Трампнинг босимидан сўнг: Россия музокара белгилади
АҚШ президенти Доналд Трампнинг РФ президенти Владимир Путинга қаратилган кетма-кет танқидлари ва Ғарб Украинанинг Россия ичкарисига зарба йўллашига рухсат бериш билан таҳдид қилгани фонида, Москва Киев билан музокараларнинг иккинчи раундини белгилади. Томонлар 2 июн куни яна Истанбулда учрашади.

Россия Украина билан музокараларнинг иккинчи раундини 2 июн куни яна Истанбулда ўтказишни таклиф қилди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг сўзларига кўра, Москва бу учрашувда тинчлик шартлари бўйича меморандумни тақдим этишга ва зарур тушунтиришлар беришга тайёр. Делегацияга аввалгидек президент ёрдамчиси Владимир Мединский раҳбарлик қилади.
16 май куни Истанбулда сўнгги уч йилдаги илк тўғридан тўғри музокаралар ўтказилган эди. Тахминан икки соат давом этган мулоқотда “1000 га 1000” форматида асирларни алмашиш, икки томон оташкесимни тўхтатиш бўйича ўз шартларини бир-бирига ёзма ҳужжат шаклида тақдим этиши ва яна учрашиш ҳақидаги келишувларга эришилганди. 23-25 май кунлари Россия ва Украина ўртасида энг йирик ҳарбий асирлар алмашинуви бўлиб ўтди: биринчи куни 270 нафардан ҳарбий ва 120 нафардан фуқаролар, иккинчи куни 307 нафар, учинчи куни 303 нафар ҳарбий алмашилди.
Музокаралар тарихи
2022 йил 24 феврал куни Россия Украинага кенг миқёсда бостириб киргач, илк музокаралар орадан 4 кун ўтиб, 28 феврал куни Беларуснинг Гомел вилоятида бошланган, лекин бир неча босқичдан кейин муваффақиятсизликка учраган эди. Феврал ва март ойларида дастлаб Беларусда, кейин Туркияда ўтган дастлабки музокараларда сезиларли дипломатик ютуқлар кузатилмаган бўлса-да, томонлар гуманитар масалалар бўйича илк келишувларга эришганди. БМТ ва Туркия воситачилигида Украина ғалласини Қора денгиз орқали эркин экспорт қилиш ҳамда асирлар алмашувлари шулар жумласидан.
2022 йилдаги музокараларнинг муҳим жиҳати шунда эдики, унда Украина ҳарбий жиҳатдан бетарафлик мақомини муҳокама қилишга тайёр эди. Кейинчалик сиздирилган маълумотларга кўра, ўшанда Киев бир қатор давлатларнинг хавфсизлик кафолатлари эвазига НАТОга аъзо бўлмасдан, нейтрал давлат ва ядро қуролидан холи давлат мақомини олиш масаласини кўриб чиқишга очиқ бўлган. Қрим ва Донбасс масалалари бўйича алоҳида музокаралар учун 15 йиллик муддат белгиланиши кўзда тутилган. Шунга қарамай музокаралар охир-оқибат барибир барбод бўлди. Фронт чизиғидаги ҳарбий муваффақиятлар ва мағлубиятларга боғлиқ ҳолда иккала томон ҳам: “Урушни давом эттириб, ҳаммасини фронтда ҳал қиламиз” дегандек бўлди. Бунда Ғарб давлатлари, айниқса Жо Байден бошчилигидаги АҚШ ва Борис Жонсон раҳбарлигидаги Британиянинг позицияси ҳам муҳим ўрин тутди.
3 йил ичида илк музокара
Истанбулда охирги марта 2022 йил март ойида бўлиб ўтган музокаралардан кейинги 3 йил дипломатик турғунлик даври бўлди. 2025 йилда Доналд Трамп урушни тугатиш ваъдаси билан АҚШ ҳокимиятига келгач, Американинг урушга муносабати кескин ўзгарди. Трамп аввалига Украинага жиддий босим қилиб, тинчликка кўндириш ёки ҳатто мажбурлашнинг уддасидан чиқди. Лекин тўрт ойдирки, у Владимир Путинни оташкесимга кўндира олмаяпти.
Шунга қарамай, юзма-юз музокаралар қайта бошланди. Лекин шартлар энди аввалгидек эмас. Фронтда устунликка эга Россия ҳозир урушни тўхтатадиган пайт эмас деб ҳисоблаётгандек.
Тавсия этамиз
Швейцариядаги қишлоққа кўчиб келган сайёҳларга 24 минг доллардан пул тўланади
Жаҳон | 01:36 / 09.06.2025
Тошкентда илк BRT тизими: у қандай кўринишда бўлади?
Ўзбекистон | 20:17 / 07.06.2025
Бир нечта ташкилотлар Enter Engineering компаниясини судга берди
Ўзбекистон | 17:39 / 07.06.2025
Хатолар улғайтирган жамоа. Ўзбекистоннинг мундиал сари узоқ йўли ҳақида
Спорт | 15:27 / 07.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Карлови Вари — Европанинг асосий соғломлаштириш жойи
Жамият | 15:00 / 09.06.2025
-
Россияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди
Ўзбекистон | 00:28
-
Британияда 400 мингдан ортиқ давлат хизматчиси сунъий интеллектдан фойдаланишга ўқитилади
Фан-техника | 00:07
-
Навоий учун Хитойдан 42 та замонавий автобус олиб келинди
Ўзбекистон | 00:00
Мавзуга оид

00:28
Россияда оғир аҳволда қолган ўзбекистонликлар ватанга қайтарилди

21:24 / 09.06.2025
“Урушга боришни хоҳламаганларни отиб ташлашди” – “Вагнер”га ёлланган йигит ҳикояси

20:46 / 09.06.2025
Трамп Лос-Анжелесдаги намойишларни бостиришга ҳаракат қилмоқда – фотосуратлар

19:01 / 09.06.2025