Россия Европа билан чегарадаги ҳарбий қисмларини кенгайтирмоқда
Россия Финландия, Норвегия ва Эстония билан чегарада ҳарбий қисмларни кенгайтирмоқда ва темирйўллар қурмоқда. Бу янги урушга тайёргарлик сифатида қабул қилинмоқда, деб ёзади WSJ.

Steffen Trumpf / picture alliance / Getty Images
Россия ҳукумати сўнгги бир неча йил ичида Финландия ва Норвегия билан чегарадаги ҳарбий қисмларни кенгайтирди, деб хабар берди 28 апрел куни The Wall Street Journal газетаси Американинг тижорат сунъий йўлдош тасвирлари билан шуғулланувчи Planet компанияси томонидан тақдим этилган сунъий йўлдош тасвирларига таяниб.
Газета икки ҳарбий қисмнинг сунъий йўлдошдан олинган суратларини эълон қилди – Финландия билан чегарадаги Ленинград областининг Виборг районидаги Каменка ва Норвегия билан чегарадаги Мурманск областининг Печенег районидаги Спутник посёлкасида. Тасвирларга қаралса, Каменкадаги ҳарбий қисмда ҳарбийлар учун янги турар жойлар пайдо бўлди, деб хабар берди Финландиянинг Black Bird Group тадқиқот ташкилоти. Спутникдаги қисмда ҳарбий техника учун омборлар кенгайтирилди, деб ёзади нашр.
The Wall Street Journal нашри ёзишича, Россия Карелиядаги Петрозаводск ҳудудида янги казарма ва полигонлар қурмоқчи, арсеналлар ва темирйўлларни модернизация қилмоқчи, у ерда ўн минглаб ҳарбийларни бошқариш учун янги армия штабини ташкил этиш режалаштирилган. Black Bird Group ташкилоти OSINT-таҳлилчиси Эмил Кастехелмининг маълум қилишича, Россия ҳарбийлар учун омборхоналар ва турар жойлар қурмоқда.
Янги темирйўллар Финландия ва Норвегия билан чегаралар бўйлаб, шунингдек, жанубда Петербургдан Эстония чегарасигача ётқизилган. Мавжуд темирйўл линиялари кенгайтирилмоқда. «Россия-Финландия чегарасида механизациялашган қўшинлар билан чегарани кесиб ўтиш мумкин бўлган ўнлаб пунктлар мавжуд. Агар улар янги темирйўл станцияларини қураётганини ёки эскиларини таъмирлаётганини кўрсангиз, бунга эътибор қаратиш керак», – деди Ҳелсинкидаги Миллий мудофаа университети профессори, Россия қуролли кучлари бўйича эксперт Юха Куккола WSJ билан суҳбатда.
РФ президенти Владимир Путин 2024 йилда Россия армияси ҳарбийлари сонини бир ярим миллион кишига етказишга кўрсатма берганди (таққослаш учун: Украинага кенг кўламли босқинга қадар, қўшинлар сони тахминан бир миллион кишини ташкил этарди). Ҳозир Украинада хизмат қилаётган кўплаб янги аскарлар НАТО билан тўқнашувга тайёрланаётган Россия армиясининг асоси бўлиши керак, дейди Ғарб ҳарбийлари ва разведкачилари. Нашрнинг таъкидлашича, янги ҳарбийларнинг аксарияти Финландия, Латвия ва Эстония билан чегарадош Ленинград ҳарбий округига кўчирилади. Ғарб ҳарбийлари ва разведкачилари маълумотларига кўра, кичик бригадалар деярли уч баравар кўпайиб, 10 минг кишилик дивизияга айланади.
Россиядаги ҳарбий экспертлар Финландия чегарасидаги фаолликни Кремлнинг НАТО билан эҳтимолий можарога тайёргарлигининг бир қисми сифатида тавсифламоқда, дея таъкидлайди нашр. «Қўшинлар [Украинадан] қайтганида,
[Финландия билан] чегара ортида ўзлари душман деб ҳисоблаган давлат бўлади. Сўнгги ўн йиллик мантиғи шуни кўрсатадики, биз НАТО билан зиддиятга тайёр турамиз», – деди нашрга ҳукумат тараф бўлган россиялик ҳарбий эксперт, Стратегия ва технологияларни таҳлил қилиш маркази директори Руслан Пухов.
Европа разведкасининг аноним қолишни сўраган ходими WSJ билан суҳбатда айтишича, Россия алянс аъзоси бўлган кичик давлатга, масалан, кўплаб руслар яшовчи Эстонияга ҳужум қилиш орқали НАТОнинг бирдамлигини синаб кўриши мумкин. Карнеги фондининг Россия ва Евросиё дастури бўйича катта илмий ходими Майкл Кофман Россия «тез фурсат» ичида «Болтиқбўйи мамлакатига қарши чекланган амалиёт» ўтказиши мумкин. Унинг фикрича, Болтиқбўйи мамлакатлари расмийлари «[Россия-Украина] уруши тугаганидан кейинги икки-уч йиллик муддатда ҳужум бўлиш имкониятини ҳисобга олмоқда». «Агар гап НАТО билан кенг кўламли уруш ҳақида борадиган бўлса, унда муддат сценарийга қараб етти йилдан ўн йилгача бўлиши мумкин», – дейди Кофман.
Дания разведкаси феврал ойида ҳисобот эълон қилиб, агар Россия НАТО заифлашган ва тарқоқ деб ҳисобласа ёки АҚШ Европага ёрдам бермайди, деган қарорга келса, беш йил ичида Европада кенг кўламли уруш бошлаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди. Ғарб ҳарбий мулозимларининг WSJ нашрига айтишича, Украинада ўт очишни тўхтатиш Россия ҳарбийларига янада тезроқ тайёргарлик кўриш имконини беради.
The Wall Street Journal таъкидлаганидек, бу йил Россия ҳарбий харажатларни ялпи ички маҳсулотнинг 6 фоизидан кўпроғига оширди, уруш бошланишидан олдинги миқдор 3,6 фоиз эди (таққослаш учун: АҚШ 2024 йилда ялпи ички маҳсулотининг 3,4 фоизини, Европа Иттифоқи давлатлари эса ўртача 2,1 фоизини қуролланишга сарфлаган).
Сўнгги йилларда Россия Т-90М жанговар танкларини ишлаб чиқаришни кўпайтирди: агар 2021 йилда Ғарб разведкаси маълумотларига кўра, Россия йилига 40 га яқин машина ишлаб чиқарган бўлса, ҳозирда – деярли 300 та. Финландиянинг юқори мартабали ҳарбий амалдори таъкидлашича, янги танклар Украинадаги фронт чизиғига деярли юборилмайди – улар Россия ҳудудида қолдирилади. 2025 йилда Россия артиллерия қуроллари ва ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни тахминан 20 фоизга ошириши кутилмоқда. Янги қуролларнинг катта қисмини НАТО билан чегара бўйлаб жойлаштириладиган бўлинмалар олади. Нашр ҳозирда Украинага совет давридаги эски ва таъмирланган қуроллар юборилаётганини таъкидлаган.
НАТОнинг Европадаги бирлашган кучлари қўмондони генерал Кристофер Каволи апрел ойида АҚШ Сенатида сўзлаган нутқида Россия қуролли кучлари «аксарият таҳлилчилар тахмин қилганидан тезроқ тикланаётгани ва ўсаётгани»ни айтди. «Аслида, ҳарбий ҳаракатларнинг асосий оғирлигини ўз зиммасига олган Россия армияси бугунги кунда уруш бошидагига қараганда каттароқ», – деди у.
Сўнгги ойларда Россия мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаётган россияликлар сони ошди. АҚШ ҳисоб-китобларига кўра, ҳар ой 30 мингга яқин киши шартнома имзолайди, 2024 йил ёзида эса бу миқдор ойига 25 минг кишини ташкил этган. Шарқий Европа махсус хизматларининг баъзи ходимлари ҳар ойда шартнома имзолаётганлар сони 40 мингга етаётганини айтади.
Европа разведка хизматлари ҳисоб-китобларига кўра, армия ҳарбийлари сони кўпайиши Россия қуролли кучларига Украинада қўшинларни ротация қилиш, шунингдек, ўқитилган ва Россияда қоладиган янги бўлинмаларни яратиш имконини берди.
Мавзуга оид

12:25
АҚШ махсус элчиси НАТОнинг шарққа кенгайиши тўхташини истисно этмади

08:50 / 30.05.2025
Келлог: Россиянинг НАТО кенгайиши ҳақидаги хавотирлари «адолатли»

01:39 / 29.05.2025
НАТО Германиядан яна 40 минг ҳарбий хизматчи сўрамоқчи — Reuters

00:36 / 28.05.2025