Жаҳон | 13:43 / 10.04.2025
4241
9 дақиқада ўқилади

Ғазода истеҳкомлар қураётган Исроил, Украинада янги ҳудудларга ҳужум бошлаган Россия ва Хитойга 125 фоизли бож жорий этган Трамп — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Исроил Ғазода ҳарбий истеҳкомлар қурмоқда

Исроил армияси 18 мартда бошланган янги ҳужум орқали Ғазо сектори ҳудудининг учдан икки қисмини эгаллади. БМТ маълумотига кўра, бу ҳудудлардан фуқаролар мажбуран кўчирилган. Ҳозирда Исроил қўшинлари Шужоия ва Моран яқинида ҳарбий нуқталар, кузатув миноралари ва бетон тўсиқлар қурмоқда.

Рафаҳ шаҳридан сўнгги икки ҳафтада 140 мингдан 400 минггача одам чиқиб кетган. Исроил авиацияси «хавфсиз ҳудудлар» ва журналистлар учун ўрнатилган лагерларга ҳам зарба берган. Натижада икки журналист ҳалок бўлди, тўққиз нафари яраланган.

Исроил бу ҳудудларда «ҳимоявий буфер зона» яратилаётганини айтади, аммо аниқ режаларини ошкор қилмаяпти. Фаластинликлар Ғазо сектори тўлиқ ишғол қилиниши ва унинг демографик таркиби ўзгартирилишидан хавотирда. АҚШ бу жараёнда Ғазони ташқи бошқарувга ўтказиш ғояларини қўллаб-қувватлаётгани маълум қилинган.

Франция Фаластин мустақиллигини тан оладими?

Франция президенти Эммануэль Макрон мамлакат июн ойида Фаластин давлатини расман тан олиши мумкинлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Саудия Арабистони билан биргаликда ўтказилиши режалаштирилган халқаро анжуманда икки давлат ечими масаласи муҳокама қилинади.

«Биз Фаластинни тан олиш томон ҳаракатланишимиз керак ва яқин ойларда бунга эришамиз. Мақсадимиз — ушбу конференцияда раислик қилиш ва бир қатор давлатлар билан ўзаро тан олиш жараёнини якунлаш», – деди Макрон Мисрга икки кунлик ташрифидан сўнг France 5 телеканалига берган интервюсида.

Маълумот учун, ўтган йили Фаластинни Арманистон, Испания, Ирландия, Норвегия ва Словения каби давлатлар тан олган эди.

Россия Суми ва Харкивга ҳужум бошлади

Россия армияси Украина шимолидаги Суми ва Харкив областларида янги кенг кўламли ҳужумга ўтди. Украина қуролли кучлари Бош қўмондони Олександр Сирскийга кўра, сўнгги ҳафта ичида бу фронтлардаги ҳужумлар сони деярли икки баробарга кўпайган.

Сирскийнинг баёнотига кўра, Россиянинг асосий мақсади — Украина ҳарбийларини Курск области чегарасидаги позициялардан чиқариб, буфер ҳудуд яратиш ва Донецк ҳамда Луҳанск областларини тўлиқ назоратга олишдир. Шунингдек, Россия Херсон ва Запорижжя областларининг айрим қисмларини ҳам босиб олишни режалаштирмоқда.

Бош қўмондон ҳужумлар шиддати тинмасдан ошганини қайд этди. Унга кўра, Россия ҳар ойда 8–9 минг янги ҳарбийни контракт асосида сафарбар этмоқда. Сирский Украина президенти Володимир Зеленскийнинг бу ҳужум ҳақидаги огоҳлантиришларини тўлиқ тасдиқлади.

Россия хитойликларни TikTok орқали ёллаяпти

Украина президенти Володимир Зеленскийга кўра, камида 155 нафар Хитой фуқароси Россия армияси сафида жанг қилмоқда. Уларнинг шахсий маълумотлари Украина расмийларида мавжуд. Зеленскийнинг таъкидлашича, уларнинг сони аслида анча кўп бўлиши мумкин.

Президентга кўра, россияликлар хитойликларни ижтимоий тармоқлар, айниқса TikTok орқали ёлламоқда. «Бу реклама йўли билан очиқ ёллаш ҳисобланади. Расмий Пекин бундан бехабар», — деди у.

Зеленскийга кўра, ёлланганлар Москвага келгач, тиббий кўрикдан ўтиб, махсус ўқув марказларига жўнатилади. Уларга «Мир» тўлов тизими орқали пул ўтказилади.

Хитой ТИВ эса ўз фуқароларини ҳарбий ҳаракатлардан узоқроқ туришга чақирганини ва Украина билан ушбу маълумотни текшираётганини маълум қилди.

Трамп Хитойга божларни 125 фоизгача оширди

АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой маҳсулотларига божларни 125 фоизгача кўтарди. Унга кўра, бу Пекиннинг жаҳон бозорига нисбатан беҳурмат муносабатига жавобдир ва бу божлар дарҳол кучга киради.

Трамп шунингдек, музокараларга тайёрлигини маълум қилиб, 75 давлат учун 90 кунлик танаффус ва 10 фоизли ўзаро бож таклиф қилди. У ўзининг бу қарорини «бошқа давлатлар ҳисобига Америка таланишига барҳам бериш», деб баҳолади.

Бу баёнот Хитойнинг АҚШ маҳсулотларига 84 фоизли жавоб божи жорий этишини маълум қилганидан кейин эълон қилинди. Трамп маъмурияти эса икки кун аввал Хитой импорти учун 104 фоизли рекорд божлар жорий қилганди.

Пекин бу чораларни «ҳақоратли» деб атаб, Жаҳон савдо ташкилотига шикоят йўллади.

Вашингтондаги Республикачилар миллий қўмитаси тадбирида чиқиш қилган АҚШ президенти жаҳон давлатлари уни «кўндириш учун барча нарсага тайёр» эканини таъкидлади.

Жорий этилган юқори божлар туфайли турли мамлакатлар «келишув учун ўлиб турибди» ва «исталган нарсага рози». «Бу мамлакатлар бож миқдорини тушириш учун қўнғироқ қилишяпти, ялиниб кетимни ўпишяпти», — деган у.

Маълум қилинишича, тахминан 70 давлат Оқ уйга янги тарифлар бўйича мурожаат қилган. Республикачилар етакчиси Том Эммернинг айтишича, кўплаб мамлакатлар музокараларни бошлаган.

Трамп эса Хитойдан ҳам қўнғироқ кутмоқда. Бироқ Хитой Трампга ялинмаяпти ва қайтага АҚШ маҳсулотларига ҳам 84 фоизли божлар жорий қилди.

Трамп дори-дармонларга ҳам бож қўяди

АҚШ президенти Доналд Трамп фармацевтика маҳсулотларига ҳам оғир божлар жорий этилишини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, дори компаниялари Хитойни тарк этиб, ишлаб чиқаришни АҚШга қайтариши шарт.

«Улар маҳсулотни бизга сотяпти, демак, заводларни ҳам бизда қуриши керак», — деди. Унинг айтишича, Хитойдан келаётган дори воситаларига 104 фоизли бож 9 апрелдан кучга киради.

Фарма соҳаси аввалги бож тўлқинидан четда қолганди, аммо энди унга ҳам навбат келди. АҚШ регулятори FDA асосий дори моддалари хорижда ишлаб чиқарилишини тан олди ва бунга мамлакатдаги юқори харажатлар ҳамда бюрократия сабабчи эканини қайд этди.

Тарифлар Австралия билан муносабатни ҳам таранглаштирди. Канберра Вашингтоннинг бу қарорини танқид қилди. АҚШ Сенатида эса бож ваколатларини чеклаш ҳақида қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.

Европа Америка божларига жавоб қайтаради

Европа Иттифоқи 9 апрел куни АҚШ божларига қарши чоралар кўришни маъқуллади. Европа комиссияси таклиф этган савдо аксилчоралари ЕИ аъзолари томонидан тасдиқланди.

Бу қарор АҚШнинг мартда Европа пўлат ва алюминийига бож жорий қилганига жавобдир. Янгидан киритиладиган божлар соя дуккаклари, мотоцикллар ва апелсин шарбати каби республикачи штатлар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларини қамраб олади. Улар 21–22 млрд евролик товарларга тааллуқли бўлади.

Божлар 15 апрелдан амалга кириши кутилмоқда. Европа комиссияси ҳозирча тўлиқ рўйхатни эълон қилмади. ЕИ баёнотида Америка божлари асоссиз ва зарарли деб баҳоланган. Европа музокара орқали ечим излашни афзал кўришини билдирган.

Шунингдек, агар АҚШ адолатли келишувга рози бўлса, ЕИ жавоб чораларини тўхтатишга тайёр эканини маълум қилган.

Москвадаги масжидни миллатчилар ёққани ойдинлашди

Рамазон ҳайити арафасида Москва остонасида яна бир масжид ёқиб юборилган эди. Егорйевск шаҳридаги ибодатхонага кетган ўтда гарчи ҳеч ким жабрланмаган бўлса-да, аммо бугунга келиб, ҳужум учун Россияда тақиқланган ултраўнг миллатчи гуруҳ жавобгарликни ўз бўйнига олди.

Экстремистлар Telegram’даги манифестида бу ҳужумни Рамазон ҳайитига бағишланган «акция» деб атади. Улар Россияда масжидлар бўлмаслиги кераклигини баён қилди. Ёқиб юборилган бинода масжид билан бирга кафе ва автосервис ҳам бор эди.

Сўнгги бир йилда Россиядаги масжидларга ҳужумлар кўпайди. 2024 йилда Бошқирдистонда тўртта масжид ёнди. Декабрда «Нур» маркази ёқиб юборилган. Ушбу гуруҳ март ойида лўлилар уйига, ҳалол маҳсулотлар дўконига ва гўшт комбинатига ҳам ҳужум қилганини эълон қилган.

Telegram’да эса ултраўнг рус миллатчилари томонидан 100 дан ортиқ ҳужум видеолари тарқатилган каналлар очилган.

Мавзуга оид