Тошкентда Марказий Осиё ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши биринчи форуми ўтказилади
Форум Марказий Осиё мамлакатлари (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ва КАДҲК (Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Қувайт, Уммон, Баҳрайн) дан 70 дан ортиқ нуфузли мутахассисларни бир жойга тўплайди.

Фото: "Дунё" АА
28-29 апрель кунлари Тошкент шаҳрида «Стратегик шерикликни мустаҳкамлаш: тарихий алоқалардан кенг қамровли ҳамкорлик сари» мавзусида Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши таҳлил марказлари биринчи форуми бўлиб ўтади.
Тадбир Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Саудия Арабистонининг Gulf Research Center тадқиқот маркази томонидан ташкил этилмоқда.
Форум Марказий Осиё мамлакатлари (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ва КАДҲК (Саудия Арабистони, БАА, Қатар, Қувайт, Уммон, Баҳрайн) дан 70 дан ортиқ нуфузли мутахассисларни бир жойга тўплайди ҳамда икки улкан макроминтақанинг келажакдаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, тадбирга КАДҲК Котибияти, дипломатик корпус ва ишбилармон доира вакиллари ҳам таклиф этилган.
Форум иштирокчилари Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ўртасидаги жорий ва истиқболдаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларини муҳокама қиладилар. Минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича сиёсий мулоқотни ва ўзаро келишилган ёндашувларни мустаҳкамлаш, савдо ва инвестиция алоқаларини чуқурлаштириш, «яшил» энергетика ва транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари экспертлар диққат марказида бўлади.
Минтақалараро ҳамкорликка сифат жиҳатидан янги суръат бахш этадиган ҳамда мамлакатлар ўртасидаги биргаликдаги ривожланиш салоҳиятини тўлиқ намойиш этувчи амалий ташаббусларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилади.
Қўшма баёнот қабул қилиниши ҳамда Марказий Осиё ва КАДҲК таҳлил марказлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиши Форумдан кутилаётган асосий натижалардан ҳисобланади. Мазкур ҳужжатлар икки минтақа эксперт ҳамжамиятлари ўртасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун мустаҳкам пойдевор яратиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, ишлаб чиқилган тавсиялар Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари етакчиларининг иккинчи саммити кун тартибига киритилади.
Бўлажак форум Марказий Осиё ва Кўрфаз мамлакатлари ўртасидаги узоқ муддатли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, умумий тарихий меросни қайта тиклаш ва кўп қиррали мулоқотни мустаҳкамлаш учун янги йўналишларни белгилаб беради.
Мавзуга оид

22:40 / 31.05.2025
“Ғарбий Сибирни ўзбеклар бошқарган” – таҳлилчилар Россияда кўтарилган шов-шув ҳақида

18:24 / 31.05.2025
«Кимгадир ёқадими-ёқмайдими, Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда давом этамиз» — Абдулазиз Комилов

13:47 / 31.05.2025
«Ҳарбий тўқнашув ҳам турган гап эди» — Абдулазиз Комилов Марказий Осиёда 2016 йилгача бўлган муҳит ҳақида

11:51 / 29.05.2025