Фан-техника | 18:23 / 03.04.2025
10258
2 дақиқада ўқилади

Хитойда кичик ядро батареясини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Танга ўлчамидаги батарея 3 вольт энергия беради ва 50 йил давомида қувватланмасдан ишлаши мумкин.

Фото: Betavolt

Хитойнинг Betavolt компанияси BV100 кичик ядро батареясини серияли ишлаб чиқариш орқали энергия бозорида тўнтариш содир қилди. Танга ўлчамидаги қувват манбаи 3 вольт энергия ишлаб чиқаради ва 50 йил давомида қувватланмасдан ишлаши мумкин.

Анъанавий батареялардан фарқли ўлароқ, BV100 никель-63 деб номланган радиоактив изотопдан фойдаланади, у аста-секин барқарор мисга парчаланиб, энергия чиқаради. Таъкидланишича, жараён одамлар учун хавфсиз, чунки радиация қурилма ичида тўлиқ ҳимояланган.

Батарея 100 микроватт ишлаб чиқаради - кўп эмас, лекин датчик ёки тиббий имплант каби кичик гаджетларни қувватлантириш учун етарли. Унинг сири технологияда: заррачаларнинг парчаланишидан олинган энергия олмосли яримўтказгичлар ёрдамида электр энергиясига айланади. Бу батареяни -60°С дан +120°С гача бўлган экстремал ҳароратларга чидамли қилади, бу эса коинотда ёки мураккаб муҳитда фойдаланиш истиқболларини очади.

Betavolt компаниясининг таъкидлашича, унинг ихтироси батареяларни тез-тез алмаштириш заруратини бартараф этиш орқали саноатни ўзгартириши мумкин. Маҳсулотни ишлаб чиқариш аллақачон бошланган ва биринчи партия бозорга чиқаришга тайёрланмоқда.

Мавзуга оид