Камаядиган божсиз лимит, сотиладиган заводлар ва Лавровнинг нолиши — ҳафта дайжести
UzAuto Motors ва бошқа катта компаниялар хусусийлаштирилади. 2-3 кунга хорижга чиқиб келганлар энди ўзи билан божсиз товар олиб киролмайди. Устига устак, ўзбекистонликлар Дубайга визасиз бориш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин. Наманганда икки расмий идора омма қаршисида радарлар бўйича баҳслашди. Футбол бўйича Осиё чемпионлари тантанали кутиб олинди. Қирғизистон билан “Чашма” булоғи масаласида келишувга эришилди. Якунланаётган ҳафта янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

Божсиз товар олиб кириш нормалари пасайтирилмоқда
Қонунчиликда 1 май санасига белгиланган ўзгаришлар рўйхати кенгайди. Кейинги ойдан бошлаб, жисмоний шахсларнинг хориждан нотижорат мақсадларда, шахсий эҳтиёжи учун божсиз товар олиб кириши лимитлари пасайтирилади. Бу норма самолётда келаётганлар учун 2000 доллардан 1000 долларга, поезд йўловчилари учун 1000 доллардан 500 долларга туширилади. Автомобилда ёки пиёда кириб келаётганлар учун 300 долларлик лимит ўзгаришсиз қолади.
Бунинг натижасида, мисол учун, энг арзони 1200 доллардан бошланадиган iPhone 16 Pro Max телефонини божсиз олиб кириб бўлмайди. Лимитдан ошган қисмига 30 фоизлик бож тўлашга тўғри келади. Шу сабабли, чет элда бирор қимматроқ буюм олган бўлсангиз, аэропортда одатдагидан кўпроқ вақт ушланиб қолишга ва божхона тўловларига тайёр туришингиз керак. Хориждаги харид чекларини сақлаб қўйиш ҳам тавсия этилади.
АҚШдаги онлайн дўконлардан чегирмали нархларда турли гаджетлар, кийим-кечак, пойабзал ёки аксессуарлар буюртма қилиб, курьерлик хизматларидан фойдаланишга одатланганлар ҳам янгиликни ўз чўнтагида ҳис қилади. 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар номига келаётган курьерлик жўнатмаларининг божсиз ўтказиб юбориладиган қиймати ҳозиргидек бир чорак учун 1000 доллар эмас, ойига 200 доллар деб белгиланади. Бу лимит Aliexpress, Ozon ёки блокдаги Temu каби маркетплейслардан буюртма қилинган товарларга ҳам тааллуқли.
Яна бир янгилик чет элда бўлиш муддати билан боғлиқ. 20 июлдан кейин бирор сабаб туфайли, масалан хизмат сафари билан 1-2 кунга хорижга чиқсангиз, яқинларингиз учун совға олиб келиш аввалгидан қимматроққа тушади. Чунки, янги тартибга асосан, самолётда келаётган фуқаролар божсиз товар олиб кириш лимитидан фойдаланиш учун камида 3 кун хорижда юрган бўлиши керак. Поездда, автомобилда ёки пиёда кириб келаётганлар учун бу муддат 2 кунни ташкил этади. Ўзбекистондан чиқиб кетганига бундан кам вақт бўлган фуқаролар ўзи билан ҳеч қайси янги товарни божсиз олиб кира олмайди.
Ҳукумат бу ўзгаришларни хориж тажрибаси ва яширин иқтисодиётга қарши курашиш мақсади билан изоҳлади. Божхона қўмитаси шахсий эҳтиёж ниқоби остида, бож тўламай тижорат қилаётганларни “ташмачилар” деб атаб, ойига 100 мартагача чегарани кесиб ўтаётганлар ҳам борлигини маълум қилди. Иқтисодчилар эса муаммонинг оқибати билан эмас, сабаби билан курашишга чақирмоқда. Яъни расмий импорт учун божлар шунчалик баланд, нотариф тўсиқлар шунчалик кўпки, товарларни катта партияда, улгуржи олиб киргандан кўра, доналаб ташиш нисбий афзалликка эга. Бундай доналаб ташиладиган тижорат ҳам “хориж тажрибаси”да бор-йўқлигига эса, расмий баёнотда аниқлик киритилмаган.
Хусусийлаштириш: юзлаб активлар сотувга қўйилади
Ўзбекистонда хусусийлаштириш бўйича янги дастур эълон қилинди. Президент фармони билан, 2025-2026 йилларда йирик компаниялардан 29 таси сотувга қўйилиши белгиланди. Давлат 33 йилдирки ардоқлаб келаётган UzAuto Motors рўйхатда биринчилар қаторида кўрсатилган. Компанияни сотиш ҳақида келаси йил бошида эълон берилиши керак. Автосаноатдаги корхоналардан Тошкентдаги двигател заводи, Жиззах ва Самарқанддаги автомобил заводлари, шунингдек, Тошкент трактор заводи ҳам сотилади. “BYD Uzbekistan Factory” эса хусусийлаштириш дастурига киритилмаган.
Сотиладиган йирик активларнинг салмоқли қисми энергетикага оид. Хусусан, ташқи қарзлар ҳисобидан 3,4 млрд долларга қурилган GTL заводи, бир қатор электр станциялари ва электр марказлари, газ ва гидроэнергетика инфратузилмаси билан шуғулланувчи бир нечта корхоналар хусусийлаштирилади. Рўйхатга “Навоийазот”, “Ўзметкомбинат”, “Технопарк”, “Шарғункўмир” ҳамда бир нечта суғурта ва лизинг компаниялари ҳам киритилган. Бундан ташқари, ОКМК, НКМК, Uzbekistan Airways каби жами 12 та компания аввал режа қилинганидан кўра кўпроқ акцияларини IPO'га чиқариши назарда тутилган.
Бундан ташқари, бошқа бир фармон билан, 2025 йилда 30 триллион сўмлик давлат активлари ва ер участкаларини сотиш белгиланди. Ҳужжатда хусусийлаштириладиган 100 дан ортиқ корхона ва ташкилотлар, шунингдек, 600 дан ортиқ кўчмас мулклар рўйхати тасдиқланган. Рўйхатда таълим ва тиббиётга оид айрим объектлар ҳам борлиги эътиборли. Хусусан, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг ўнлаб бино ва иншоотлари, шунингдек, республика бўйлаб жойлашган 29 та стоматология поликлиникасини сотиш кўзда тутилган. Яна бир қизиқ объект – Тошкент ахборот технологиялари университетига қарашли собиқ бомбапаноҳ. Уни сотиб оладиган харидор объектнинг ўрнида кўп қаватли хизмат кўрсатиш мажмуаси, ертўласида эса замонавий бомбапаноҳ қуриши керак бўлади.
Қучоқ очиб кутиб олинган Лавров: “Русча ёзувни кўрмаяпман”
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Самарқандга ташрифи муҳокамали вазиятларга бой кечди. Ташриф бошидаёқ у аэропортда қучоқ очиб кутиб олган ҳамкасби Бахтиёр Саидов билан қучоқлашиб кўришишни истамай, унинг елкасидан ушлаб қўйгани тармоқларда турли талқинларга сабаб бўлди. Россиянинг бош дипломати кейинроқ Самарқанддаги мотамсаро она ҳайкали пойига гул қўйишга борганида, ёдгорлик атрофида инглизча ёзув борлигидан ҳайрон қолиб, русча ёзувни кўрмаётганини айтди.
Лавровнинг бу сўзлари Россия нашрларида кенг ёйилди. Кўплаб ўзбекистонликлар тармоқларда унинг хатти-ҳаракатини қоралаб, маҳаллий расмийларни “хўп бўлади” дегандек ёдгорликларга қўшимча ёзувлар қўшишдан тийилишга чақирди. Ҳолат видеосидан кўриш мумкинки, Лавровга ҳамроҳлик қилган Саидов унинг гапларига муносабат билдирмаган. Лекин расмийлардан буткул жавоб бўлмади деб бўлмайди. “Москва бош майдонига ўзбекча ҳам ёзилса, кейин ўйлаб кўришимиз мумкин”, деди Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев. “Рус сиёсатчилари Ўзбекистонда рус маданияти ва рус тилига бўлган муносабатни ёмонлаштириш учун ҳамма йўлларни синаб кўрмоқда”, дея ёзди бошқа бир депутат Алишер Қодиров.
Сергей Лавровнинг ташрифи билан боғлиқ расмий хабарларда эса айтарли янгилик бўлмади. У Шавкат Мирзиёевнинг қабулида бўлди, икки давлат ташқи ишлар вазирлари ўртасида музокара ўтказилди. Ташриф якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказган меҳмон, яқинда Самарқандда Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммити бўлиб ўтганига муносабат билдириб, иттифоқни Марказий Осиёда Россияга қарши кун тартибини илгари суришда айблади. Унинг иддао қилишича, Европа Марказий Осиё давлатларининг ички ишларига аралашяпти, Москва эса бунга жим қараб тура олмайди.
Қўшимча қилиш лозим, агар Рим папаси Франциск оламдан ўтмаганида, Лавровнинг бу ташрифидан икки кун ўтиб Самарқандга Италия бош вазири Жоржиа Мелони келиши керак эди. У папанинг дафн маросимида қатнашиши сабаб, ташрифини бир ҳафтага кечиктирди. Россия ташқи ишлар вазирининг келиши Европа Иттифоқи билан саммит ва Италия бош вазирининг ташрифи оралиғида рўй берганига қараганда, айнан Ғарб билан алоқалар масаласи Лавровнинг кун тартибидаги асосий мавзу бўлган.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда давлат тилига оид ҳужжатлардан бирининг қонуний кучга киритилиши Россия делегациясининг ташрифидан бир кун олдинга тўғри келганини қайд этиш лозим. Унга кўра, эндиликда Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари қайси тилда ўқиганидан қатъи назар, давлат тилини билиши керак. Мактабгача ва мактаб таълими вазири 9 апрелда имзолаган, 22 апрелда адлия рўйхатидан ўтиб, қонуний кучга кирган буйруққа асосан, таълим тили ўзбек тили бўлмаган синф битирувчиларини якуний аттестациядан ўтказишда давлат тили мажбурий имтиҳон фанлари қаторига қўшилди.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Футбол бўйича Осиё чемпиони бўлган Ўзбекистон ўсмирлари байрамона кутиб олинди. Президент фармони билан, чемпионларга унвон ва медаллар берилди, моддий мукофот сифатида футболчиларга Cobalt, бош мураббий Исломбек Исмоиловга эса Equinox совға қилинди. Душанба куни аэропортдан бошланган тантанали тадбирлар ҳафта давомида йигитлар ўқийдиган мактабларда ҳам давом этди. Таъкидлаш керак, Ўзбекистон миллий жамоалари шу пайтгача бирор турнирда бу даража яққол фаворит сифатида ажралиб турмаганди. Дарвозабон Неъматуллоҳ Рустамжоновнинг қош қоқиши кўплаб ватандошларнинг Telegram'даги гиф коллекциясидан ўрин олиб улгурди. Жума куни жамоа аъзолари билан учрашган ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ўсмирларни акаларининг хатоларини такрорламасликка чақирди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон “Чашма” булоғи бўйича келишувга эришди. Ҳукуматлараро делегациялар учрашувидан кейин, булоқ Қирғизистоннинг ҳудуди бўлиб қолиши, Ўзбекистон томони эса ундаги сувнинг учдан икки қисмидан фойдаланиши эълон қилинди. Келишувга кўра, булоқдан Ўзбекистон фуқароларининг эркин ва тўсиқсиз фойдаланиши таъминланади. Томонлар тегишли келишувни тез орада имзолашга келишиб олди. Эслатиб ўтамиз, Фарғона водийсининг бу нуқтасида 2020 йил 31 майда Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ўртасида низо чиққан, ўзаро тошбўрон оқибатида сўхликлардан 187 киши, қадамжойликлардан 25 киши жароҳатлангани хабар қилинганди.
БАА Ўзбекистон фуқаролари учун ўтган йили киритилган визасиз режимни бекор қилиши мумкин. Бу ҳақда хабар берган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, бу масала охирги вақтларда ўзбеклар иштирокида бўлаётган қонунбузарликлар кўпайгани сабабли кун тартибига чиққан. Хусусан, 20 апрел куни Дубайда рўй берган пичоқбозлик ҳолати бўйича 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Аввалроқ исроиллик роҳибнинг ўлимида айбланган уч ўзбек ўлимга ҳукм қилинганди. Ўзбекистон томони жазони енгиллатишга уринаётганини билдирган, халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса ҳукуматни фаолроқ бўлишга чақирмоқда.
Самарқанд шаҳридаги мудҳиш йўл-транспорт ҳодисасида қоидабузар ҳайдовчи 8 кишини уриб кетди. Бу вақтда улар пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган бўлган. Ҳолат видеосидан кўринишича, жабрланувчилар орасида болалар ҳам бор. Воқеадан икки ҳафта ўтиб, айнан видео тарқалганидан кейингина расмийлар ҳолат ҳақида икки энлик, чала расмий ахборотни эълон қилди. Kun.uz'нинг аниқлашича, жиноятчи ўз қилмиши билан бир аёлнинг ўлимига, унинг 3 фарзанди етим қолишига сабаб бўлган. 28 ёшли ҳайдовчи қамоққа олинган.
Наманган шаҳар ҳокими ва вилоят ЙҲХБ ўртасидаги баҳс ҳокимнинг “ғалабаси” билан якунланди. Гап шундаки, ҳоким Анвар Отахўжаев вилоят ЙҲХБ бошлиғига хат ёзиб, нотўғри ўрнатилган радарларни олиб ташлашни сўраган эди. ЙҲХБ эса бунга жавобан баёнот билан чиқиб, ҳокимнинг хизмат машинасида содир этилган ўнлаб қоидабузарликлар учун вақтида тўланмаган жарималарни тўлаб қўйишни талаб қилди. Ўз навбатида, шаҳар ҳокимлиги бу жарималар ноқонуний радарлардан келганини таъкидлади. Бу жарималар билан кейин нима бўлгани ҳозирча аниқ эмас, шуниси маълумки, хатда кўрсатилган радарларни олиб ташлаш ишлари бошланган. Маълумот учун, қонунчиликка асосан, бетон симёғочга, ёриткичга ёки биноларга ўрнатилган радарлар белгиланган талабларга номувофиқ ҳисобланади.
Мавзуга оид

22:51 / 03.05.2025
Энергетикада янги нархлар, хусусий ОТМга талаблар ва урушга ёлланган ўзбеклар — ҳафта дайжести

14:58 / 03.05.2025
Ўзбекистон Россиядаги фуқароларининг ҳуқуқлари бузилаётгани бўйича хавотир билдирди

20:22 / 02.05.2025
ТИВ: Ўзбекистон фуқароларининг Украинадаги урушда қатнашаётганига оид маълумотлар текширилмоқда

21:28 / 30.04.2025