Трамп АҚШ ва Эрон ядро келишувига яқин эканини айтди
Президент Доналд Трамп 15 май куни Қўшма Штатлар Эрон билан ядровий келишувга эришишга жуда яқин эканини ва Теҳрон унинг шартларига баъзи эътирозлар билан рози бўлганини айтди.

Фото: Getty images
Оқ уй раҳбари Эрон билан ядро дастури бўйича янги шартнома тузишга ҳаракат қилмоқда. Ғарб давлатлари Теҳрон бу дастурдан ядровий қурол ишлаб чиқариш учун фойдаланаётганидан қўрқади, бироқ Эрон расмийлари бу дастур фақат тинч характерга эга эканини таъкидламоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
«Сиз бугун Эрон ҳақидаги янгиликларни ўқиган бўлсангиз керак. У шартларга рози бўлган шекилли», деди Трамп Форс кўрфази бўйлаб сафари доирасида Қатарга ташрифи чоғида.
Трамп Эроннинг қайси баёнотларини назарда тутаётганига аниқлик киритмади, бироқ аввалроқ Эрон олий раҳбари Али Хоманаий маслаҳатчиси Али Шамхоний Америка матбуотига Теҳрон ядровий дастур бўйича жиддий чекловларга рози бўлишга тайёрлигини айтган эди.
Трамп Қўшма Штатлар Эрон билан «узоқ муддатли тинчлик бўйича ўта жиддий музокаралар олиб бораётганини» таъкидлаб, унинг ядровий дастури муаммосини ҳал қилишнинг икки йўли борлигини қўшимча қилди: «Бири жуда, жуда ёқимли, иккинчиси эса зўравонликни ўз ичига олади. Аммо мен иккинчи йўлдан боришни хоҳламайман», деди АҚШ президенти.
«Биз Эронда ядровий чанг чиқармаймиз. Менимча, биз бундай чораларни талаб қилмайдиган битим тузишга яқинмиз», деди АҚШ президенти.
Шу билан бирга, музокаралар жараёнидан хабардор эронлик манба Reuters агентлигига томонлар позицияларида ҳалигача ҳал этилмаган қарама-қаршиликлар мавжудлигини айтди.
11 май куни Ўмонда Эрон ва Қўшма Штатлар ўртасида ядро дастури бўйича келишмовчиликларни ҳал қилиш бўйича музокараларнинг сўнгги раунди якунланди. Расмийларга кўра, томонлар музокараларни давом эттиришни режалаштирмоқда, чунки Теҳрон очиқчасига уранни бойитишда давом этишини таъкидлаяпти.
Уранни бойитиш муаммоси
Теҳрон ҳам, Вашингтон ҳам Эрон ядро дастури бўйича ўнлаб йиллар давом этган баҳсни ҳал қилиш учун дипломатик йўлни афзал кўришини айтган бўлса-да, асосий масалаларда келишмовчилик сақланиб қолмоқда.
Америка расмийлари Эрон уранни бойитишни тўхтатиши кераклигини очиқчасига айтган. Аммо Теҳрон ўз ҳудудида уранни бойитиш ҳуқуқига эга ва ундан воз кечмаслигини маълум қилган.
ХАЭА маълумотларига кўра, 2025 йил март ойи ҳолатига кўра, Эронда 60 фоизгача бойитилган 275 килограммга яқин уран тўпланган. Назарий жиҳатдан, агар Эрон уранни 90 фоизгача бойитишда давом этса, бу миқдор 5-6 та ядро каллаклари учун етарли.
Эрон президенти Масъуд Пизишкиён Трампнинг яқинда Теҳронни Яқин Шарқдаги «энг бузғунчи куч» деб атаган сўзларига жавоб қайтарди.
«Трамп санкциялар қўйиб, бизга таҳдид солиши, кейин эса инсон ҳуқуқлари ҳақида гапириши мумкин. Барча жиноятлар ва минтақавий беқарорлик АҚШ ҳаракатлари оқибатидир. У Эрон ичида беқарорлик яратмоқчи», деди Пизишкиён.
Аммо 14 май куни Эрон олий раҳбарининг маслаҳатчиси Али Шамхоний Теҳрон АҚШ санкцияларини бекор қилиш эвазига бир қатор ён беришларга тайёрлигини айтди.
Бошқа нарсалар қаторида, Шамхоний сўзларига кўра, Эрон ҳукумати ҳеч қачон ядро қуролини ишлаб чиқармаслик, юқори даражада бойитилган уран захираларидан воз кечиш, уранни фақат фуқаролик мақсадларида фойдаланиш учун зарур бўлган даражада бойитиш ва халқаро инспекторларни мамлакатга киритишга ваъда бериши мумкин.
Бироқ Эрон ўзининг уран захираларини Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси (JCPOA) деб номланувчи келишув доирасида келишилган даражадан пастга туширишга рози бўлмади. Теҳрон ва бошқа олти давлат шартномани 2015 йилда имзолаган, бироқ Трамп ўзининг биринчи муддатида АҚШ ундан чиқиб кетган.
JCPOA доирасида Эронга 3,67 фоизгача бойитилган 300 кг уранни сақлашга рухсат берилди. Бу фуқаролик ядровий энергетикаси ва тадқиқот мақсадлари учун етарли, аммо 90 фоиз бойитилган уранни талаб қиладиган ядро бомбасини яратиш учун эмас.
Теҳрон, шунингдек, бойитилган уран захираларини қисқартириш бир неча босқичда амалга оширилишини истайди, АҚШ бунга рози эмас. Келишувга эришилса, юқори даражада бойитилган уран қаерга кетиши борасида ҳам келишмовчиликлар мавжуд.
Эронлик манбанинг айтишича, Эрон ён беришга тайёр бўлса-да, «муаммо шундаки, Америка бунинг эвазига йирик санкцияларни бекор қилишга тайёр эмас».
БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқи 2010 йилдан бери Эроннинг ядровий дастуридан қурол ишлаб чиқаришда фойдаланилаётгани гумони билан унга қарши кенг қамровли иқтисодий санкциялар жорий қилган.
Санкциялар Эроннинг нефтни халқаро бозорларда сотиш имкониятини тўхтатди ва мамлакатнинг 100 миллиард долларлик хорижий активларини музлатиб қўйди.
Эрон иқтисодиёти таназзулга юз тутди, миллий валюта курси рекорд даражага тушиб кетди, бу эса ўз навбатида инфляциянинг кескин ўсишига олиб келди.
Мавзуга оид

21:42 / 15.06.2025
Эроннинг ажалвор ҳужуми ва Теҳронда навбатдаги портлашлар. Урушнинг учинчи кунидаги асосий воқеалар

14:13 / 15.06.2025
Исроил Эрон мудофаа вазирлиги биносига ва Теҳрондаги асосий нефт омборига ҳужум қилди

13:22 / 15.06.2025
Тел-Авив яқинида турар жой биноси вайрон бўлди

10:46 / 15.06.2025