АҚШ махсус элчиси НАТОнинг шарққа кенгайиши тўхташини истисно этмади
Кит Келлогнинг таъкидлашича, АҚШ президенти Доналд Трамп россиялик ҳамкасби Путинга агар бундай талаб урушни тугатиш шартига айланса, НАТОни шарқда кенгайтирмасликка ваъда беришга тайёр.

Фото: AP
Қўшма Штатлар Россиянинг НАТОнинг шарқда кенгаймаслиги ҳақидаги хавотирлари асослилигини тан олади ва бу масалани Украина инқирозини тинч йўл билан ҳал қилиш доирасида муҳокама қилишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ президентининг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог ABC News телеканалига берган интервюсида маълум қилди.
«Бу тўғри ташвиш. Биз Украинанинг НАТОга қўшилиши масаласи муҳокама қилинмаётганини бир неча бор таъкидлаганмиз», — деди у.
Махсус вакилнинг сўзларига кўра, Киевнинг Шимолий Атлантика алянсига қўшилиши бўйича худди шундай позицияга НАТОга аъзо бошқа қатор давлатлар ҳам қўшилади.
Келлог Россия ва Украина ўртасидаги можарога барҳам бериш учун Владимир Путин етакчи Ғарб давлатларидан НАТО шарқ томон кенгаймаслиги ҳақида «ёзма кафолат» олмоқчи экани аввалроқ маълум қилинганини эслатди.
Махсус вакил Вашингтон Молдова ва Гуржистонни иттифоққа жалб этишдан бош тортишга ҳам тайёр эканлигини тасдиқлади.
Унинг қайд этишича, АҚШ президенти Доналд Трамп россиялик ҳамкасби Путинга агар бундай талаб урушни тугатиш шартига айланса, НАТОни шарққа кенгайтирмасликка ваъда беришга тайёр.
Унинг қўшимча қилишича, Истанбулда бўлиб ўтадиган Россия-Украина музокараларининг иккинчи босқичида НАТО масаласи, Қрим тақдири, Донецк, Запорижжя, Херсон ва Луҳанск вилоятлари муҳокама қилинади. Унинг айтишича, Украина делегациясига мудофаа вазири Рустем Умеров бошчилик қилади.
Махсус вакил, шунингдек, Трамп Украина бўйича музокаралардан чиқиши ва ташаббусни Европага топширишини истисно этмади. Унинг сўзларига кўра, бу Оқ уй раҳбари ўзидан «фойдаланишаётганини» ҳис қилса ва музокараларда ҳеч қандай ўзгариш кутилмаса содир бўлади.
Мавзуга оид

23:35 / 19.06.2025
Оқ уй: Трамп Эронга ҳужум масаласида икки ҳафтада бир қарорга келади

22:37 / 19.06.2025
Трамп TikTok иловасининг АҚШдаги фаолиятини 90 кунга узайтирди

22:26 / 19.06.2025
Исроил ҳужумлари фонида Эрон ва АҚШ музокаралари ўтказилди – ОАВ

12:23 / 19.06.2025