳам сўнгги йигирма дақиқалик қанчалик шиддатли бўлганини кўрсатади. Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар ҳам оловли кечди. Торрес Рюдигер билан яккакурашдан кейин, Рафиня – Асенсио билан курашганида «Реал» жарима майдони ичида йиқилди. Бу эпизодлардан биринчисида пеналтига сабаб бўладиган фол қайд этилганди.
Бенгоэчеа эса иккинчи эпизод учун 11 метрлик жарима зарбасини белгилади. VAR ҳакамлари негадир биринчи ҳолатга аралашмади, иккинчисида эса бош ҳакамни экран қаршисига таклиф қилди.
Рефери такрорни кўриб, пеналтини бекор қилди. Рафиня чиндан ҳам симуляция қилганди ва сариқ карточка билан жазоланди.
Қўшимча бўлимларда жамоаларнинг ҳеч бири пеналтилар серияси ҳақида ўйламаётганди. «Реал» яримҳимоячилари Мбаппе ва Диас учун вазиятлар яратиб беришга уринди. «Барса»да эса Торрес барчадан фаолроқ бўлди, аммо Рюдигер унга иккинчи голни уришга йўл қўймади. Антонио оёғи боғланган ҳолатда 110 дақиқа ўйнаб берди. У майдонни тарк этганидан беш дақиқа ўтиб «Реал» гол ўтказиб юборди. Хато қилиши эҳтимоли энг кам бўлган футболчи уялтирди. Тажрибали Модрич ўнг қанотда туриб, марказдаги Диас турган жойга маромидаги куч билан пас беролмади, Кунде эса тўпни илиб кетиб, жарима майдони ташқарисидан қайтариб бўлмас зарба йўллади.
Ундан олдинроқ Мбаппе ишлаган пеналти офсайд ҳолати туфайли бекор қилинганди. «Реал» қўшимча бўлимларга қўшиб берилган дақиқаларда якуний штурмга ўтаётганида эса асаблар дош бермади.
Ўйиндан олдин ҳам диққат марказида турган бош ҳакам Рикардо Бенгоэчеа Килиан Мбаппе Эрик Гарсиянинг юзига уриб кетгани учун мадридликларнинг ҳужумини тўхтатиб қўйди.
«Реал» захирасидагилар ғазабдан портлади: Лукас Васкес ва Винисиус майдонга югуриб чиқишди, Рюдигер эса оёғидаги оғриқни қолдириш учун қўйилган муз бўлакларидан бирини арбитр томон отди.
Бенгоэчеа буни кўриб турганди ва германиялик ҳимоячига қизил карточка кўрсатиш учун келди – Антонио эса янада ғазаб отига минди.
Рюдигер ҳакамни уришга тайёр эди, уни бир неча киши бўлиб тўхтатиб қолишди.
Рюдигерни икки дақиқа давомида тинчлантира олишмади. У оқибатлар ҳақида умуман ўйламаётганди. Бу вақт мобайнида ҳакам Васкес ва Беллингҳэмга ҳам қизил карточка кўрсатишга улгурди.
Кўп ўтмай ҳакам ўйин якунлангани ҳақидаги ҳуштагини чалди. Ремонтадага ремонтада билан жавоб қайтарган «Барселона» навбатдаги совринни қўлга киритиб, требл учун юришини давом эттирди. Флик эса фаолиятида ҳеч қачон финал ўйинларида ютқазмаган мураббий бўлиб қолмоқда, бу ғолиблик саккизинчиси бўлди.
11 май куни чемпионат доирасида навбатдаги класико бўлиб ўтади — «Реал» бу ўйинга қаттиқ тайёргарлик кўриши тайин. Аммо ўша ўйинда Рюдигер бўлмаслиги эҳтимоли юқори. Испаниядаги нашрлар, регламентдан келиб чиққан ҳолда Рюдигернинг ҳаракатлари жиддий деб топилиши в 4-12 ўйинга четлатилишини ёзишмоқда.
Тавсия этамиз
Зеленскийдан мамнун, Россия зарбаларидан ҳафсаласи пир бўлган. Трампнинг охирги баёнотларидан асосий гаплар
Жаҳон | 16:21 / 28.04.2025
Туркиялик эркак операциядан кейин она тилини унутиб, бошқа тилда гапиришни бошлади
Жаҳон | 19:42 / 27.04.2025
Ҳаво исиб кетиши ва қурғоқчиликка тайёр туришимиз керак – Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 15:55 / 26.04.2025
Муддат қўювчи Трамп: бунинг охири борми?
Жаҳон | 22:09 / 24.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
БМТ: 2014 йилдан бери дунёда 72 мингдан ортиқ мигрант ҳалок бўлди
Жаҳон | 20:46
-
АҚШнинг 60 млн долларлик қирувчи самолёти Қизил денгизга чўкиб кетди
Жаҳон | 20:43
-
Тошкентда автобуслар кондиционери қачон ёқилади?
Ўзбекистон | 20:40
-
Россияда пора орқали ҳолатини қонунийлаштирилган мигрантларни депортация қилиш таклиф этилди
Жаҳон | 20:36
Мавзуга оид

16:20
«Арсенал» ва «ПСЖ» яна финалга чиқмоқчи. ЕЧЛ яримфиналидаги интригалар

11:37 / 28.04.2025
«Сити» финалга чиқди, «Рома» ва Шомуродов «Интер»ни тўхтатди. Кун ўйинлари

16:39 / 27.04.2025
«Реал»дан ниҳоят муносиб қаршилик. Анчелотти ўйинни қандай ўзгартирди?

19:27 / 26.04.2025