Жаҳон | 00:32 / 12.04.2025
4488
4 дақиқада ўқилади

Россияда туғилиш даражаси сўнгги 200 йилдаги энг паст кўрсаткичга тушиб кетди

Феврал ойида Россияда 90,5 минг бола дунёга келган — бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,4 минг нафарга кам. Шунингдек, мамлакатда январ–феврал ойларида 331,1 минг киши вафот этган.

Фото: RTVI

Анъанавий қадриятлар, абортларга чекловлар ва саккиз нафар фарзанд туғиш борасидаги тарғибот чоралари Россияни демографик инқироздан олиб чиқа олмаяпти. 2025 йилнинг январ–феврал ойларида мамлакатда туғилиш даражаси йиллик ҳисобда яна 3 фоизга камайди — 195,4 минг чақалоқ туғилди, дея хабар бермоқда «Росстат».

Феврал ойининг якунларига кўра, туғилиш даражасидаги пасайиш 7,6 фоизни ташкил этган: бир ойда 90,5 минг бола дунёга келган — бу ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 7,4 минг нафарга кам. Баъзи минтақаларда эса бу кўрсаткич икки хонали сонлар суръат тезлигида қулаган: Архангелск областида – 18,7 фоиз, Карелия Республикасида – 19,4 фоиз, Орлов областида — 18,6 фоиз, Кострома областида – 21,6 фоиз, Смоленск областида – 26,6 фоизга камайган.

Демограф олим Алексей Ракшанинг таъкидлашича, 2025 йилнинг биринчи чораги афтидан «XVIII—XIX асрлар чегарасидан бери энг паст туғилиш кўрсаткичини қайд этган». Унинг сўзларига кўра, феврал ойидаги туғилишлар сони сўнгги 200 йилдан ошиқ давр ичида энг паст даражага тушиб кетган ва бу антирекорд март ойида ҳам такрорланган.

Ракшанинг маълумотларига кўра, ўтган ойда 95–96 минг бола туғилгани, чорак якуни бўйича эса умумий ҳисобда 293–294 минг туғилиш қайд этилган. «Россстат» ҳали март ойи бўйича расмий маълумотларни эълон қилмаган.

Расмий статистикада келтирилишича, ўлим ҳолатлари ҳам камайган — 5,2 фоизга, яъни январ–феврал ойларида 331,1 минг киши вафот этган. Бироқ бу пасайиш туғилишдаги қулашни қоплай олмайди ва натижада икки ойда Россия аҳолиси табиий камайиш ҳисобига яна 118,8 минг кишига қисқарган.

Умумий ҳисобда Россияда январ–феврал ойларида вафот этганлар сони туғилганларга нисбатан 1,6 баробар кўп бўлган. Аммо минтақалар кесимида бу тафовут анча катта: масалан, Калуга ва Иваново областларида ўлим даражаси туғилишдан икки баробарга, Владимир ва Белгород областларида эса уч баробарга кўп.

Ўтган йили Россияда 1,222 миллион бола туғилган — бу 1999 йилдан бери энг паст кўрсаткич. 2014 йилга нисбатан туғилиш даражаси 30 фоизга қисқарган, 2016–2024 йиллар оралиғида эса Россия аҳолиси табиий камайиш ҳисобига 3 миллиондан ортиқ киши йўқотган.

«Росстат»нинг 2020 йилги аҳоли рўйхати асосида тузилган расмий прогнозига кўра, туғилиш даражаси 2027 йилга бориб яна пасаяди — 1,14 миллион бола дунёга келади. Аҳолининг секин ўсиши эса фақат 2020 йилларнинг охирида бошланади, аммо 2045 йилда ҳам болалар сони Қрим аннексиясидан олдинги даражага қараганда чорак қисмга кам бўлади — яъни 1,426 миллион атрофида.

Натижада, ҳатто йиллик ўлим даражаси 1,8 миллион атрофида барқарор қолган тақдирда ҳам, Россия аҳолиси йилига ўртача 500 минг кишилик суръат билан камайишда давом этади ва XXI асрнинг ўрталарига бориб сўнгги 70 йилдаги энг паст аҳоли сони билан юзлашади. «Россстат»нинг базавий прогнозига кўра, 2046 йилга бориб РФ доимий аҳолиси сони 138,8 миллион кишигача тушади, пессимистик сценарийга бўйича эса бу кўрсаткич 130 миллионга — яъни 1897 йилги Россия империяси даражасига тушади.

Мавзуга оид