Жаҳон | 14:19 / 27.06.2025
2474
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ва Хитой савдо битимини имзолади

Хитой битим эвазига АҚШга нодир металларни етказиб бериши айтилмоқда.

Фото: Getty images

Президент Доналд Трамп АҚШ ва Хитой ўртасида савдо битими имзоланганини маълум қилди.

«Кеча биз Хитой билан шартнома имзоладик», деди Трамп Оқ уйда солиқ имтиёзлари муддатини узайтириш ва бюджет бўйича қонунга бағишланган тадбирда. АҚШ президенти тузилган савдо битими ҳақида бошқа ҳеч қандай маълумот бермади.

АҚШ Савдо вазири Ҳовард Лютник АҚШ ва Хитой май ойида Женевада эришилган савдо келишувини якунлаганини тушунтирди. Унинг сўзларига кўра, келишув икки кун аввал имзоланган ва Пекин ва Вашингтон ўртасидаги савдо музокаралари чоғида келишилган шартларни ўз ичига олади. Улар орасида Хитойнинг АҚШга нодир металларни етказиб бериш мажбурияти ҳам бор. «Улар бизни нодир металлар билан таъминлайди. Ва бу содир бўлгач, биз жавоб чораларимизни бекор қиламиз», деди Лютник.

Унинг қўшимча қилишича, Оқ уй яқин келажакда ўзининг 10 та энг йирик савдо ҳамкорлари гуруҳи билан савдо битимлари тузишни режалаштирмоқда.

Аввалроқ, АҚШ ва Хитой савдо музокараларида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида битим имзолангани ҳақида Хитой Савдо вазирлиги маълум қилган эди. Баёнотга кўра, Пекин назорат остидаги товарларни экспорт қилиш бўйича аризаларни маъқуллайди, Қўшма Штатлар эса Хитойга нисбатан бир қатор чекловчи чораларни бекор қилади.

Баёнотда қайд этилишича, Пекин икки давлат раҳбарларининг «муҳим консенсуси» ва уларнинг 5 июн куни телефон орқали мулоқоти чоғида билдирилган талабларга риоя этилишини кутмоқда.

2 апрель куни АҚШ президенти Доналд Трамп бир қатор савдо ҳамкорлари, жумладан, Хитойга қўшимча тарифлар жорий этилишини эълон қилган эди. Бунга жавобан Пекин икки давлат ўртасида тарифлар бўйича қарама-қаршиликни келтириб чиқарган жавоб чораларини қўллади. Охир оқибат, АҚШ Хитой товарларига божларни 145 фоизга, Хитой эса Америка товарларига божларни 125 фоизга оширди.

Савдо можаросининг кучайиши фонида АҚШ ва Хитой расмийлари 10-11 май кунлари Женевада музокара ўтказиб, ўзаро тарифларни 90 кунга вақтинча тўхтатиб туришга келишиб олган эди.

Мавзуга оид