Трамп нефт нархи пасайиши Россиянинг музокаралардаги позициясини юмшатиши ҳақида гапирди. Москва рад этди

Андрей Гордеев / Ведомости
АҚШ президенти Доналд Трамп нефт нархи пасайиши ва Россия бюджети даромадлари қисқариши фонида Москва урушни тўхтатиш бўйича музокараларда нисбатан келишувчан бўлиб қолишига ишонч билдирди.
«Ўйлайманки, Россия нефтнинг ҳозирда тушиб кетган нархи билан… Биз ҳозирда можарони ҳал қилиш учун яхши позициядамиз, улар ҳам буни хоҳлашади», — деди АҚШ президенти журналистларга.
Трамп Украина ҳам урушни якунлашни хоҳлашини айтиб, «бу рўй бериши»га умид билдирди.
РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков навбатдаги брифингда амалда Россия позицияси юмшатилиши эҳтимолини рад этиб, нархлардан қатъи назар «Россия миллий манфаатлари» ўзгармасдан қолишини таъкидлади.
«Албатта, нефтнинг халқаро бозордаги нархлари – мамлакатимизда бюджетни шакллантириш учун ҳам жуда муҳим омил бўлиб, у ўз долзарблигини сақлаб қолмоқда. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам Россиянинг миллий манфаатлари ҳамма нарсадан, нефтнинг ҳар қандай нархларидан устун туради», – деди Песков.
У, шунингдек, Россия жаҳон бозорида нефт нархининг мақбул даражасини – жуда паст ҳам, жуда юқори ҳам бўлмаган даражада ушлаб туриш учун ОПЕК мамлакатлари билан ишлашни давом эттираётганини таъкидлади.
Нефт нархи ОПЕК+ ташкилотининг уни қазиб олишни кескин ошириш қарори туфайли пасаймоқда. Март ойида ишлаб чиқариш ҳажми (уч йил ичида биринчи марта) кунига 138 минг баррелга, 3 майда эса яна 411 минг баррелга оширилиши эълон қилинди, бу дастлабки режага нисбатан уч баравар кўп эди. Bloomberg стратегияни ўзгартириш ортида Саудия Арабистони тургани, уни ОПЕК+ ташкилотининг бошқа аъзолари томонидан квоталарга риоя қилмаслик қониқтирмаслиги ва ушбу мамлакат раҳбарияти Трамп билан муносабатларни яхшилашга интилаётганини ёзган.
Апрел ойи бошидан бери нефт нархи 20 фоиздан кўпроққа арзонлашди.
Нархлар пасайиши туфайли Россия Молия вазирлиги аллақачон бюджет даромадларини қайта кўриб чиқди - янги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакат йил охиригача 1,8 триллион рубл йўқотади ва бунинг натижасида бюджет тақчиллиги ЯИМнинг 1,7 фоизигача ошади.