Тошкент аэропортида янги юк терминали очилди
Йилига 120 минг тонна юк ташиш қувватига эга янги юк комплекси 5,2 гектар майдонда жойлашган.

Uzbekistan Airports’га кўра, янги юк комплекси уч қаватли маъмурий бино, турли товарларни сақлашга мўлжалланган омборхона, шунингдек, енгил ва юк машиналари учун тўхташ жойини ўз ичига олади.
Омборхона 8500 метр квадрат майдонни эгаллайди ва унинг ичида маълум бир ҳарорат режимини сақлашни талаб қиладиган товарлар учун 500 метр квадрат майдондаги совитиш ва музлатиш камералари мавжуд. Хусусан, омборхонада ўсимлик ва тирик ҳайвонлар, қимматбаҳо юклар, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонларни сақлаш учун махсус хоналар қурилган. Барча махсус хоналар ҳарорат ўлчагичлар билан жиҳозланган ва бу керакли ҳарорат режимини ўрнатиш имконини беради.
«Ҳозирда 1994-2000 йилларда қурилган юк терминали умумий майдони 3 гектарга яқин бўлган 20 га яқин эскирган кичик ва ўрта омбор ва маъмурий бинолардан ташкил топган. Юк терминалининг ўтказиш қуввати аслида йилига 30 минг тоннани ташкил этади. Ваҳоланки, 2024 йилда Тошкент аэропорти салкам 80 минг тонна юк ва почта жўнатмаларини қабул қилган. Маъмурияти ва ижарачилар жойлашган бино ва иншоотлар ҳам эскирган. Буларнинг барчаси юк ташиш комплексини кенгайтириш ва модернизация қилиш заруратидан далолат берди. Бугундан бошлаб эски терминалдан янги терминалга босқичма-босқич ўтиш бошланди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, омборхона фаолияти учун жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан замонавий ускуналар, хусусан, юк сақлаш стелажлари, юк кўтариш ва ташиш, қадоқлаш ускуналари ҳамда ҳисоб-китоб, автоматлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш ускуналари харид қилинган. Бу юкларни қайта ишлаш вақтини қисқартиради ва авиаташувчиларга умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқ сифатли хизмат кўрсатишни таъминлайди.
Бундан ташқари, UzCargo ходимлари, тегишли хизматлар (божхона, ветеринария, ўсимликлар карантини ва бошқалар), импорт/экспорт компаниялари вакиллари, авиакомпаниялар ва декларантлар, шунингдек юк қабул қилувчилар учун 3000 метр квадрат майдонга эга уч қаватли янги маъмурий бино қурилган.
UzCargo (Uzbekistan Airports Cargo МЧЖ) — 2022 йил 1 ноябрда Uzbekistan Airports АЖ таркибида ташкил этилган шуъба корхона. Корхона Тошкент аэропорти Почта-юк комплекси негизида ташкил этилган бўлиб, аэропортда юкларни қайта ишлаш ва сақлаш, юкларни ортиш ва тушириш ҳамда транспорт ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича хизматлар кўрсатади.
Мавзуга оид

16:16 / 15.03.2025
Андижон халқаро аэропортида аэродром реконструкциясининг 1-босқичи якунланди

12:22 / 08.12.2024
Икки хил муносабат остида қолган авиаспоттерлар: уларга яратилаётган имкониятлар ва муаммолар

16:37 / 01.09.2024
“Реконструкция лойиҳаси узоғи 3 йилда ўзини қоплайди” — Тошкент халқаро аэропорти директори

16:23 / 12.07.2024