Камбағал оила фарзандлари мактабдаги узайтирилган кун гуруҳлари учун тўловдан озод қилинади
Шунингдек, камбағал оиладан чиққан аълочи талаба-қизларга базавий стипендиянинг икки баравари миқдорида махсус стипендия тўланади.

Президент Шавкат Мирзиёевга камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий хизматлар қамрови ва турларини кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича ахборот берилди.
Қайд этилишича, камбағал оилаларга 100 дан ортиқ турдаги ижтимоий хизмат, ёрдам ва имтиёзлар тақдим этилади. «Камбағал оилалар реестри»га киритиш тартиб-таомиллари қонунчилик ҳужжати даражасида белгиланади. Уларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режалар тасдиқланиб, манзилли хизмат ва ёрдамлар кўрсатилади. Бундай инсонлар бандлигини чекловчи омиллар бартараф этилиб, муайян даромад топишига шароит яратилади.
Камбағал оила фарзандлари мактабдаги узайтирилган кун гуруҳлари учун тўловдан озод қилинади, аъло баҳога ўқиганлар оромгоҳларда бепул дам олиши мумкин бўлади. Камбағал оиладан чиққан аълочи талаба-қизларга базавий стипендиянинг икки баравари миқдорида махсус стипендия тўланади.
Тақдимотда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш чоралари ҳақида ҳам ахборот берилди. Унга кўра, ногиронлиги бор инсонларни ишга олган енгил саноат корхоналарига солиқ имтиёзлари бериш, бундай ходимлар учун ижтимоий солиқ ставкасини пасайтириш, тадбиркорларга Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан 500 миллион сўмгача субсидия ажратиш каби рағбатлар кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, электрон савдо майдончаси орқали ногиронлиги бор шахсларга тегишли товар ва хизматларни харид қилиш миқдори оширилади. Уларга касб-ҳунар ўргатиш учун техникумларда инклюзив таълим гуруҳлари ташкил этилади.
Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар қамрови ва турларини кенгайтириш мақсадида «Фаол ҳаётга қадам» дастури жорий этилади. Бундай инсонларга кундузги қатнов асосида ёки уйда қараб туриш, маиший юмушларда кўмаклашиш, йўқотилган ҳаракат фаоллигини қайта тиклаш, касалликларнинг олдини олиш каби тиббий-ижтимоий хизматлар йўлга қўйилади.
Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, уларни тизимли йўлга қўйиш ва бажарилишини назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берди.
Мавзуга оид

21:47 / 27.05.2025
Юк темирйўл станциялари пойтахт ҳудудидан кўчирилиши мумкин

21:22 / 27.05.2025
2025 йилда 1619 км ичимлик суви тармоқларини тортиш режалаштирилган

18:30 / 27.05.2025
Шавкат Мирзиёев ЮНИСЕФ ижрочи директори билан учрашди

12:30 / 27.05.2025