Жаҳон | 12:25 / 08.10.2021
10368
3 дақиқада ўқилади

“Моссад” исроиллик учувчи тақдирига ойдинлик киритиш учун эронлик генерални ўғирлади

Фото: Getty Images

Исроил разведкаси “Моссад” эронлик генерални ўғирлаш бўйича махсус амалиётни ўтказди. The Times of Israel нашрининг хабар беришича, амалиёт 1986 йилда Ливан устида самолёти уриб туширилгандан кейин йўқолиб қолган штурман Рон Араднинг кейинги тақдирига ойдинлик киритишга ёрдам берувчи маълумотни йиғиш мақсадида ўтказилган.

Таъкидланишича, махфий амалиёт сентябрда амалга оширилган. “Моссад” агентлари Сурия ҳудудида эронлик генерални ўғирлаб, уни Африка давлатларидан бири ҳудудига олиб кетишган. У ерда генерал сўроқ қилиниб, кейин қўйиб юборилган. Амалиётнинг бошқа тафсилотлари маълум қилинмаган. 

Дастлаб ОАВда амалиёт муваффақиятсиз якунлангани, “Моссад” раҳбари Давид Барнеа гўёки буни тан олгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Бироқ кейинроқ Барнеанинг разведка ходимларига юборган мактубида амалиёт катта ютуқ сифатида таърифлангани маълум қилинган. Разведкадаги бир нечта манба ҳам “Моссад” ўзига юкланган вазифани тўлиқ адо этгани ва амалиёт Араднинг тақдирини билиш учун разведка томонидан амалга оширилганлари ичида энг муҳими ва муваффақиятлиси бўлганини тасдиқлаган.

Исроил бош вазири Нафтали Беннет мамлакат парламентининг қишки сессияси очилишидаги нутқида мазкур амалиёт мураккаб ва кенг кўламли бўлганини таъкидлаб ўтган. 

Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг 31 ёшли штурмани Рон Арад бошқарган самолёт 1986 йил октябрда Ливаннинг Сайд шаҳри устида уриб туширилган. Учувчи катапулта қилишга улгурган, бироқ Исроилда тахмин қилинишича, Ливаннинг “Амал” шиалар ҳаракати вакиллари қўлига тушган. Шундан кейин Арад Эронга олиб чиқилган, сўнгра яна Ливанга қайтарилган. У ҳақидаги охирги маълумотлар 1988 йил билан боғлиқ. Ўшанда у ўз мактубларида қамоқда эканини ёзган.    

Арад қачон ўлгани ва бу билан боғлиқ тафсилотлар ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Тахминлардан бирига кўра, у 1988 йилда қийноқлар вақтида жон берган, бошқаларига кўра эса қочиш вақтида ўлдирилган. Шунингдек, Арад 1990-йилларда унга тиббий кўмак кўрсатилиши рад этилгандан кейин ҳаётдан кўз юмган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид