Космик чиқиндиларни йўқ қилишга қодир сунъий йўлдошлар яратилмоқда
Улар қаттиқ металлда ишловчи двигателга эга бўлиб, орбитада учиб юрган эски қурилмалар қолдиқларини ёқилғига айлантира олади.

Фото: AP
Британиянинг Magdrive стартапи сунъий йўлдошлар учун қаттиқ металлда ишловчи янги турдаги двигателларни таклиф қилмоқда. Одатдаги тизимлардан фарқли ўлароқ, бундай моторлар сунъий йўлдошлар манёврчанлигини ўн баробарга оширади, деб ёзмоқда CNN.
Коинот борган сари чиқиндига тўлмоқда. Космик давр бошланганидан бери инсоният 20 мингдан ортиқ сунъий йўлдошни орбитага учирган. Уларнинг бир қисми аллақачон атмосферада ёниб кетган ёки океанга қулаган, бироқ 13 мингдан ортиғи ҳали ҳам Ер атрофида ҳаракатланмоқда. Мазкур сунъий йўлдошларнинг тахминан бешдан бири ўз фаолиятини тўхтатиб, космик чиқиндига айланган. Тўқнашувлардан ҳосил бўладиган бўлаклар фаол сунъий йўлдошларга ва ҳатто Халқаро космик станцияга таҳдид солмоқда.
Magdrive’нинг магнит технологияси эса металлни қайноқ плазмага айлантириб, тортиш кучини оширади. Ҳозирда Magdrive мисдан фойдаланмоқда, бироқ келажакда бошқа қотишмаларни ҳам қўллаши мумкин.
Қизиқ жиҳати — ушбу технология келажакда космик чиқиндиларни ёқилғи сифатида ишлатиш имкониятини тақдим этади. Бу турдаги сунъий йўлдошлар орбитанинг ўзида металл тўплаш ва уни энергияга айлантиришга қодир бўлади. Бу нафақат чиқиндилар миқдорини камайтиради, балки космик миссияларни янада мустақил қилади. Ҳозирча технология устида ишлар давом этмоқда, бироқ бу ғоя келажакда космосда ёпиқ иқтисодий тизим яратишга ёрдам бериши мумкин, натижада, чиқиндилар қимматбаҳо ресурсга айланади.
Magdrive билан бир қаторда орбитани тозалаш йўналишида бошқа компаниялар ҳам фаол иш олиб боряпти. Европа космик агентлиги 2026 йилда ClearSpace-1 қурилмасини учиришни режалаштирган. У тўртта роботлаштирилган манипулятор билан жиҳозланган бўлиб, йирик чиқиндиларни йиғиш учун мўлжалланган. Бундан ташқари, япон муҳандислари LignoSat номли дунёдаги биринчи ёғоч сунъий йўлдошни яратган — у атмосферага кирганда бутунлай ёниб кетади ва зарарли чиқинди қолдирмайди.
Двигателларда металлни ёқилғи сифатида ишлатишнинг муаммоларидан бири — сунъий йўлдош сиртининг ифлосланиш эҳтимоли. Металл зарралари қуёш панелларига ўрнашиб, уларнинг самарадорлигини пасайтириши мумкин. Шунингдек, ҳуқуқий характердаги муаммолар ҳам мавжуд. Халқаро келишувларга кўра, ҳатто ишдан чиққан сунъий йўлдош ҳам унинг эгасига тегишли бўлиб қолади, бу эса уларни қайта ишлаш жараёнини мураккаблаштиради.
Мавзуга оид

01:29 / 26.02.2025
Blue Origin капсуласи космосга туристик парвозни муваффақиятли амалга оширди

23:29 / 09.01.2025
SpaceX илк бор Starship’ни бортига сунъий йўлдошлар ортилган ҳолда космосга учиради

17:33 / 03.01.2025
Кениядаги қишлоққа осмондан ярим тонналик металл ҳалқа қулаб тушди

22:10 / 19.11.2024