Жаҳон | 08:50 / 30.05.2025
8296
2 дақиқада ўқилади

Келлог: Россиянинг НАТО кенгайиши ҳақидаги хавотирлари «адолатли»

Трампнинг махсус вакили Кит Келлог Россиянинг НАТОнинг шарққа кенгайиши ҳақидаги хавотирларини «адолатли» деб атади ва алянсдаги Украина масаласи «муҳокама қилинмаётгани»га аниқлик киритди.

Фото: Press Service Of The President Of Ukraine/AP Photo/picture alliance

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог 29 май, пайшанба куни ABC News телеканалига берган интервюсида Россиянинг НАТОнинг шарқда кенгайиши борасидаги хавотирларини «адолатли», деди. «Бу адолатли хавотир. Биз Украинанинг НАТОга қўшилиши масаласи кўриб чиқилмаётганини бир неча бор айтганмиз», — деди у ва бу позиция қолган камида тўртта аъзо давлат томонидан билдирилганини қўшимча қилди.

Кит Келлогнинг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар ва Украина ҳалигача ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифлар ёзилган Россия меморандумини олмаган, бироқ Киевни урушни тугатиш бўйича музокаралардан чиқмасликка чақирди. Украина мудофаа вазири ва мамлакатнинг музокаралар олиб бораётган делегацияси раҳбари Рустем Умеров билан бўлиб ўтган суҳбатни у: «Келмайман, деманг, жиддий эканингизни кўрсатишингиз керак», дея қайта айтиб берди. Келлог, шунингдек, музокараларнинг асосий мақсади ўт очишни тўхтатиш ва «қотилликларни тўхтатиш» бўлиб қолишини яна бир бор таъкидлади.

Бундан ташқари, Кит Келлогг 2 июн куни Истанбулдаги музокараларда Германия, Франция ва Буюк Британиядан хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар иштирок этишини айтди. Аввалроқ Россия музокараларнинг навбатдаги босқичига яна Владимир Мединскийни юбориши маълум бўлган эди.

Мавзуга оид