Жаҳон | 13:57 / 01.05.2025
2126
3 дақиқада ўқилади

Трамп: АҚШ Украина билан битимдан 350 млрд доллардан кўпроқ маблағ олади

Украина билан ерости бойликлари бўйича келишувга изоҳ бераркан, Трамп уруш даврида АҚШ Киевга ёрдам учун 350 миллиард доллар сарфлаганини, бироқ битимдан каттароқ маблағ олишини айтди.

Фото: Ken Cedeno - Pool via CNP/Consolidated News Photos/Globallookpress

Киев ва Вашингтон ўртасида имзоланган Украина минерал ресурслари бўйича келишув Қўшма Штатларга уч йилдан ортиқ вақт давомида ўзини Россия агрессиясидан ҳимоя қилиб келаётган мамлакатни қўллаб-қувватлаш учун сарфлаган миллиардлаб маблағни қоплашга ёрдам беради. Шу билан бирга, Қўшма Штатлар ушбу ёрдам учун сарфланган 350 миллиард доллардан ҳам кўпроқ маблағ олади. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп 1 май, пайшанба куни эрталаб NewsNation ахборот тармоғи орқали баёнот берди.

Студияда модераторнинг АҚШнинг Украинадаги мавжудлиги минтақада Владимир Путинни тўхтатиб туриши мумкинми деган саволига телефон орқали жавоб берар экан, Трамп шундай таъкидлади: «Бундай бўлиши мумкин эди. Лекин мен буни қилганим (Украина билан ресурс шартномасини имзолаганим) сабаб, биз 350 миллиард доллар ёки шунга яқин маблағ киритганмиз, Европа эса юз миллиард доллар маблағ берган. Улар пулларни қарзга берган. АҚШнинг аввалги президенти Байден уларга 350 миллиард долларни нақд пул ва жиҳозлар кўринишида топширди. 350 ва биз ҳеч нарса олмадик. Давлат раҳбари сифатида ўзимни жуда аҳмоқдек ҳис қилдим, сабаби Европа ўз пулларини қайтариб олади, гарчи у анча кичикроқ бўлса-да, биз эса ҳеч нарса олмаймиз. Шунинг учун мен улар (украиналиклар)нинг олдига бордим ва: «Биз нодир металларни оламиз», дедим. Уларда баъзи минераллар, материаллар бор, улар кўплаб бошқа жойларда йўқ. Бугун биз 350 миллиард доллардан кўпроқ пул оладиган битим туздик».

Шу билан бирга, Трамп Украинадаги уруш тугашига эришишни хоҳлашини айтди, сабаби «у ерда ҳар ҳафта ўртача 5000 нафар ёш аскар ҳалок бўляпти». «Россияликлар ва украиналиклар. Бу америкаликлар эмас, лекин гап одамлар ҳақида кетяпти ва бу жуда ачинарли».

Айни пайтда Британиянинг BBC медиакомпанияси ҳисоб-китобларига кўра, АҚШнинг Украинага ёрдам кўрсатиш учун сарфлаган умумий миқдори Доналд Трамп айтаётган 350 миллиард доллардан «анча кам».

Мавзуга оид