Бандар-Аббос портидаги портлаш: қурбонлар сони ортмоқда
Эрон ички ишлар вазири мамлакатнинг Бандар-Аббос шаҳридаги энг йирик контейнер портида юз берган кучли портлашга бепарволик сабаб бўлганини айтди. Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 70 кишига етди. Эрон мудофаа вазирлиги юк таркибида кимёвий ракета ёқилғиси бўлгани ҳақида тарқалган хабарларни рад этмоқда.

Фото: AFP
Эрон ички ишлар вазирлиги раҳбари Искандар Моманийнинг сўзларига кўра, Шаҳид-Ражоий портида шанба куни содир бўлган ва 1000 дан ортиқ одам жароҳатланган портлашга «эҳтиётсизлик, жумладан, хавфсизлик чораларига риоя қилмаслик ва бепарволик» сабаб бўлган.
«Масъул деб ҳисобланган айрим шахслар терговга чақирилди», – дея қўшимча қилди у.
Якшанба куни Эрон ҳарбий-денгиз кучларининг асосий базаси жойлашган Бандар-Аббосда барча мактаблар ва давлат муассасалари ёпилди, қўшни шаҳарларда эса расмийлар зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслик ва ҳимоя ниқобларини тақиш ҳақида буйруқ берди.
Мамлакат божхона маъмуриятининг маълум қилишича, портда импорт қилинган юк ёниб кетган ва портлаган. Ушбу юк рўйхатдан ўтказилмаган ва ҳодисадан олдин расмий равишда декларация қилинмаган, деб хабар бермоқда Isna ахборот агентлиги божхона маъмуриятига таяниб.
Хўрмузгон вилоятининг инқирозли вазиятларни бошқариш бўйича директори Меҳрдод Ҳасанзода ҳам душанба куни портдаги ёнғинни ўчириш ишлари деярли якуний босқичда эканини айтди.
Хўрмузгон вилояти губернатори Муҳаммад Ашури Тазиани эса портни тозалаш ишлари яна бир неча кун давом этиши ва портдаги вазият нормаллашгунича икки ҳафтагача вақт кетиши мумкинлигини айтди.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, портлашдан 1500 гектар майдон жиддий зарар кўрган – бу порт ҳудудининг деярли учдан икки қисми деганидир.
Мазкур ҳудудга хизмат кўрсатган Sina Marine and Port Services Development Company компанияси бош директори содир бўлган воқеани «хавфли юкларни ёлғон декларациялаш билан боғлиқ такрорий ва ҳалокатли хато» билан изоҳлади.
Эрон мудофаа вазирлиги портлашга баллистик ракеталар учун ишлатиладиган қаттиқ ёқилғи – натрий перхлорат партияси билан нотўғри муносабатда бўлиш сабаб бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этмоқда.
Вазирлик матбуот котиби Ризо Талай-Ник якшанба куни воқеа содир бўлган ҳудудда «ҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун импорт ёки экспорт қилинадиган ёқилғи ёки юклар бўлмагани ва йўқлиги»ни айтди ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларини ёлғон хабарлар тарқатишда айблади.
Ambrey Intelligence денгиз хавфлари бўйича хусусий консалтинг компанияси эса Associated Press нашрига порт ўтган ойда натрий перхлорат партиясини олгани ва портлаш унга «нотўғри муносабатда бўлиш натижаси бўлгани тахмин қилинаётгани» ҳақида маълумот берган.
New York Times нашри ҳам Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпусига алоқадор бўлган аноним манбасига таяниб, портда натрий перхлорат портлагани тўғрисида хабар тарқатган.
Мавзуга оид

12:50 / 31.05.2025
ОАВ: АҚШ Эронга ҳужум қилиш таҳдиди туфайли Исроил билан ҳарбий ҳамкорликни музлатди

20:03 / 23.05.2025
Римда АҚШ ва Эрон ўртасида ядровий дастур бўйича музокаралар бошланди

16:28 / 23.05.2025
Эрон 2023 йилда Озарбойжон элчихонасига ҳужум қилган эркакни қатл қилди

20:49 / 15.05.2025