Ўзбекистон | 14:36 / 25.04.2025
16911
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар БААда жиноят содир этиши кўпайгани сабабли визасиз режим бекор қилиниши мумкин

20 апрел куни Дубайда Ўзбекистоннинг ўнлаб фуқаролари иштирокида пичоқбозлик содир бўлгани ҳақида видеолар тарқалди. БАА томони ушбу иш доирасида 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини билдирди. Ташқи ишлар вазирлиги сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари содир этаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Жорий йил 20 апрел куни БААнинг Дубай шаҳрида Ўзбекистон фуқароларидан ташкил топган икки жиноий гуруҳ ўртасида тўқнашув содир бўлди. Бу ҳақда тарқалган хабарларда можаро пичоқбозлик билан якунлангани, натижада гуруҳлардан бирининг етакчиси воқеа жойида ҳалок бўлгани айтилади.

Хабарларда ушбу жиноий гуруҳ аъзолари 2023 йил декабрида Ўзбекистонда «кўча»га нисбатан бўлиб ўтган тадбирлар фонида мамлакатни тарк этиб, Туркия ва БААда қўним топган.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, БААда Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ ҳолат юзасидан дипломатлар Дубай жиноят қидирув бошқармаси раҳбарияти билан учрашув ўтказган.

«БАА томони мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини маълум қилди. Шунингдек, сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланди», дейилади ТИВ баёнотида.

Шунингдек, ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда иш олиб бораётганини ҳамда юртдошларни номақбул ҳаракатлардан тийилишга чақирган.

«Ўзбекистон фуқароларини хорижда юртдошларимиз шаънига доғ туширувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз».

Ташқи ишлар вазирлиги ўз баёнотида 20 апрел куни содир бўлган ҳодиса тафсилотларига тўхталмаган, шунингдек вафот этган ёки жароҳатланган фуқаролар ҳақида маълумот бермаган.

Ўзбекистонликларнинг БААга киришдаги муаммолари

Kun.uz'га келиб тушган мурожаатларга кўра, Ўзбекистон фуқароларини ҳеч қандай сабабсиз БАА ҳудудига киритмаслик ҳолатлари яна учрамоқда. Хусусан, бугун, 25 апрел куни Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга БАА орқали қайтаётган 9 киши муаммога дуч келган.

25 апрел куни Ўзбекистон фуқароси Абдулвоҳид Абдулҳамидов Wizz Air орқали Мадинадан Дубайга чипта олган. Фуқаронинг 26 апрел куни Абу-Дабидан Тошкентга ҳам чиптаси бўлган. Шунга қарамай, уни Мадина аэропортида самолётга қўйишмаган. Унинг таъкидлашича, Мадина аэропортида Ўзбекистоннинг яна 8 нафар фуқароси ҳам Дубай рейсига қўйилмаган.

Аслида Ўзбекистон фуқароларининг БААга кириши боғлиқ муаммолар 2024 йил ноябр ойида амирлик ҳудудида Исроил ва Молдова фуқароси, раввин Цви Коган ўлдирилиши ортидан бошланганди. БАА суди ушбу жиноятда Ўзбекистоннинг 3 нафар фуқаросини айбдор, деб топиб ўлим жазосига ҳукм қилди

Ушбу ҳолат ортидан Ўзбекистон фуқароларининг БААга кириши, меҳнат фаолияти ва виза олишида кўплаб муаммолар бошланган. Хусусан, ўтган йили 25 ноябр куни Ўзбекистоннинг Дубайда меҳнат қилаётган бир гуруҳ фуқаролари полиция томонидан олиб кетилганди. Кейинроқ уларнинг айримлари қўйиб юборилгани, айримлари депортация қилингани ҳамда яна 5 кишига нисбатан жиноий иш очилгани маълум бўлди. Ўтган йилнинг ўзида БАА аэропортларида эса бир неча рейсларда ўнлаб ўзбекистонлик эркаклар амирликка киритилмай, қайтариб юборилган ҳолат кузатилганди.

Мавзуга оид