Иқтисодиёт | 15:58 / 12.05.2025
2312
2 дақиқада ўқилади

Маҳаллий рейслар учун субсидия барча резидент авиакомпанияларга тўланади

Хусусий авиакомпаниялар ҳам ички рейслар учун авиачипта нархининг 25 фоизи миқдорида республика бюджетидан субсидия оладиган бўлди. Субсидиялаш муддати узайтирилмади: вақтинчалик тартиб йил охиригача амал қилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда маҳаллий йўналишлардаги авиақатновларга Uzbekistan Airways учун белгиланган махсус тарифлар ва субсидия миқдорлари барча резидент авиакомпанияларга татбиқ этиладиган бўлди.

7 май куни бу ҳақда ҳукумат қарори имзоланган.

Авиарейсларни субсидиялаш 2021 йилдан бошлаб йўлга қўйилган.

Унга кўра, авиаташувчиларга ижтимоий аҳамиятга эга деб топилган маҳаллий йўналишларда авиачипта нархининг 25 фоизи миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратиш белгиланган.

Субсидиялаш масалаларида ваколатга эга Махсус комиссия ташкил этилган.

Субсидиялаш 2026 йил 1 январгача давом этади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2 май кунги йиғилишда маҳаллий рейсларнинг 95 фоизи UzAirways ва Silk Avia авиакомпанияларига тўғри келаётгани, қолган 14 та рейсни 4 та маҳаллий авиакомпания амалга ошираётганини айтганди. Ички рейсларни субсидиялаш билан барча резидент компаниялар қамраб олиниши ўша йиғилишда маълум қилинганди.

2025 йилги давлат бюджетида, авиаташувчиларга маҳаллий йўналишлардаги авиақатновлар учун чипта нархининг бир қисмини қоплаш учун субсидияларга 63,7 млрд сўм ажратиш кўзда тутилган.

Расмий статистикага кўра, маҳаллий авиарейсларда чипталар охирги уч ойда 1,7 баробарга қимматлашган.

Мавзуга оид