Ўзбекистон | 21:58 / 21.04.2025
3529
4 дақиқада ўқилади

Италия бош вазири Марказий Осиё лидерлари билан кўришади

Италия бош вазири Жоржия Мелони шу ҳафта, 25-26 апрел кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади, 26-27 апрел кунлари эса у Қозоғистонга боради. Остона шаҳрида Марказий Осиё–Италия саммити ҳам ўтказилиши кутилмоқда. Мелони 27 апрел куни Марказий Осиё лидерлари билан Остонада кўришиб, мулоқот қилади. Италия ҳукуматининг хабар беришича, Жоржия Мелони 25 апрел куни Рим шаҳрида Озодликнинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда қатнашганидан сўнг Ўзбекистонга учиб кетади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ҳукумат эълон қилган графикка кўра, бош вазир 25-26 апрел кунлари Ўзбекистонда бўлади.

Қозоғистон президенти офисининг маълум қилишича, Жоржия Мелони президент Тўқаев таклифига биноан расмий ташриф билан бу давлатга келади. Олий даражадаги музокаралар чоғида стратегик шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади, деб ёзади Оқ ўрда.

Шуни таъкидлаш жоизки, ташрифнинг асосий тадбири – Марказий Осиё–Италия саммити шу ойнинг бошида Самарқандда ўтган Европа Иттифоқи–Марказий Осиё саммитидан 23 кун ўтиб, ўтказилмоқда. Ўтган йили май ойида ташқи ишлар вазирлари даражасида Италия–Марказий Осиё саммити Римда ўтказилган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг июн ойида Италияга сафари доирасида президент Сержио Маттарелла, бош вазир Жоржия Мелони билан учрашиб, музокара ўтказганди. Ўша ташриф доирасида Ўзбекистон ва Италия расман стратегик шерикларга айланган. Бу тўғрисидаги декларацияни Мирзиёев ва Мелони имзолаганди.

Ўзбекистон президенти Италия расмий Тошкентнинг Европадаги муҳим ва ишончли шериги экани, сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, энергетика, маданий-гуманитар соҳаларида ҳамкорлик фаоллашиб боришини гапирганди.

Бош вазир Жоржия Мелони эса Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда шериклик, яхши қўшничилик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ролини ижобий баҳолаган. У Мирзиёевнинг сафари чоғида “Италия—Марказий Осиё” ҳамкорлик форматини янада ривожлантиришга чақирган.

2023 йилнинг ноябр ойида эса Италия президенти жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Тошкент билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг Европа ва Узоқ Шарқ, Россия ва Хитой ўртасидаги мавқейи сабаб Рим учун алоҳида аҳамиятлидир, дея ёзганди Италиянинг Агензиа Нова агентлиги Сержио Маттарелланинг сафари ҳақидаги мақоласида. Рим Ўзбекистонга Ғарб билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун ёрдам беради, дея қўшимча қилинганди ушбу хабарда.

Буюк Британия Европа Иттифоқини тарк этганидан сўнг Италия ҳозирги Евроиттифоқнинг уч йирик иқтисодиётга эга давлатларидан бири. Сиёсий нуқтайи назардан ҳам Франция, Германия ва Италиянинг позициялари умумиттифоқ кайфияти ва қадамларига жиддий таъсир қилади. Бугунги Италия қарийб 2.5 триллион доллар ЯИМ билан Европадаги иккинчи йирик ишлаб чиқарувчи ривожланган иқтисодиётга эга давлат. Италия дунёнинг гигант 20 талик ва 7 талик давлатлари йиғилган – G20 ва G7 аъзоси саналади. Италия бугунги Евроиттифоқ тузилишида муҳим рол ўйнаган асосий 3 давлатдан бири, халқаро ташкилотларда ҳам расмий Рим стратегик мавқега эга.

Охирги 3 йилда Марказий Осиёда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон президентлари Италияга ташриф билан бориб, алоқаларни муҳокамадан ўтказди. Айниқса, энергетика соҳасида Рим Марказий Осиё билан ҳамкорлик истамоқда. Хусусан, италян компаниялари Қозоғистонда шамол ва қуёш станцияларини қуришни режалаган. Яна бир италян компанияси эса Тожикистоннинг Роғун ГЭСи қурилишида фаоллик кўрсатмоқда. 2024 йил май ойида Римдаги ташқи ишлари вазирлари саммитида “Ўрта коридор”, яъни Транс-Каспий халқаро транспорт йўналиши бўйича фикр алмашилган ва Италия молиявий қўллаб-қувватловга тайёрлигини билдирган. Жаҳон банки прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб Ўрта йўлак орқали олиб ўтиладиган юклар ҳажми уч баробар ортади.

Мавзуга оид