Германияда «Германия учун альтернатива» партияси экстремистик деб топилди
Партия апрель ойида Германиядаги энг оммабоп сиёсий кучга айланган эди. Унинг экстремистик деб тан олиниши дарҳол тақиқланишини англатмайди, бироқ фаолиятига жиддий чекловларни қўяди.

Фото: Getty images
Германиянинг Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси (контрразведка) «Германия учун альтернатива» (Alternative für Deutschland, AfD) ўта ўнг партиясини экстремистик деб эълон қилди.
«Қочқинлар ва мигрантларга қарши давом этаётган тарғибот бу партиянинг одамларга нисбатан хурофот, нафрат ва қўрқувни ёйишига хизмат қилади», дейилади контрразведка баёнотида.
Баёнотда қайд этилишича, AfD мусулмон давлатларидан келган қочқинларни Германия жамиятининг тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида тан олмайди. Партия уч йил давомида текширувдан ўтказилди. AfD вакилларининг баёнотлари ва хатти-ҳаракатлари, жумладан, уларнинг ўнг қанот экстремистик гуруҳлар билан алоқалари ўрганилди. Охирги учта парламенти (Ландтаг) сайловлари бўйича сайлов кампанияси давомида партия фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Апрель ойи охирида ўтказилган сўров натижаларига кўра, AfD респондентларнинг 26 фоизи қўллаб-қувватлаган ҳолда Германиядаги энг оммабоп сиёсий кучга айланди. Бу партияни қўллаб-қувватлашнинг рекорд даражасидир. Февраль ойида Бундестагга муддатидан олдин сайловлар бўлиб ўтди, унда AfD 20,8% овоз билан тарихда биринчи марта иккинчи ўринни эгаллади. Сайловда Христиан-демократик ва христиан-социал иттифоқи блоки ғалаба қозонди.
AfD партиясининг экстремистик деб тан олиниши унинг тақиқланишини англатмайди, бироқ фаолиятига жиддий чекловларни қўяди. Жумладан, партия ёки унинг бўлинмалари махсус хизматлар томонидан кузатув нишони деб эълон қилиниши мумкин. Бу давлатга улар ҳақида разведка маълумотларини тўплаш имконини беради, масалан, телефонларни тинглаш, кузатув, ёзишмаларни таҳлил қилиш ва аъзолар устидан жосуслик.
Шу билан бирга, бундай эътироф партия обрўсига кучли таъсир қилади: унинг тарафдорлари радикал, миллатчилик ёки конституцияга зид қарашлар билан боғланади. Бу сайловчиларнинг бир қисмини чўчитади ва бошқа партиялар билан сиёсий ҳамкорликни мураккаблаштиради.
Агар экстремистик хусусият суд томонидан тасдиқланса, сайловларда иштирок этиш тақиқланиши мумкин. Партия аъзолари, агар конституциявий тузумга таҳдид деб топилса, давлат лавозимларида ишлашдан четлатилади.
Партия давлат маблағидан маҳрум бўлиши мумкин. Хусусий донорлар ва ташкилотлар обрў-эътибор ва ҳуқуқий хавфлардан қўрқиб, ўзини узоққа олади.
AfD партиясининг экстремистик деб топилиши тақиқ эмас, балки бу партия ёки унинг тузилмаси демократик жамиятда мақбул бўлган чегарани кесиб ўтганига жиддий ишорадир.
Мавзуга оид

15:50 / 29.05.2025
Германияда уч нафар россиялик жосусга айблов эълон қилинди

15:05 / 29.05.2025
Германия: Киев билан биргаликда қурол ишлаб чиқариш тез орада бошланади

13:12 / 29.05.2025
Германияда ҳамшира сифатида ишлаш учун номзодлар қабул қилинмоқда

09:50 / 29.05.2025