Янгиланган йўлак ва перронлар, бузиладиган аэровокзал – Андижон халқаро аэропортидан репортаж
Андижон халқаро аэропортида реконструкциянинг 2-босқичи давом этмоқда. Kun.uz мухбири аэропорт директори Соҳиб Кенжаев билан суҳбатлашиб, лойиҳанинг қиймати, ҳозиргача қилинган ва якунига етишини кутаётган ишлар, таъмирдан кейин нима ўзгариши ҳақида сўради.

Андижон халқаро аэропорти реконструкция сабабли 2023 йил 1 апрелдан вақтинчалик ёпилганди. Таъмирлаш ишларининг биринчи босқичи якунланиб, жорий йил 20 мартдан бошлаб аэропорт фаолиятини қисман тиклади.
Ҳозирча ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари Тошкент–Андижон–Тошкент йўналишида парвозлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирда лойиҳанинг 2-босқичи давом этяпти. “Uzbekistan Airports” АЖ ташкил этган пресс-тур давомида Kun.uz мухбири Андижон халқаро аэропорти директори Соҳиб Кенжаев билан суҳбатлашиб, лойиҳа ва кутилмалар ҳақида сўради.
Реконструкция лойиҳаси ҳақида
Биринчи босқичи доирасида аэродромнинг бир қисмида, узунлиги 3300 метр, эни 60 метрлик янги 4E тоифали учиш-қўниш йўлаги, битта юриш йўлаги ва 3 та самолёт тўхташ жойига эга перрон қурилди.
Бу билан Boeing 787, 747, Airbus А330 каби кенг фюзеляжли самолётлар ва қуйи тоифадаги самолётларни чекловларсиз қабул қилиш имконияти яратилди.
Кенжаевга кўра, реконструкция лойиҳасини “Аэро-йўл лойиҳа” МЧЖ ишлаб чиққан. Пудратчи – “Dorkomplektsnab Plus” МЧЖ. Лойиҳанинг умумий қиймати 850 млрд сўм бўлиб, молиялаштириш манбаси “Uzbekistan Airports” АЖ маблағлари экани қайд этилди.
“Иккинчи босқичда аэровокзал ҳам тўлиқ бузиб ташланиб, ўрнига нолдан янги бино барпо этилади. 22 минг квадрат метр майдонга эга янги аэровокзал барпо этилади. Парвозлар тўхтамаслиги учун ҳозирги аэровокзал ёнидан 4 минг квадрат метрлик бинони олдин қуриб битказиб, фойдаланишга топширамиз ва шундан кейин ҳозирги аэровокзални бузиб давом эттирамиз”, – деди Кенжаев.
Айни кунларда аэродромда иккинчи юриш йўлаги ва 7 та самолёт тўхташ жойига эга перрон қурилиши давом этмоқда, халқаро талабларга мувофиқ радар, метеорология ва ёритиш ускуналарини ўрнатиш бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб бориляпти. Ишлар якунлангач, перрон бир вақтнинг ўзида 10 тагача самолётга хизмат қила олади.
Янги рейслар очилади
Кенжаевнинг маълум қилишича, Андижон халқаро аэропортига янги йўналишлар, хусусан, Қозоғистон, БАА, Хитой ва Россиянинг қатор шаҳарларига рейслар қўйилиши кутилмоқда.
“Учиш-қўниш йўлагида чироқларни ўрнатиш ишлари якунлангач, халқаро рейсларни амалга ошириш имкониятига эга бўламиз. Яъни тегишли сертификатни олиб, халқаро рейсларни амалга оширишни бошлаймиз.
Ҳозирги кунда қизиқиш билдираётган “ИрАэро”, “Red Wings”, “Аэрофлот” авиакомпаниялари билан музокаралар олиб боряпмиз. Тунги рейсларни амалга ошириш имкониятимиз пайдо бщлгач, барчалари билан шартномалар имзоланиб, парвозлар йўлга қўйилади”, – дейди директор.
2 йил қандай ўтди?
Расмийнинг айтишича, 2 йиллик танаффус давомида Андижон халқаро аэропортининг 70 нафар ходими Наманган ва Фарғона аэропортларига юборилган. Кенжаев бу вақт оралиғида ходимлар малакасини ошириб, сертификатларини янгилашганини, уларга маош тўлаб борилганини айтди.
Аэропорт директорига кўра, ҳозирда ҳафтасига 1–1,5 минг нафар Фарғона водийси аҳолиси Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги халқаро аэропорт орқали бошқа мамлакатларга парвоз қилмоқда.
Маълумот учун, Андижон халқаро аэропортининг биринчи учиш-қўниш йўлаги ва аэродром мажмуаси 84 йил аввал, 1941 йилда қурилган. Учиш-қўниш йўлаги охирги марта 1960 йилда реконструкция қилинган.
Ҳозирда Тошкент–Андижон–Тошкент йўналишида Silk Avia компанияси ҳафтасига икки марта қатновни амалга оширмоқда. Соҳибжон Кенжаевнинг айтишича, ҳафтасига 2 та рейс талабга нисбатан анча кам, аэродромда тунги ёритиш чироқлари ўрнатилгач, пойтахтга ҳар куни биттадан рейс қўйилади.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Мавзуга оид

19:03 / 28.05.2025
Андижонда ЙПХ ходимларидан қочган Nexia-2 бошқа автомобиллар билан тўқнашди

22:14 / 27.05.2025
«Насаф» «Андижон»ни мағлуб этиб, Ўзбекистон Суперкубоги эгаси бўлди

23:01 / 26.05.2025
Андижонда дарахт Cobalt устига қулаб тушди

19:26 / 26.05.2025