Спорт | 18:18 / 09.05.2025
5684
5 дақиқада ўқилади

Алонсо «Байер»дан кетишини эълон қилди. У «Реал»га келади

Карло Анчелотти ла лиганинг сўнгги туридан кейин «Реал» бошқарувини тарк этади ва катта эҳтимол билан Бразилия миллий жамоаси бошқарувига боради.

Фото: Gettyimages.ru/Stuart Franklin

Испаниялик мутахассис Ҳаби Алонсо мавсум якунида Германиянинг «Байер» клубидан кетишини эълон қилди.

«Клуб билан бу икки ўйин мен учун охиргиси бўлиши ҳақида келишиб олдик. Ишонамизки, кетиш вақти келди ва бугун буни эълон қилиш учун энг яхши вақт.

Кейинги клуб? Ҳозирча бу ҳақда гапиришнинг мавриди эмас, чунки биз якшанба куни яхшилаб хайрлашмоқчимиз», – деди у матбуот анжуманида.

«Байер» расмий сайтида ҳам у кетаётгани эълон қилинган, клуб бош директори Фернандо Карро Ҳаби Алонсо бошқаруви даврида клуб футбол оламида ўз ўрнига эга бўлганини эътироф этган.

Унинг кейинги манзили «Реал»

Ҳаби саволга жавоб беришдан қочган бўлса-да, унинг кейинги клуби номи маълум – «Реал».  

Marca нашри ёзишича, Алонсо 2028 йил ёзига қадар амал қилувчи уч йиллик шартнома имзолайди. Ҳаби билан унинг штаби аъзолари – ассистент Себастян Парриля ва жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Алберто Энсинас ҳам Испания пойтахтига кўчиб ўтади. Алонсонинг шартномаси муддати 2026 йил ёзига қадар бўлгани учун «Байер»га товон пули тўланади.

Шу билан бирга, Marca Ҳаби «Реал»ни клублар ўртасидаги ЖЧ вақтида бошқармаслигини айтиб ўтган. Катта эҳтимол билан, турнирга тайёргарлик учун етарли вақт бўлмаслиги сабабли – турнир Миллатлар Лигаси ўйинларидан атиги бир ҳафта ўтиб бошланади. Мураббий тўлақонли дам олиш ва ишни июлдан бошлаш мақсадга мувофиқ деб топган. Олдинроқ Caden SER радиоси Алонсо барибир мадридликлар клуби бош мураббийи сифатида клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатига боришини хабар қилганди.

Карло Анчелотти «Реал»ни Ла Лиганинг сўнгги туридан кейин тарк этади – сўнгги тур ўйинлари 25 майга белгиланган. Катта эҳтимол билан, италиялик мутахассис Бразилия миллий жамоаси бошқарувига боради, аммо бу масала охиригача ҳал қилинмаган. Шу билан бирга, Карло ҳам «Реал»ни АҚШда ўтадиган клублар ўртасидаги ЖЧда бошқармайди. Катта эҳтимол билан, бу вазифа Сантяго Соларига топширилади, у жамоани 2018/19 йиллар мавсумида ҳам бошқарганди, ҳозир эса клуб техник директори лавозимида ишламоқда.

Сантяго Солари

Ҳаби Алонсо – энди «Байер»нинг ҳам афсонаси

Ҳаби Алонсонинг ажойиб хусусияти бор. У ўзи ўйнаган барча клубларнинг мухлислари томонидан клуб афсонаси деб аталади: «Реал Соседад»да ҳам, «Ливерпул»да ҳам, «Реал Мадрид»да ҳам ва «Бавария»да ҳам баск ҳақида фақат илиқ хотиралар қолган. Энди бу рўйхатга Леверкузеннинг «Байер» клуби ҳам қўшилади.

Бунга етарлича сабаб бор: Алонсо келганида жамоа бундеслигани тарк этиш ёқасига келиб қолганди, мураббий эса клубдаги иккинчи мавсумидаёқ тарих ёзди. Унинг бошқарувидаги жамоа мавсум давомида барча турнирлар доирасида фақат бир бор мағлуб бўлди, Германияда узоқ кутилган илк чемпионликка эришди, Германия кубогидаги ғалабадан кейин олтин дубл қайд этилди, Европа лигаси финалига чиқилди, кейин эса Германия Суперкубоги учун ўйинда ҳам қатнашди. Бу 1993 йилдан буён ҳеч қандай соврин ютмаган леверкузенликлар тарихидаги энг ёрқин мавсум бўлди.

Алонсо кетади, «Байер»да эса тўлиқ қайта қуриш жараёни бошланади. Катта эҳтимол билан, ёзда клубни бош мураббийдан ташқари, ушбу таркибнинг асосий етакчилари ҳам тарк этади: Флориан Виртц, Жонатан Та, Гранит Чака, Жереми Фримпонг ва бошқалар. Алонсонинг ўрнини ким эгаллаши ҳозирча номаълум, аммо, клуб афтидан испан векторини сақлаб қолмоқчи: номзодлар қаторида Хави, Алваро Арбелоа ва Раул номлари келтирилмоқда.

«Байер» келажакка тайёр. Клубдаги ўсиш давом этади ва мен буни қизиқиш билан кузатиб бораман», – дея тан олди Алонсо. 

Мавзуга оид