Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Гап платформада эмас...” — “Адолат” партиясининг TikTok'ни бутунлай блоклаш таклифи танқидга учради
“Адолат” социал-демократик партияси TikTok сингари мобил иловаларни бутунлай блоклаш таклифи билан чиқди. Қатор блогерлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари бу фикрга қўшилмаслигини билдирган.

Фото: KUN.UZ
Партия матбуот хизмати сўнгги вақтларда содир бўлаётган кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларни ҳисобга олиб шундай қарорга келинганини баён қилган.
“Бугунги ёш авлоднинг “тиктокер”лик васвасасида олаётган турли-туман видеолари орасида ўзгалар ҳаётига дахл қилувчи номақбул кадрларнинг ҳам кўпаяётгани мазкур масалага жиддийроқ ёндашишимиз лозимлигидан далолат беради”, – дейилади партия муносабатида.
“Адолатчи”лар бир неча кун аввал Самарқандда кўчада кетаётган ёши кекса одамнинг юзига тепиб ўтиб кетган тиктокернинг видеоси шулар жумласига киришини айтади.
“Бирон бир сабабсиз, шунчаки ижтимоий тармоқ “юлдузи” бўлиш илинжида қасддан қилинган ушбу тажовузкорлик, кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Ваҳоланки, ҳеч қандай омил ёши улуғ инсонларга нисбатан қўпол муносабатда бўлишга сабаб бўла олмайди. Бундай ҳолатлар миллатимиз, маънавий-маданий қарашларимизга тамомила зид тушунчалардир”.
Бундай иллатларга қарши биргаликда курашга чақирган «Адолат» социал-демократик партияси фаоллари ёшларни миллатга ёт бўлган ҳар қандай ғоя ва қарашлардан ҳимоялаш тарафдори эканлигини ёзган.
“Бундай шарафли йўлда керак бўлса, жиноий жавобгарлик чораларини кучайтиришимиз, фойдасидан кўра зиёни кўп бўлаётган интернет тармоғидаги бундай мобил иловаларни содир бўлаётган кўнгилсиз воқеа-ҳодисаларни ҳисобга олган ҳолда бутунлай блоклашимиз лозим.
“Шусиз ҳам тақиқлар мавжуд-ку” дейишимиз мумкин. Бироқ кўр-кўрона машҳурликка ўч ёшлар онгини заҳарлаб, ижтимоий тармоқда шуҳрат қозонишга “олтин кўприк” вазифасини ўтаётган TikTok билан тиктокерларимиз VPN иловаси орқали уланиш имконияти борлиги бу масалани ҳам ўрганиб чиқиш зарурлигини кўрсатади”, – дейилади партия баёнотида.
Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш учун демократик жараёнларни жадаллаштиришни ўз олдига вазифа қилиб қўйган партиядан янграган бу таклиф жамоатчилик томонидан салбий қаршиланди.
Блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев “ўзи ҳеч вақони тушунмай гапирадиган, кўр-кўрона популизмга ўч, ижтимоий тармоқларда шуҳрат қозонишга интиладиган партияларни ўзини бутунлай ёпишни таклиф қиламан” дея твит ёзди.
Яна бир фойдаланувчи эса гап платформада эмас, балки тарбияда эканини, TikTok бўлмаса яна бошқа ижтимоий тармоқлар борлигини эслатди.
Блогер ва иқтисодчи Отабек Бакиров эса “Адолат” аъзолари TikTok'да фақат ёмон контентларга дуч келишини тасодиф эмас, сунъий интеллект алгоритми билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтган. Шунингдек, блогер болаларни нима кўришини ота-онаси, катталар учун ўзлари ҳал қилиши кераклигини таъкидлади.
“Болалар учун жавобгар ота-оналар бор ва ҳар бир телефон ва гаджетга мутаносиб фильтрлар ўрнатиш, салбий деб ҳисобланилган ахборотдан муҳофазалаш уларнинг вазифаси ва масъулияти. Токи вояга етгунча.
Ё сизлар биз катталар учун хавотирдамисиз? Нимани кўриш ё нимани кўрмасликни, нима ўқиш ёки ўқимасликни ҳал қилишдек оддий танловни ўзбекистонликларнинг ўзига қолдиринг, илтимос. Биз учун танлаб берманг, ўлчаб берманг, қарор қилманг.
Балки сиз ўзингиздан хавотирдадирсиз? Балки сиз ўзингиз тармоқда, айниқса, TikTok'да дуч келаётган контентлардан ўзингизни тия олмаётгандирсиз? Мана бу ростданам муаммо. Афсуски, бу масалада сизларга шахсан мен ёрдам бера олмайман”, – дейди Бакиров.
2021 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Тошкент ёшлар форумида қатнашган Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва адлия вазири Русланбек Давлетов ижтимоий тармоқлар блокланишига шахсий муносабатларини билдирган эди.
Пойтахт ҳокими TikTok'да турли контентлар борлигини, унга тақиқ қўйган одамлар керакмас контентларга кирганини айтганди.
“Агар керакли контентларга кирилса, платформанинг ҳеч қандай зарари йўқ, деб ўйлайман. Менинг фикримча, тағин билмадим”, деганди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.
Чекловлар мақбул даражада ва қонунга қараб бўлиши кераклигини айтган адлия вазири Русланбек Давлетов эса ҳозирги замонда ахборотни чеклаб бўлмаслигини эслатган.
“Ижтимоий тармоқларга келадиган бўлсак, мен ахборот алмашинувида эркинлик тарафдориман. Бугунги замонда ахборотни ҳеч қачон чеклаб, унинг устига ўтириб, жиловлай олмайсиз. Ҳеч қачон қилолмайсиз”, – деганди ҳукумат аъзоси.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2021 йил 2 июлдан Twitter ва TikTok'ка расман чеклов қўйилган.
15 декабрь куни Масс-медиа фонди раиси Комил Алламжонов TikTok раҳбарияти билан музокара ўтказиши ортидан, Ўзбекистонда бу платформа фаолияти қисман тикланди.
“TikTok зарарли бўлса, уни фойдали ресурсга айлантириш лозим. Шу ва бунга ўхшаш компаниялар фаолиятини чеклаш эмас, балки улар билан яқиндан мулоқот, ҳамкорлик ўрнатган ҳолда ишлаш ҳамма учун кўпроқ манфаатли ва тўғрироқ бўлади деб ўйлайман”, деганди ўшанда Комил Алламжонов.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили сентябрда “Миллий тикланиш” партияси ҳам TikTok'ни Ўзбекистонда тўлиқ блоклашни таклиф қилган эди.
Тавсия этамиз
„Участкавой“ президент билан учрашувда капитанга айланди
Ўзбекистон | 15:27 / 11.07.2025
Трамп: НАТО Украина учун АҚШдан қурол сотиб олади
Жаҳон | 11:21 / 11.07.2025
Элдор Шомуродов Туркия клубига ўтди
Спорт | 11:12 / 11.07.2025
Таэквондочи Улуғбек Рашидов икки йилга дисквалификация қилинди
Спорт | 11:00 / 11.07.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ҳар якшанба кунлари Тошкентдан Малдивга тўғридан тўғри рейслар
Ўзбекистон | 09:00 / 11.07.2025
-
Путин Зеленский билан фақат Украина таслим бўлган тақдирдагина учрашишга рози бўлади – Кислица
Жаҳон | 23:38 / 12.07.2025
-
Италия мафиясининг Лотин Америкасидаги етакчиси қўлга олинди
Жаҳон | 23:21 / 12.07.2025
-
Франция таркибида Янги Каледония давлати ташкил қилинади
Жаҳон | 22:41 / 12.07.2025
Мавзуга оид

22:01 / 29.06.2025
Трамп TikTok учун харидорлар топганини маълум қилди

22:37 / 19.06.2025
Трамп TikTok иловасининг АҚШдаги фаолиятини 90 кунга узайтирди

00:42 / 13.05.2025
Швецияда тухумни қизининг пешонасига уриб чаққан аёл жаримага тортилди

19:33 / 02.05.2025