Жамият | 22:09 / 29.05.2025
42963
8 дақиқада ўқилади

“Ўлиб қоламан деб ўйладим” – Тошкентда ИИБ ходимлари фуқарони қийнаб, бўйнига жиноят илмоқчи бўлишди

Гумондорларга жисмоний қийноқ қўллаган Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБнинг уч ходими озодликдан маҳрум қилинди. “Мени хонага қўлимга кишан тақилган ҳолда олиб киришди. Олдимга Фарҳод Қораев кириб келди. У қўлларимни тепага қаратиб қўйиб, бошимга қора рангли полиэтилен пакет кийдирди ва унинг тагини скотч билан ўраб ташлади. Нафасимни сиқиб, орқаларимга ва оёқ қисмимга электрошокер ёрдамида жароҳат етказди”, деган судда жабрланувчи.

Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБнинг уч ходими жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1987 йилда туғилган Фарҳод Қораев Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ катта тезкор вакили, 1986 йилда туғилган Баҳром Шоназаров ва 1991 йилда туғилган Каримжон Мирзабоев эса ППХ инспектори лавозимида ишлаган.

Жиноят тафсилотига кўра, Зангиота туманидаги манзил колониясида жазо муддатини ўтаб келаётган Мирҳошим Кутепетдинов кўп миқдорда гиёҳванд модда сотиш мақсадида бир гуруҳ шахслар билан тил бириктирган. У 2024 йил август ойи бошларида инспектор Баҳром Шоназаровга Янгиҳаёт тумани, Катта халқа йўли кўчасида жойлашган “Minerva City” турар жой мажмуасининг қурилиши тугалланмаган биноси рўпарасига кўп миқдордаги гиёҳванд модда яшириб кетилишини, уни қора рангли Spark машинасида борган шахслар олиб кетишини айтади. Мирҳошим Кутепетдинов Баҳром Шоназаровдан ушбу наркотик моддаларни унинг танишлари хавфсиз олиб кетишини таъминлашни сўраган ва ўзининг жиноий режасини амалга оширишда ёрдам беришга рози қилган.

2024 йил 4 августга ўтар кечаси Баҳром Шоназаров ППХ инспектори Каримжон Мирзабоев билан бирга ўзларига бириктирилган ҳудуддан ташқарига чиқиб, гиёҳванд модда яширилган манзил атрофини хизмат машинасида айланиб юришган. Бироқ катта миқдордаги гиёҳванд модда яширилганидан Каримжон Мирзабоев бехабар бўлган.

Инспекторлар соат 2:00 ларда гиёҳванд модда яширилган жой яқинида турган Меҳроб Ашуров ва Шомуҳаммад Шотурсуновни кўриб қолишган. Сўнгра уларнинг олдига бориб, нима мақсадда бу ерда юрганликлари ҳақида сўрашган. Баҳром Шоназаров Меҳроб Ашуровнинг телефонини кўздан кечириб, 5 грамм синтетик гиёҳванд воситаси яширилган жой фотосурати ва геолокациясини кўрган ҳамда “закладка” учун келганини аниқлаган. Аммо инспектор номаълум шахслар томонидан олиб кетилишини ўзи таъминланиши лозим бўлган ва ўша атрофда яширилган гиёҳванд модда Меҳроб Ашуров ҳамда Шомуҳаммад Шотурсуновга тегишли деб ўйлаган.

Баҳром Шоназаров Меҳроб Ашуровнинг қўлидан тортиб, ўзига олдиндан маълум бўлган жойга яшириб қўйилган гиёҳванд модда турган жойга олиб борган. Сўнгра гўёки ўзини ушбу жойдаги гиёҳванд моддани топиб олгандай кўрсатиб, ашёвий далилларни холислар иштирокисиз, ўз қўллари билан олган ҳолда машинаси юкхонаси устига қўйган. Инспекторлар Меҳроб Ашуров ҳамда Шомуҳаммад Шотурсуновга топилган гиёҳванд моддалар уларга тегишли эканини айтиб, ҳодиса жойига Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ЖТСБ ППХ инспекторлари ва Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ЖҚБнинг тегишли ходимларини чақиришган.

Воқеа жойига Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ катта тезкор вакили Фарҳод Қораев ҳам етиб борган. У инспекторлар томонидан гашиш, марихуана, тропикамид гиёҳванд воситаларини ўтказишда гумонланиб ушланган Меҳроб Ашуров ва Шомуҳаммад Шотурсунов ҳақида туман ИИО ФМБ навбатчилик қисми ҳамда юқори турувчи раҳбариятига ахборот бермасдан, мансаб ваколатлари доирасидан четга чиққан ҳолда суриштирув ҳаракатларини олиб боришга киришган.

Тезкор вакил Меҳроб Ашуров, Шомуҳаммад Шотурсунов ва уларнинг ортидан келган 3 кишини (бири аёл) амалда ҳимоя ҳуқуқи билан таъминламасдан, қўлларига кишан тақтирган. Кейин ҳодиса жойида уларга нисбатан жисмоний куч ишлатиб, уриб-тепган.

Фарҳод Қораев гумондорлар Янгиҳаёт туман ИИО ФМБга келтирилгандан сўнг ҳодиса жойида аниқланган ҳамда Меҳроб Ашуровга тегишли бўлмаган 953,84 грамм гашишнинг унга ва шерикларига тегишли эканини бўйнига олишга мажбурлаган. Бунинг учун у Меҳроб Ашуровни видеокузатув камераси ўрнатилмаган рақамсиз ёрдамчи хонага олиб кириб, кишан тақилган қўлларини тепага кўтартирган ҳолда хона деворига тираб қўйган ҳамда бошига полиэтилен пакет кийдирган. Сўнгра пакет устидан скотч ўраб, Меҳроб Ашуровнинг ҳаёти учун хавфли бўлган зўрликни қўллаган. Шунингдек, тезкор вакил гумондорни дўппослаб, электрошокер мосламасини ҳам қўллаган ва қийноққа солган. Жисмоний қийноқларга чидамаган Меҳроб Ашуров жиноятни содир этганлигига иқрорлиги тўғрисида тушунтириш хати ёзиб берган.

Бундан ташқари, Фарҳод Қораев иқрорлик кўрсатмалари олиш мақсадида А.Исломовни ҳам қийноққа солган. У А.Исломовнинг қўлини скотч билан ўраб, бошига бир нечта полиэтилен пакетларни кийдирган, сўнгра пакетларни бўйин қисмидан сиқиб олган. А.Исломов тезкор вакилга “Мен еган сомсамга пул тўлайман! Ўлигим чиқса чиқсин шу ердан, сизлар хоҳлаётган нарсани тан олмайман”, деган. Бундан жаҳли чиққан Фарҳод Қораев унинг кўкрак ва қорин қисмига зарбалар берган. А.Исломов оғриқлардан ерга букилиб, ярим ўтирган ҳолатга келиб қолган.

Фарҳод Қораев Ш.Шотурсунов ва И.Собировни ҳам ўша хонага олиб кириб, қийноққа солган. Жумладан, у “зажигалка”ни ёққан ҳолда И.Собировнинг жинсий аъзосига яқинлаштириб, жиноятни бўйнига олишини айтган. Бундан қўрқиб кетган И.Собиров улар хоҳлаган нарсани ёзиб беришга розилик билдирган.

ППХ инспектори Баҳром Шоназаров қалбаки 17 900 АҚШ долларини сотмоқчи бўлган гуруҳга алоқадорлиги ҳам аниқланган. Ушбу гуруҳ аъзолари тезкор тадбирда ушланган.

Фарҳод Қораев, Баҳром Шоназаров ва Каримжон Мирзабоев судда айбига қисма иқрорлик билдирган. Фарҳод Қораев фуқароларга нисбатан жисмоний қийноқ қўлламаганини, улар ўз ихтиёрлари билан тушунтириш хати ёзиб беришганини айтган.

Жабрланувчи Меҳроб Ашуров эса Фарҳод Қораев унга жисмоний азоб берганини таъкидлаган.

Мени хонага қўлимга кишан тақилган ҳолда олиб киришди. Олдимга Фарҳод Қораев кириб келди. У қўлларимни тепага қаратиб қўйиб, бошимга қора рангли полиэтилен пакет кийдирди ва унинг тагини скотч билан ўраб ташлади. Нафасимни сиқиб, орқаларимга ва оёқ қисмимга электрошокер ёрдамида жароҳати етказди. Пакет бурнимга ёпишиб, нафасим қайтиб кета бошлади. Сўнг Фарҳод Қораев бошимдаги пакетни бурнимгача кўтариб, ҳодиса жойидан топилган гиёҳванд воситалари кимга тегишли экани ҳақида сўради. Менга тегишли эмаслигини, мен фақатгина 5 грамм “Алфа ПВП” гиёҳванд воситасини олиб кетиш учун танишим билан у ерга борганимни айтдим. Шунда Фарҳод Қораев “Сен бола тушунмадинг шекили” деб, бошимга такроран пакет кийдирди ва мени азоблашни давом эттирди, икки томонлама қовурғаларимга кучли зарбалар беришни бошлади. Нафасим сиқилиб, ўлиб қоламан деб ўйладим. Фарҳод Қораевнинг қийноқларига бардош бера олмасдан барчасини бўйнимга оламан, фақат қийнаманглар, урманглар, дедим. Агар шунақа демасам Фарҳод Қораев мени бўғиб ўлдириб қўйган бўларди”, деган у суддаги кўрсатмасида.

Жабрланувчи Шомуҳаммад Шотурсунов ҳам кўрсатмасида ўзига нисбатан жисмоний қийноқ қўлланганини, “зажигалка” билан жинсий аъзосини куйдиришганини маълум қилган.

ЖИБ Чилонзор туман судининг 2025 йил 16 майдаги ҳукми билан Фарҳод Қораев, Баҳром Шоназаров, Каримжон Мирзабоев Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан айбли деб топилган. Фарҳод Қораев ва Каримжон Мирзабоевга 5 йил 1 ойдан, Баҳром Шоназаровга 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, ҳукм билан Мирҳошим Кутепетдинов 12 йил 6 ой ҳамда қалбаки валюта олди-сотдиси билан боғлиқ эпизод бўйича 5 киши турли муддатга озодликдан маҳрум қилинган.  

Мавзуга оид

Эълонлар

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

Havas Holding Европа компаниялари билан стратегик ҳамкорликни кенгайтирмоқда

JETOUR X50 ва X70 Ўзбекистонда: интеллектуал саёҳатлар учун янги босқич

Тошкентдаги “Gumma-Xonim ” овқатланиш маркази буюртмалар учун cаll-марказни ишга туширди

Тошкент минерал суви: Афсона ва ҳақиқат

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти