Жаҳон | 12:12 / 22.03.2024
6992
3 дақиқада ўқилади

«Роскосмос» «Союз»нинг ХКСга учирилиши нима сабабдан бекор қилинганини очиқлади

«Союз»нинг ХКСга учирилиши сўнгги дақиқада автоматик носозлик туфайли бекор қилинди. «Роскосмос» ҳодиса сабабларини айтди. 

Фото: Picture Alliance

Қозоғистондаги Байқўнғир космодромида 21 март, пайшанба куни «Союз МС-25» космик кемаси билан «Союз-21а» ракетасининг учирилиши автоматика ишлаб кетгани сабабли сўнгги дақиқада бекор қилинди. «Союз» уч кишилик экипажи билан Халқаро космик станция (ХКС)га учиши керак эди.

«Роскосмос» раҳбарининг айтишича, учириш кимёвий қувват манбайи кучланиши пасайиши туфайли бекор қилинган. «Ишга туширишдан олдинги тайёргарликнинг якуний босқичида ғайритабиий ҳолат юзага келди ва бутун процедура тўхтатилди. Сабаби аниқланди. Ҳозир биз давлат комиссиясининг йиғилишида кимёвий ток манбайида босим камайиб кетгани ҳодисага сабаб бўлганлигини аниқладик», - деди Борисов.

Парвознинг фавқулодда бекор қилиниши 

«Союз» Москва вақти билан соат 16:21 да учиши керак эди, бироқ трансляция пайтида учириш автоматик равишда бекор бўлгани эълон қилинди. Кема бортида россиялик Олег Новицкий, беларуслик Марина Василевская ва америкалик Трейси Дайсон бўлган. Старт 23 март эрталабга қолдирилди. 

Бу - Россияда бошқариладиган космик кема билан ракета учирилишининг охирги дақиқада бекор қилиниши бўйича биринчи ҳодиса. AFP воқеани «йиллар давомида кам молиялаштириш, коррупция можаролари ва 2023 йил августида «Луна-25» Ой зонди йўқотилиши каби муваффақиятсизликлар билан қийналаётган Россия космик дастурининг навбатдаги муваффақиятсизлиги» деб атади. 

Кема экипажи

Новицкий учун яқинлашиб келаётган парвоз тўртинчи бўлади. Ҳаммаси бўлиб, у орбитада 531 кун 6 соат 58 дақиқа бўлди. Космонавт уч марта очиқ коинотга чиқди ва у ерда 22 ярим соат қолди.

Василевская - «Белавиа» авиакомпаниясида стюардесса ва инструктор. Boeing ва Embraer экипажлари билан учади. Космосга парвоз қилиш учун танлов доирасида у 3 минг нафар бошқа даъвогар қизни ортда қолдирди ва коинотга чиққан биринчи Беларус фуқаросига айланади.

Америкалик Трейси Дайсон - кимё фанлари доктори (PhD), атмосфера кимёси соҳасида илмий иш билан шуғулланган. У 1998 йилда NASA астронавти учун номзодга айланди. Биринчи парвозини 2007 йилда амалга оширган. 

Парвоз дастури

Новицкий ва Василевская орбитада 12 кун бўлиб, кейин америкалик Лорал О'Хара билан бирга «Союз МС-24» космик кемасида Ерга қайтиши керак эди. Трейси Дайсон сентябрда россиялик космонавтлар Олег Кононенко ва Николай Чуб билан «Союз МС-25» космик кемасида қайтиши режалаштирилган.

Жорий парвоз «Роскосмос» ва NASA Америка космик агентлиги ўртасида тузилган ХКСга ўзаро парвозлар тўғрисидаги келишув доирасида Россиянинг «Союз МС» космик кемасидаги учинчиси бўлади. 

Мавзуга оид