Жаҳон | 20:02 / 13.05.2025
5084
2 дақиқада ўқилади

Мексикада мэрликка номзод сайловолди митингида отиб кетилди

Мамлакат президенти Клаудия Шейнбаум матбуот анжумани ўтказиб, ҳозирча ҳужум нима сабабдан уюштирилгани юзасидан маълумотга эга эмаслигини маълум қилди.

Мексиканинг Веракрус штатида 11 май куни номаълум шахслар Тексистепек муниципалитети мэри лавозимига номзод Есения Лара Гутеррезнинг сайловолди митингини ўққа тутди. Ҳужум оқибатида сиёсатчи ва яна уч киши ҳалок бўлди, деб хабар беради CNN.

Мексика президенти Клаудия Шейнбаум эртаси куни ўтказилган матбуот анжуманида ҳозирча ҳужум нима сабабдан уюштирилгани юзасидан маълумотга эга эмаслигини айтди. Шунингдек, у ҳукумат штат расмийларининг ҳаракатларини мувофиқлаштираётганини қўшимча қилди. Ҳалок бўлган Гутеррез ҳукмрон «Миллий уйғониш ҳаракати» партиясининг аъзоси эди. Веракрусдаги сайловлар 1 июн санасига режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, ўтган йили Мексикада сиёсий сабаблар оқибатида қурбон бўлганлар сони рекорд кўрсаткичга етган. Data Civica инсон ҳуқуқлари ташкилоти статистикасига кўра, 2024 йилда 661 та шу каби ҳужум қайд этилган. Қурбонларнинг аксарияти муниципал даражадаги лавозимларни эгаллаган ёки уларга ўз номзодини қўйган.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Мексиканинг Веракрус штатидаги Идальготитлан шаҳрига янги мэр этиб сайланган Сантана Крус Баэна кечки вақт ўз уйида номаълум шахслар томонидан отиб кетилган эди.

 

Мавзуга оид

Эълонлар