Ўзбекистон | 22:15 / 01.05.2025
6363
4 дақиқада ўқилади

Хивада замонавий туризм мажмуаси — «Арда Хива» очилди

«Арда Хива» 25 гектарлик паст унумли, шўрхок майдонда қурилган. Унинг бир томони 150 гектарлик Ғовук кўлга туташиб кетган. Шавкат Мирзиёев ушбу мажмуа очилишида иштирок этиб, хоразмлик ёшлар билан мулоқот қилди.

Хивада яна бир ноёб мажмуа – «Арда Хива» очилди. Унинг очилиши Хоразм вилоятига Шавкат Мирзиёев ташрифининг муҳим воқеаси бўлди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Хоразм вилоятига хорижий сайёҳларнинг ташрифи етти-саккиз йил олдинги даврга нисбатан 30 баробар кўпайган. Соҳадаги ўзгаришлар ҳисобига вилоят туризм хизматлари экспорти 2017 йилдаги 7 миллион доллардан ўтган йилда 380 миллион долларга етган.

Вилоятда сайёҳлар учун қирқдан ортиқ туристик йўналишлар ишлаб чиқилган ва уларнинг умумий сони юзтага етган. Булар қаторига «Арда Хива» мажмуаси ҳам қўшилди.

Мажмуа қадим кент ичра яна бир бетакрор шаҳарни эслатади. Мазкур маскан ўзида тарих ва бугунни уйғунлаштирган меъморий ечими билан ноёб лойиҳа саналади.

«Арда Хива» ҳудуддаги 25 гектарлик паст унумли, шўрхок майдонда қурилган. Унинг бир томони 150 гектарлик Ғовук кўлга туташиб кетгани, бу майдонларда эса яшил ҳудудлар ташкил этилаётгани лойиҳани сайёҳлар учун янада жозибадор кўрсатишга хизмат қилади.

Давлат раҳбари мажмуа бўйлаб юриб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари ҳамда бозор расталарини томоша қилди.

Таъкидланишича, бу ерда сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун барча қулайликлар яратилган. Хусусан, қадимий шаҳар муҳитини акс эттирувчи бинолар, жами минг ўринли 20 та меҳмонхона қурилган. Очиқ-ёпиқ аквапарк ва аттракционлар, уч минг ўринли амфитеатр ва мусиқали фаввора барпо этилган. Шунингдек, тарихий қиёфадаги 11 та ҳунарманд уйи, шарқона бозор, «Кўҳна Урганч» музейи меҳмонлар учун қизиқарли бўлади. Икки километрлик каналда қайиқда сайр қилиш имконияти ҳам мавжуд.

Бешта кинотеатр ва концерт зали, кўплаб ресторанлар, заргарлик маркази, савдо дўконлари ва расталари, сув мото-туризми жойи ҳамда автотураргоҳ замонавий талабларга мос тарзда қурилган. Ҳудуддаги барча иншоотлар учун ягона совитиш ва иситиш тизими барпо этилган. Электр энергияси таъминоти учун қуёш панеллари ўрнатилган.

Мажмуа йилига уч миллион нафар ташриф буюрувчини қабул қилиш имкониятига эга. Бу ерда икки мингдан зиёд киши иш билан таъминланади.

Ичан қалъа тарихий бўлса, «Арда Хива» Хоразмнинг замонавий «ташриф қоғози» бўлади. Президент шу ерда хоразмлик ёшлар билан самимий мулоқот қилди.

«Ҳар қандай захира, ерости бойликлари қачонлардир тугайди. Лекин боболаримиз бизга шундай буюк маънавий мерос, улуғвор обидалар қолдирганки, улар асрлар давомида халққа хизмат қилиб келаяпти. Биз мана шу бойликдан элимиз манфаати йўлида фойдаланишимиз керак. Анча ишлар қилинди, лекин ҳали режалар ҳам кўп. Мен бу йўлда сиз, ёшларга ишонаман. Сизлар баланд чўққиларни кўзлаб, шунга яраша билим олсангиз, замонавий касбларнинг устаси бўлсангиз, юксак мақсадларимизга албатта эришамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид

Эълонлар

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Octobank'нинг 2025 йилдаги дастлабки натижалари: жадал ўсиш ва халқаро миқёсдаги эътироф

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти