Иқтисодиёт | 11:21 / 23.04.2025
22500
4 дақиқада ўқилади

UzAuto Motors хусусийлаштирилади. 3,4 миллиард долларга қурилган GTL заводи ҳам

Президент фармони билан, UzAuto Motors, UzAuto Motors Powertrain, Uzbekistan GTL, Mobiuz, Технопарк, “Ўзметкомбинат”, “Навоийазот”, бир нечта ИЭСлар – жами 29 та йирик давлат корхонаси хусусийлаштириладиган бўлди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 29 та йирик давлат корхонаси хусусийлаштирилади. Бу 21 апрел куни имзоланган президент фармонида белгиланди.

Асака автомобил заводи ва бошқа қатор активларга эгалик қиладиган “UzAuto Motors” АЖдаги 99,7 фоиз улуш сотилади. Бунинг учун йил охиригача консултант жалб этилиб, оммавий савдо 2026 йил 1-чоракда эълон қилиниши кўзда тутилган. Ундан аввал, 2025 йил 4-чоракда Тошкент шаҳрида жойлашган двигател заводи – UzAuto Motors Powertrain'нинг 100 фоиз улушини савдога чиқариш режа қилинган.

Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Uzbekistan GTL” МЧЖнинг эса 100 фоиз улуши хусусийлаштилади. Консултант жалб этиш муддати – 2025 йил 3-чорак, оммавий савдони эълон қилиш 2026 йил 2-чоракка белгиланган. Марказий Осиёдаги энг йирик нефтгаз-кимё корхонаси бўлмиш завод “Ўзбекнефтгаз” орқали жалб этилган ташқи қарзлар ҳисобидан, 3,42 млрд долларга қурилган ва 2022 йилда ишга туширилган.

Mobiuz алоқа оператори – “Universal Mobile Systems” МЧЖнинг 100 фоиз улушини сотиш бўйича консултант яқин ҳафталарда – 2025 йил 2-чоракда жалб этилиб, кейинги чоракда сотув ҳақида эълон берилиши керак.

2025 йил 3-чоракда, шунингдек, “Ўзбекинвест ЭИСК” АЖнинг 75,24 фоиз акцияси ҳам сотувга қўйилиши кўзда тутилган. “Ўзагросуғурта” АЖнинг 99,35 фоиз акциялари 2026 йил 1-чоракда сотувга қўйилади.

Фармонга кўра, 2025 йил 4-чоракда “Ўзбекгидроэнергоқурилиш”, “Трансгазмахсусқурилиш”, “Махсусэнергогаз” сотувини бошлаш кўзда тутилган. Йилнинг сўнгги чорагида Ўзбекистондаги йирик электр станцияларидан “Сирдарё”, “Тўрақўрғон”, “Ангрен”, “Янги Ангрен”, “Тошкент”, “Навоий” ва “Тахиатош” ИЭСлари ҳамда “Муборак”, “Фарғона” ва “Тошкент” ИЭМлари ҳам сотувга қўйилиши зарур.

2025 йил 4-чоракда, шунингдек, Шеробод цемент заводи ва “Шарғункўмир” сотувга чиқарилади.

“Ўзметкомбинат”, Тошкент трактор заводи, “Технопарк”, “Ўзагролизинг” ва Uzbek Leasing International – оммавий савдосини эълон қилиш 2026 йил 1-чорагига белгиланган корхоналар қаторига киради.

“Йўлқурилиш” ва “Ўзсувқурилиш” АЖлар сотувини 2025 йил 3-чоракда бошлаш белгиланган.

“Навоийазот” АЖнинг 75  фоизини хусусийлаштириш кўзда тутилган, аммо бу корхонани сотиш муддатларини ҳукумат белгилайди.

Санаб ўтилган корхоналарнинг устав капиталидаги давлат улушлари ишончли бошқарувга берилган бўлса, улар баҳоланган қийматда дастлаб ишончли бошқарувчига таклиф этилади.

Бундан ташқари, яна 12 та корхона “Franklin Templeton Asset Management” билан биргаликда 10 фоиздан 25 фоизгача акциясини халқаро ва маҳаллий фонд бозорларига жойлаштиради.

Бунда, қуйидагилар IPO ўтказиши керак: НКМК, ОКМК, Миллий инвестиция жамғармаси, “Навоийуран”, Uzbekistan Airways, Uzbekistan Airports, “Миллий электр тармоқлари”, “Ўзбекгидроэнерго”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ўзтрансгаз”, “Ҳудудгазтаъминот”. “Ўзбектелеком” эса SPO ўтказиши белгиланган.

Қарорга кўра, “катта тўртлик”ка кирувчи баҳоловчи ташкилотлар энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида, улар билан тузиладиган шартномаларни экспертизадан ўтказмасдан жалб этилади.

Мавзуга оид